1

Мурғак гўдакнинг қотилига айланган шифокор

ЖИНОЯТ 21.03.2018, 12:29
Мурғак гўдакнинг қотилига айланган шифокор

Оқ халатнинг устидан тўқ кўкранг пальто кийган аёл хиёбонда шошилиб кетиб борарди. У музлаб ётган ўриндиқларнинг бири ёнида тўхтаб, кичкина тугунчани яхлаб ётган тахта устига қўйганча, яна югуриб ортига қайтди. Тонгги хиёбонни бир неча дақиқа сукунат қоплади. Бироздан сўнг атрофни чақалоқ йиғиси жунбишга келтирди. Бу овоздан дарахтларнинг муз қоплаган шохлари ҳам титраб кетди...

Ҳаммаси нимадан бошланган эди?

Малика кўчада кўзлари ёшга тўлиб, кетиб борарди. “Энди нима қиламан?” деган ўй унинг ич-этини тирнарди. Қулоқлари остида қайнонасининг “Эрингни ушлаб қололмаган бўлсанг, бу сенинг айбинг! Мен сенинг чўринг эмасман!” деган заҳарли овози ҳамда онасининг мунгли товушда “Боланг билан уйимизга сиғмайсан. Ахир ўзимиз зўрға кун кечираётган бўлсак. Яхшиси эрингнинг уруғ-аймоғи билан гаплашиб кўр...” деган сўзлари янгради.

Бироқ уни ҳеч ким тинглашни истамади. Ахир қачонлардир Қаюм уни уйига етаклаб келиб, фахр билан “Бу бўлажак рафиқам, менга ундан бошқа одам керак эмас! “ деб шарт қўйган эди.

Ўшанда онаси ўғлинингкамбағал оиланинг қизини етаклаб келганидан жаҳли чиқиб, уришган, бу қадди-қомати, чиройи, бойлиги билан Маликадан-да гўзалроқ қизга уйланиши мумкинлигини тушунтиришга ҳаракат қилган, аммо фойдаси бўлмаганди.

- Ойи, Малика камбағал оиланинг қизи эмас, улар шунчаки камтарона ҳаёт кечиришади. Уларнинг оиласида беш фарзанд бор, ёлғиз отасининг ўзи ишлайди. Онаси эса ногирон. Маликанинг ўзи гўзал ва меҳнаткаш қиз, - деб онасини ишонтиришга ҳаракат қилганди Қаюм.

Малика ҳақиқатан ҳам гўзал қиз эди. Унинг кўзлари чарос, узун кокиллари эса товонини ўпарди. Бироқ қандай қилиб, қайнонасини “ўғлининг бошини айлантириб олмаганлигига” ишонтиришни билмади. Қаюм икки оёғини бир этикка тиқиб олгандан кейин тўй бўлди...

Тасодифий хабар

Малика бугун эртароқ уйга йўл олди, унинг оғзи қулоғида, лабида табассум ўйнарди.

- Ҳа, бунча хурсандсан, тинчликми? – деб норози оҳангда сўради айвонда чой ичиб ўтирган қайнонаси.

- Қувончли хабарим бор, - деди Малика қайнонасининг тўнғиллашига эътибор бермай. – Бу хабарнинг қанчалик қувончли эканлигини тасаввур ҳам қилолмайсиз, ойижон...

- Нима, отангдан қолган меросга эга бўлдингми? – деди қайнонаси заҳархандалик билан.

- Ундан ҳам зўр! – деб кулди Малика. – Мен ҳомиладорман, болали бўламан, сиз эса яқинда буви бўласиз!

- Нима? – деб саросимага тушди аёл. – Нима дединг? Қанақа бола?

- Неварангиз ... – деди Малика қайнонасининг қилиғидан ҳайратга тушиб. – Нима, бундан хурсанд эмасмисиз?

- Нимасига хурсанд бўлишим керак? Қаюм эндигина институтни битирган, ҳали ишга жойлашмаган бўлса, - деди аёл жангга шайланган хўроз каби.

Малика лом-мим демай хонаси томон йўл олди, то эри келгунча ҳовлига чиқмади. Маликанинг ҳомиладорлигини эшитган Қаюмнинг қувончдан боши кўкка етди.

- Мен ота бўламан! Фарзандли бўламан! Малика, мени қанчалик хурсанд қилганингни тасаввур ҳам қилолмайсан! – деди Қаюм хурсандчиликдан энтикиб. У рафиқасига ўзгача бир меҳр-муҳаббат билан тикилди.

- Ўғлим, эсингни йиғ! - деб онаси унинг ақлини киритишга ҳаракат қилди. – Хато қиляпсан, жуда катта хато! Кейин кеч бўлади. Ҳали ишга кирмаган бўлсанг, оилангни қандай қилиб боқмоқчисан? Отанг билан сени боқиб, оёққа турғаздик, энди болангни ҳам биз боқишимиз керакми? Бунга кучимиз етмайди.

Онасининг гаплари Қаюмга қаттиқ таъсир қилганлиги учун зудлик билан қарор қабул қилди.

- Бўпти, ойи мен ишлаб пул топиб келаман! Узоғи билан олти ойда яхшигина пул топиб, ўз бизнесимни очаман, - деди Қаюм.

Аввалига эрининг узоқ юртларга кетишидан чўчиган Малика “Олти ой нима деган гап, бирпасда ўтади-кетади. Соғ-саломат қутулиб олсам, ҳаммаси яхши бўлади ”, деб ўзини тинчлантирди.

Айрилиқ

Илк уч ойда Малика фақат ўзининг соғлиги билан овора бўлди. Қаюм тез-тез қўнғироқ қилар, пул юбориб турарди. Бора-бора у қўнғироқ қилмай, сувга тушга тошдай жим бўлиб кетди. Маликанинг электрон почтасига келадиган хатлар ҳам тўхтади. Бунга чидолмаган Малика эрига хат ёзди:

“Илтимос, тезроқ қайтинг, яқинда кўзим ёрийди. Фарзандимизни соғ-саломат қўлга олайлик. Ёлғиз жуда қийналиб кетдим. Болам билан менга катта пул керакмас, бизга сиз, меҳр-муҳаббатингиз керак”.

Ниҳоят бир муддат жим-житликдан сўнг Қаюмдан жавоб хати келди:

“Малика, ўтинаман, мени кечир! Мен бошқа аёлни севиб қолдим. У ҳам ҳомиладор, мендан фарзанд кутяпти. Ажрашишни кейинроқ ҳал қиламиз. Боланг билан сенга мунтазам равишда пул жўнатиб турман. Ёлвораман, мени кечир...”

Бу Малика учун оғир зарба бўлди. Ҳаммасидан ҳам ёмони унинг ёлғиз қолгани бўлди.

– Эрингни тутиб қоломадинг – ўзинг айбдорсан, – заҳрини сочди қайнона. – Мен сенга чўринг эмасман.

Онаси эса қўл силтаб қўяверди:

– Боланг билан сени қаёққа сиғдирамиз, қизим? Ўзинг биласан, қўл учида кун кўрамиз.

Чораси топилди

Ниҳоят, Малика тугуннинг ечимини топди. Туғруқхонада дори-дармон ва хлор ҳиди анқирди. Малика секин гинеколог шифокор кабинет хонаси ёнига келиб тўхтади. Пешлавҳачага: “Нозима Мажидовна Кабирова”, деб ёзилганди. Малика эшикни очишга юраги дов бермай тараддудланиб қолди.

– Ассалому алайкум.

– Хайрли кун, киринг. Нима шикоятингиз бор? – дея сўради сочларини бир текис қилиб тараган дуркун аёл.

– Бир саволим бор эди, ҳомиладорликнинг қайси ойида аборт қилдириш мумкин?

Шифокор аёл жувоннинг қорнига маънодор боқди.

– Сизнинг ҳолатингизда умуман мумкин эмас.

– Шундай қилишим зарур бўлса-чи? Мўмайгина тўлайман.

– Сабаб? – қуруққина сўради шифокор аёл.

– Туғилгани билан на отасига, бобо-бувисига керак бўлмайди. Яхшиси, ҳозир қутулганимиз маъқул, – дея Малика йиғламсиради.

Шифокор аёл диққат билан жувонга тикилди.

– Бошқа йўли йўқми?

– Йўқ.

– Бир амалласа бўлади. Фақат бу сизга қимматга тушади...

Дуркун шифокор каттагина пул миқдорини қоғозга ёзиб кўрсатди. Малика рози бўлгач, ўша заҳоти жувонни гинекология бўлимидаги палаталардан бирига жойлаштирди. Ҳеч қандай ҳужжат расмийлаштирмади, касаллик тарихи ҳам очиб ўтирмади. Беш дақиқадан сўнг Нозима Мажидовна тўртга бўлинган хапдори билан жувоннинг палатасига кирди.

– Ич, – дея бир стакан сув билан дорини узатди.

– Нима бу? – ҳайрон бўлиб сўради Малика.

– Бу муддатдан аввал тўлғоқни чақирадиган дори, – деди бамайлихотир шифокор.

– Бола тирик қоладими?

– Ташвишланма, оддий бола тушишидек бўлади.

“Меҳрибон” шифокор

Малика дорини ичиб, ётди. Қанчалик ваҳима босмасин, маълум оралиқ вақтда дори ичаверди. Ва ниҳоят, чинакам тўлғоқ азоби бошланди. Кейин ўзи қўрққан ҳодиса юз берди, бола тушди. Бироқ аёл унинг тириклигини билмади. Шифокор Кабирова ҳам буни кўрди. Воқеадан туғруқхона ходимлари ҳам хабар топишди.

- Нозима Мажидовна, чақалоқни туғруқ бўлимига ўтказиш керакмиди...- деди қўрқа-писа ёши бир жойга бориб қолган касалхона санитари Насиба опа.

Кабирова аёлнинг гапларини эшитмагандай, унга хотиржам овозда буйруқ берди:

- Сиз бориб ишингизни қилинг, бу муаммони ўзим ҳал қиламан. Тилингизга эрк бериб, бировларга гапириб юрманг. Ёпиқлик қозон ёпиғлигича қолсин. Яхши биласиз, сизнинг ёшингизда иш топиш қийин масала...

Насиба опа шифокорга зимдан назар ташлаганча нари кетди.

Разил қотиллик

Насиба опа шифокор аёлнинг болага нисбатан бундай муносабати нима билан якун топишини яхши тушунарди. Шунинг учун ҳам беморлар ётган палатага кирмасдан яна ортига қайтди. Коридордан шошилиб юрганча, эҳтиёткорлик билан кабинетга назар солди. Хонада Кабирова ҳам, чақалоқ ҳам йўқ эди. Насиба опа аввал болалар хонасига, кейин жонлантириш бўлимига кириб чиқди. Бола ерда ҳам, кўкда ҳам йўқ, изсиз ғойиб бўлган эди.

Насиба-опа хорошо понимала, чем грозит младенцу такое отношение врача.

Эртаси куни тонгда хиёбонни тозалашга келган фаррош ўриндиқлардан бирида совуқдан музлаб қолган чақалоқ жасадини топди.

Даҳшатли воқеадан хабар топган Насиба опа кўзда ёш билан бўлиб ўтган воқеани тезкор гуруҳ бошлиғига сўзлаб берди:

- Бу ишни ким қилганини яхши биламан...

Сўнгги пушаймон — ўзингга душман

Палатага ички ишлар ходимлари кирганда Малика ҳайрон қолди. Бўлиб ўтган воқеани эшитгандан кейин даҳшатга тушди:

- Болам тирикмикан? – деди қўрқувдан талвасага тушган Малика. – Аммо шифокор аёл бундай муддатда туғилган чақалоқлар яшамайди деганди.

- Бунга разиликка қандай журъат қилдингиз? Ахир у сизнинг жигарбандингиз эди-ку? – дея саволга тутди ички ишлар ходими.

- Бошқа иложим йўқ эди, - деб ҳиқиллай бошлади Малика. – Унинг ҳеч кимга кераксиз равишда улғайишини истамадим.

- Унинг меҳрибон онаси бўлиши мумкин эди-ку, - эътироз билдирди ходим. - Фарзанд учун шунинг ўзи етарли эмасми?

- Ёлғиз ўзим уни қандай қилиб оёққа турғизардим? Нима билан боқардим? Бир ўзим нима қила олардим?!

- Агар фарзандингизни дунёга келтирганингизда ҳаммаси йўлга тушиб кетарди.

- Ёлғиз оналарга қандай муносабатда бўлишларига эътибор берганмисиз? Боламни тенгдошлари масхара қилишлари мумкин эди. Унинг кулгига қолишини истамадим.

- Аммо қилган ишингиз муаммонинг ечими эмас, ахир дилбандингизни ўз қўлингизбилан қотиллар қўлига топширдингиз.

Аёл юзини ёстиққа босганча, ҳўнграб йиғлаб юборди:

- Мени кечир, болажаоним! Олдингда гуноҳкорман! Бу тавқи-ланъат бир умр пешанамга тамға бўлиб қолади!

- Кўрсатма бериш учун биз билан кетишингизга тўғри келади, – деди ходим.

Хотима

Суд Нозима Кабировнага умумий тартибли колонияда ўташ шарти билан 10 йил-у, 6 ой озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади

Исм-фамилиялар ўзгартирилган.

Сардор ЎРОЗБОЕВ,

Ўзбекистон Республикаси

Бош прокуратураси бошқарма прокурори

Лола ШОИМОВА

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1