1

Самарқанддаги туғруқхоналарда оналар йўлакларда даволанмоқда

ЖАМИЯТ 31.07.2018, 15:35
Самарқанддаги туғруқхоналарда оналар йўлакларда даволанмоқда

Бу ҳол кўпчилик учун янгилик эмас. Айниқса, кейинги йилларда Самарқанд шаҳрида аёллар бунга ўзлари гувоҳ бўлишган. Шунинг учун улар билан бу ҳақда суҳбатлашганимда ҳайрон қолишгани йўқ. Хўш, нега бу ҳол рўй беряпти?

Ёз ойларида Самарқанд шаҳридаги туғруқхоналарда нафақат уларнинг ҳовлиси, балки ичкарида ҳам одам жуда гавжум экани ҳеч кимни ажаблантирмайди. Вилоят перинатал марказида, шаҳардаги 1-сон туғруқхонада ҳам шу ҳол. Мутасаддилар ҳомиладор аёллар кўплигини таъкидлашади.

Самарқанд шаҳридаги 2-сонли туғруқхонага борганимизда қабул бўлимидаги ҳолат ҳам туғруқ бўлимида жой йўқлиги билан боғлиқ эди. Оқдарёлик аёл кўзи ёриш арафасида. Аввалига перинатал марказга борганлигини айтди, улар бу ерга жўнатишган экан. Бу туғруқхонада ҳам жой йўқлигини эшитгач, турмуш ўртоғи бақир-чақир қила бошлади. Иложи қолмаган шифокорлар "Коридорда ётишга розимисиз?", деб сўрашди. Улар рози бўлишди. Мен эса улардан нега Оқдарёдаги туғруқхонага бормаганини сўрадим.

– Биз Даҳбедда яшаймиз. Оқдарёдан кўра, Самарқанд шаҳри бизга анча қулайроқ, – деб жавоб берди аёлнинг турмуш ўртоғи Сардорбек. – 1-сонли туғруқхонага борайлик, десам у ерда ҳам шундай ҳолат бўлса керак, деб ўйлаяпман.

2-сон туғруқхона бош шифокори ўринбосари Замира Баҳромова ҳамроҳлигида муассаса билан танишар эканмиз, ҳақиқатан ҳам палаталар тўла эканлиги ҳатто йўлакларга ҳам аёллар жойлашганига гувоҳ бўлдик.

– Қабул қилинган меъёрларга кўра, шаҳар туғруқхоналари 2-даражали туғруқхона саналиб, уларга бириктирилган туманлардан оғир аҳволдаги ҳомиладор аёлларни қабул қилишимиз зарур, – дейди З.Баҳромова. – Аммо Самарқанд шаҳрига яқин туманлардан ҳам кўзи ёриш арафасида келиб турган аёлни қабул қилмасликка ҳақимиз йўқ. Шунинг ҳисобига туғруқхонага келувчилар сони бир кунда 20-30 нафарни ташкил этмоқда. Яъни, 150 ўринли бўлимда айни кунларда 200 дан зиёд аёллар фарзандлари билан шифокор назоратидадир.

Ташқарида қизлари, келинлари ҳолидан хабар олгани келган оналар билан суҳбатлашаман. Нега айнан шу туғруқхонани танлагани ҳақидаги саволимга қуйидагича жавоблар бўлди:

– Туманимиздан кўра, шаҳар бизга яқинроқ.

– Барибир шаҳар шифокорлари тажрибалироқ, неварамиз соғлом туғилсин, деб шу ерга олиб келдик.

– Йўлланмани шу шифохонага беришганди, шунинг учун бу ерга келавердик.

Табиийки, туғруқлар сони кўплиги, бу муассасада ҳар бир аёлга ажратилаётган дори-дармонларнинг етишмаслиги, тиббиёт муассасасидаги жиҳозларнинг ҳам муддатидан олдин ишдан чиқиши каби муаммоларни келтириб чиқаради. Ҳақиқатан ҳам туғруқхона ходимларининг айтишича, у ерда жарроҳлик столлари, юмшоқ инвентарлар эскириб кетган, кир ювиш машинасининг учтадан фақат биттаси ишлайди.

Агар рақамлар мисолида таҳлил қиладиган бўлсак, биргина шу йилнинг ўзида мазкур муассасада икки ярим мингдан ортиқ чақалоқ туғилган. Уларнинг 1261 нафари туманлардан келган аёллар ҳисобига тўғри келади. Энг кўп келаётган ҳомиладор аёллар Самарқанд туманидан экан.

Солиштириш учун айтиш мумкинки, ўтган ойда Тойлоқ туман тиббиёт бирлашмасига қарашли туғруқ бўлимига борганимизда, у ерда 45 ўринли бўлимда олти ой давомида 700 га яқин туғруқ қабул қилинганидан хабардор бўлган эдик. Бу рақамлар ҳам кичкина кўрсаткич эмас, аммо туғруқ бўлимидаги палаталарда каравотлар етарли, ҳатто бўш жойлар ҳам анчагина эканига гувоҳ бўлгандик. Бугун барча шаҳар ва туманлардаги туғруқ бўлимлари замонавий шарт-шароитга эга. Аммо туманда яшовчи, иккинчи бора кесар кесиш орқали фарзандли бўлиши кутилаётган аёл ҳам шаҳар туғруқхонасига жўнатилади. Нима, шундай энг оддий амалиётни туман туғруқхонасидаги шифокорлар амалга ошира олмайдими? Ахир шифокорларнинг барчаси бир жойда таълим олади, қолаверса, яратилган шароитлар ҳам деярли бир хил-ку. Туғруқхоналарни табақалаштириш тўғримикан? Ҳар бир туғруқхона энг қийин аҳволдаги онага ҳам етарли даражада ёрдам кўрсата олиши лозим эмасми? Умуман, ушбу тажриба амалда қай даражада ўз натижасини берди? Туғруқхоналарни даражалаш оналар ўлими камайишига олиб келиши кутилган эди. Аммо 2009 йилда вилоятда 13 нафар, 2010 йилда 11 нафар она ўлими қайд этилган. 2018 йил бошидан буён эса 9 нафар. Бу рақамлар ҳам ушбу тизим ўзини оқламаётганини кўрсатяпти. Ҳолат бўйича мутахассисларнинг изоҳини кутиб қоламиз.

Шу ўринда бошқа давлатлардаги статистикага эътибор қаратсак. Мисол учун, Грузияда бир йилда 60 мингга яқин туғруқ содир бўлар экан. Ушбу мамлакатда 100 та туғруқхона мавжуд бўлиб, уларнинг ҳар бирига бир йилда ўртача 600 га яқин туғруқлар тўғри келади.

Эҳтимол, оналаримизнинг йўлакларда ётиб бўлса ҳам фарзандли бўлишга розилигига сабаб туғруқхоналаримизнинг етарли эмаслигидадир? Бунга мутахассислар нима дейди?

Гулруҳ МЎМИНОВА.

zarnews.uzдан олинди

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1