1

​2019 йилги парламент ва маҳаллий кенгашларга сайловлар янги Сайлов кодекси асосида ўтказилади

ЖАМИЯТ 19.02.2019, 19:55
​2019 йилги парламент ва маҳаллий кенгашларга сайловлар янги Сайлов кодекси асосида ўтказилади

Бугунги кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Сайлов кодекси лойиҳасининг қизғин муҳокамаси бўлиб ўтди. Бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида киритилган кодекс лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида белгилаб берилган вазифалар ижроси доирасида тайёрланди. Бугун мазкур лойиҳа Қонунчилик палатаси мажлисида биринчи ўқишда қабул қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати хабар берди.

Мазкур кодекс лойиҳаси тарқоқ ҳолдаги 5 та қонун ҳужжатлари (“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”, “Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”, “Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги қонунлари) ва Марказий сайлов комиссиясининг сайловларни ташкил этиш ва ўтказишга оид ўнлаб қарор ва йўриқномаларини ягона қонун ҳужжатида бирлаштиришни назарда тутади.

Энг илғор халқаро стандартлар ва хорижий тажриба асосида ишлаб чиқилган Сайлов кодекси икки қисм, 18 боб, 100 моддадан иборат бўлиб, илгари сайлов қонунчилигимизда мавжуд бўлмаган мутлақо янги тартиб ва қоидаларни ўз ичига олади.

Хусусан:

- парламентда барча сиёсий кучлар учун тенг шароитлар яратилиши назарда тутилмоқда. Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакилларига парламент қуйи палатасида белгиланган 15 та депутатлик ўрни квотаси бекор қилинмоқда;

- сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатининг амал қилиш тартиби қонун даражасида белгиланмоқда. Мазкур тизим эксперимент тартибида 2017 йил декабрь ойида Тошкент шаҳар маҳаллий Кенгашларига сайлов давомида синовдан ўтказилди ҳамда хорижий ва маҳаллий экспертлар томонидан ижобий баҳоланди. Бундан буён сайловчининг бир вақтнинг ўзида бир нечта рўйхатларга киритилишига чек қўйилади, бу эса, “бир сайловчи – бир овоз” принципига тўлиқ риоя этилишини таъминлайди;

- сайлов ҳуқуқини кенг таъминлаш мақсадида ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этган шахсларга сайлаш ҳуқуқи берилмоқда;

- Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарори билан тасдиқланган Олий Мажлис Сенати аъзоларини сайлаш тартиби тўғрисидаги Низом бекор қилиниб, Сенат аъзоларини сайлаш тартиби кодекс даражасида белгиланмоқда;

- фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари томонидан халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига номзод кўрсатиш тартиби бекор қилинмоқда.

Умуман олганда, кодекс лойиҳасида 30 га яқин ана шундай демократик янги қоидалар белгиланган.

Қайд этиш жоизки, сайлов кодекси лойиҳасини тайёрлашда 50 дан ортиқ давлатларнинг тажрибаси ўрганилди. Айни пайтда, хорижий мамлакатлар сайлов қонунчилиги ва тажрибаси таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунда 40 га яқин давлатда, хусусан Франция, Бельгия, Бразилия, Беларусь ва Озарбайжон каби давлатларда сайлов кодекслари қабул қилинган.

Эътиборли жиҳати шундаки, сўнгги йилларда аксарият мамлакатларда, жумладан Чехия, Россия Федерацияси, Қозоғистонда сайлов қонунчилигини тизимлаштириш орқали уни ягона ҳужжат шаклига келтириш ҳаракати кучайиб бормоқда.

Сайлов кодекси лойиҳаси бир қатор муҳокама ва экспертизадан ўтказилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди, фуқаролик жамияти институтларининг жамоатчилик экспертизаси, илмий экспертиза, амалиётчи мутахассислар, яъни сайлов комиссиялари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари экспертлари ўртасидаги қизғин муҳокамалардан ўтди. Уларнинг якунига кўра 400 дан ортиқ таклиф ва мулоҳазалар келиб тушди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1