1

Қозоқ-немис университети талабалари учун ёзги ўқув курси ташкил этилди

ЖАМИЯТ 24.06.2019, 17:01
Қозоқ-немис университети талабалари учун ёзги ўқув курси ташкил этилди

10-22 июнь кунлари Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти (ТИҚХММИ) негизида Қозоқ-немис университети (ҚНУ) талабалари учун “Сув ресурсларини бошқариш асослари: назария, амалиёт ва илмий тадқиқотлар интеграцияси” мавзусига бағишланган иккинчи ёзги ўқув курси ташкил этилди. Курс АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID), Марказий Осиё минтақавий экология маркази (МОМЭМ), Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг (СХВ) ҳамкорликдаги “Сув, таълим ва ҳамкорлик” (Smart Waters) лойиҳаси доирасида ташкил этилди.

ҚНУ магистратура босқичи “Сув ресурсларини институционал бошқариш” (СРИБ) дастурининг ёзги мактабда иштирок этган етти нафар талабаси Афғонистан, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ҳамда Туркманистон каби мамлакатлар вакилларидир.

Шунингдек иштирокчилар орасида ТИҚХММИ магистратура босқичининг етти нафар талабаси ҳам бор эди.

Ўқув курсининг асосий мақсади – келгусида Марказий Осиё ҳудудида қўлланиладиган билим ва кўникмаларни ҚНУ талабаларига етказиш ва уларнинг бу борадаги билимларини мустаҳкамлаш, ҚНУ ва ТИҚХММИ талабалари ўртасида мулоқот майдонини яратиш ҳамда маҳаллий институтимиз профессор-ўқитувчилари таркиби илмий-техник салоҳиятидан фойдаланишдан иборат.

«Келгуси авлодлар учун сувдан фойдаланиш имкониятини таъминлаш бир бутунликдаги ёндошувни талаб этади, яъни бунда ер ва сувга ягона экотизим тариқасида қаралади. Биз чегаралар оша нигоҳ ташлай олишимиз ва мамлакатларнинг табиий ресурслари чегаралангани натижасида келиб чиқадиган мураккаб муаммолар ечими устида биргаликда ишлашимиз жуда муҳим. Лойиҳалаштирувчилар, сиёсатчилар, маҳаллий ҳамжамиятлар, ташкилотлар ва алоҳида шахслар – ҳамманинг ўз роли бор, бу роллар ҳамжиҳатликдаги ҳаракатларда янада кўпроқ самара беради», - деди ўзининг мактаб очилишидаги табрик сўзида USAIDнинг Ўзбекистондаги директори Гэри Роббинс.

102 ўқув соати мобайнида талабалар назарий, амалий, лабораториявий ва мустақил машғулотларни ўташди. Шунингдек Сурхондарё вилоятидаги ирригация ва мелиорация объектларига сайёр машғулотлар кўзда тутилди.

«Бизлар ҳам маҳаллий, ҳам етакчи хорижий университетлар билан ҳар томонлама ҳамкорликларнинг янада мустаҳкамланиши тарафдоримиз, ёзги мактабнинг асосий мақсадларидан бири ҳам шу аслида. Олимлар ва мутахассислар ўртасидаги ҳамкорлик жаҳоннинг қайси бурчагида истиқомат қилишидан, ўқиши ёки ишлашидан қатъий назар ўсиб келаётган авлод, талабалар ва ёш мутахассислар ҳамкорлигини юзага келдиради», - таъкидлади ТИҚХММИнинг Халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича проректори, ёзги ўқув мактаби маърузачиларидан бири Абдулҳаким Салоҳиддинов.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида таъкидлаганидек, “сув муаммосини ҳал қилишнинг Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари ва халқлари манфаатларини тенг ҳисобга олишдан бошқа оқилона йўли йўқ”. Бу бошқарувнинг етакчи услублари ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш бўйича чуқур билимларни талаб этади. “Мазкур ёзги мактаб айнан шу мақсадларни кўзлаган”, - таъкидлади Салоҳиддинов.

Икки ҳафталик ўқув курси мобайнида талабалар сув ресурсларини ҳавзалар даражасида бошқариш асослари, ирригацион тизимларда оқимларнинг оқиш қонунияти, гидротехник иншоотларнинг эксплуатацион ишончлилиги ва хавфсизлиги, насос станциялари ва насослар эксплуатацияси, сув тежовчи суғориш технологиялари сингари модуллар билан танишишди.

Сурхондарё вилоятига уюштирилган машғулот давомида талабалар МОМЭМнинг икки лойиҳаси - “Smart Waters” (USAID) ва UzWaterAware (Европа Иттифоқи) доирасида ҳамроҳ бўлган журналистлар билан биргаликда “Амузон-1” насос станцияси, “Оқтепа” гидроузели, Тўпаланг сув омбори, ГЭС ва гидроузел, Жанубий-Сурхон сув омбори сингари объектларга ташриф буюрдилар. Иштирокчилар ҳамкасблари билан мулоқот қилишди, мазкур объектлардаги жараёнлар ва ишларнинг ўзига хосликлари билан танишишди.

Курс тамом бўлганида барча иштирокчилар халқаро малака ошириш сертификатларини қўлга киритишди. Шунингдек улар икки ҳафта натижаларига кўра олган таассуротлари билан ўртоқлашишди.

Арьян Анвар Хусайн (Афғонистон): “Нотехник маълумотга эга бўлган одам ва ҚНУдаги СРИБ дастури талабаси сифатида мен учун сув ресурсларини бошқаришнинг техник жиҳатлари, уларни бошқаришда инфратузилманинг қандай турлари мавжудлиги қўлланилиши ҳақида билиш жуда муҳим. Ушбу ёзги мактаб менга буларнинг барчасига гувоҳ бўлиш ва ўрганиш имкониятини берди. Менга бизнинг Термиз шаҳрига уюштирган сафаримиз ва аввал ҳақиқий ҳаётда ҳеч кўрмаганларим – сув омборлари ҳамда насос станцияларида олган маълумотларимиз жуда маъқул келди”.

Диана Арипханова (Қозоғистон): “Мазкур ёзги дастур сув ресурсларининг ҳам техник, ҳам ижтимоий соҳаларини қамраб олади. Биз сувнинг аҳамиятини янада чуқур англаш учун етмаётган амалий ва назарий билимларни қўлга киритдик. ТИҚХММИ, профессорлар, талабаларга қўллаб-қувватлаш, мазкур дастур доирасида ўтган мазмунга тўла кунлар учун миннатдорлик билдираман. Ёзги мактабнинг СРИБ учун аҳамияти жуда катта, чунки маданият, тажриба ва билимларни ўрганар эканмиз мамлакатнинг сув соҳаси ҳолати олдимизда тўлиқ гавдаланади”.

Алижон Қурбонов (Тожикистон): “Ёзги мактаб улкан гидроиншоотларни реал ҳаётда кўриш имкониятини берди. Талабалар, магистрлар ва аспирантларга ўз илмий ишлари учун тадқиқотлар ўтказиш имкониятини тақдим этувчи ТИҚХММИдаги лабораториялар менда катта қизиқиш уйғотди. Мен илиқлик ва меҳмондорчилик учун ҳамда ўзимнинг магистрлик ишим учун зарур билим ва маълумотларни берган ёзги ўқув курси ташкилотчиларига миннатдорчилик билдираман”.

Ариф Мамедов (Туркманистон): “Мен учун буларнинг барчаси, айниқса, Сурхондарё вилоятига саёҳат ажойиб тажриба ва янги билимлар манбаи бўлди. Бир бутун механизм тарзида ишлайдиган кўп сонли гидротехник иншоотларни ўз кўзим билан кўриш, унинг ишлашини тушуниш – бу кўпга татиши аниқ. Ушбу ёзги курсни биз учун ташкил этганларга раҳмат!”

Дарвоқе, Марказий Осиё давлатлари ва Афғонистонда USAID томонидан молиялаштирилаётган Smart Waters лойиҳаси МОМЭМ томонидан 2015 йилдан бери амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг мақсади ўзаро ҳамкорликнинг профессионал тармоғини яратишни қўллаб-қувватлаш, сув ресурсларини барқарор бошқариш масалалари бўйича стратегик тавсиялар бериш ҳамда салоҳиятини ошириш ва минтақавий мулоқотни ривожлантиришдан иборат. Дастлабки ёзги ўқув мактаби Тошкент шаҳрида 2018 йилнинг 4-20 июнь кунлари ўтказилган. Курснинг дастури ва материаллари ТИҚХММИ профессор-ўқитувчилар таркиби томонидан махсус ишлаб чиқилган ва тайёрланган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1