1

ЕОИИ: Мигрантлар “математика”си ёки унинг тагида нималар ётибди?

ЖАМИЯТ 20.12.2019, 12:15
ЕОИИ: Мигрантлар “математика”си ёки унинг тагида нималар ётибди?

Математика “ҳазрат”лари – аниқ фан. Унда фантазия ёки хом хаёллар эмас, балки – аниқ рақамлар ҳукмрон. Уларни турли “куй”га солиб “сайратиш” мумкин. Бу эса математика билан муомала қиладиган “композитор”га боғлиқ. 

Нимасини айтасиз, “қайсар” рақамлар тилга кирганда, ўрни келган ҳолларда, “лаққа” тушиб, ишонишдан ўзга чорангиз  қолмайди. Бошқа ҳолларда эса, қочгани жой тополмайсиз. Дунё кўзингизга “тим қоронғу” бўлади-қолади. Шундай кезларда беихтиёр “Дод!”, - деб юборгингиз ҳам келади.

Фикрни ёки илгари сурилаётган ғояни исботлашда математикадан фойдаланиш – ўзига хос “сильный ход”. Бироқ, унинг бир камчилиги бор: математикадаги рақамлар – тилсиз. Жонсиз рақамларга жон ато этиш эса – “муаллиф-математик”нинг вазифаси. Афсуски, шу мақсадда ундан оқилона ва тўғри фойдаланиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Бунда муаллифнинг “PhD” эканлиги ёки унинг Хельсинки университети тадқиқотчисилиги ҳам иш бермай қолиши мумкин.

“Мигрант-ватандошлар”имизнинг оғир аҳволи ва уларга нисбатан бўлаётган “адолатсизлик”лар тўғрисида узоқдан туриб “қайғураётган” муаллифлардан бири “Ўзбекистон ЕОИИга аъзо бўлгандан кейин ҳам вазият яхши томонга ўзгармайди”,- қабилидаги фикрни “олға” суриб, турли “ҳаётий” ва “ҳаққоний” рақамларни келтирибди. Уларни қўшиб, айирибди. Кўпайтириб, бўлибди. Айрим ҳолларда фоизлар ҳам чиқарибди. Фақат рақамлардан, узр, унинг “квадрад илдиз” чиқариши, “ҳосила” кўринишида ифодалаши, “лимит”лаши, “интеграл” ва “дифференциал”... тарзда акс эттириши қолибди, холос! 

Ва ниҳоят, ўша “рақам”ларга асосланиб, вазиятнинг яхши томонга ўзгармаслигини кўрсатувчи “оригинал”, гўё ҳеч кимнинг хаёлига келмайдиган “хулоса”лар ҳам чиқарибди. Мана улардан бири: “...камида икки миллион киши патентсиз, яъни норасмий ишлайди”.

...Эссиз, математика! Эссиз, рақамлар! У(лар)ни бекорга овора қилишибди. Ишда банд бўлганларнинг маълум бир қисми патентсиз ёки норасмий ишлаши аллақачонлардан буён “кўрга – ҳассадек!”, аён-ку!

“Хуфёна сектор” бор экан – бу давом этаверади. Бу сектор йўқ бўлган мамлакатнинг ўзи эса – йўқ (асло “Бор!”,- дея кўрманг, бекорга овора бўласиз!). Фақат унинг кўлами бир мамлакатда – тор, бошқасида эса – кенг. Россия эса – ана шу иккинчи гуруҳга киради. 

“Мигрант”имизнинг қайси “сектор”да ишлаши – унинг ўзига ҳавола, ўзига боғлиқ. У “ақл”ли бўлса, ҳаётнинг баланд-пастини тушунса, ўзини хавф-хатарга қўймаса, “риск”ка бормаса ёки уни минималлаштиришга ҳаракат қилса, тайинли даромад олишига қатъий ишонса ва ундан умидвор бўлса – расмий, қонуний, “ошкора сектор”да ишлашни ўзига эп кўради. Бу тоифага кирувчи “мигрант”ларимиз кўпчиликни ташкил қилади. Улар ўзга юртлардан “бир нарса”ни орттириб, ўз юртларига “тинч”гина ва “соғ-омон” қайтмоқдалар.

Аксинча, бошқа тоифага кирувчи “мигрант”ларимиз эса “оғирнинг устидан ва енгилнинг остидан” юришга ҳаракат қилиб, ноқонуний қуруқ ваъдаларга ишониб, “хуфёна сектор”да ишлаяптилар. Бу “сектор” – ноқонуний сектор. Унда ишлаётган “мигрант”ларимиз ўзларини бир неча баробар хавф остига қўяяптилар. Улар ўз ихтиёрлари билан қонунни бузганликлари учун қонун уларни ҳимоя қилолмайди. Бу тоифадаги “мигрант”ларимиз, тўғриси, “азоб” чекишяпти, камситилаяпти!

Овора бўлмайлик: бундай қонунбузарларнинг “дод-вой”и ҳеч қаерда “эшитилмайди”. Натижада уларнинг бир қисми ўз “ватан”ларига “ҳе мирисиз” қайтишмоқда. Қарздор бўлиб қолганлари ҳам бор. Бир неча йилдан буён ортга қайтолмасдан ота-онасини “куйдираётган”, фарзандлари кўзини “жовдиратаётган”, севикли ёрини “муштоқ” қилганлар ҳам – шулар орасида. Буларнинг бари – оддий, ҳаёт тажрибасига эга бўлмаган, содда “мигрант”ларимиз фожеаси, керак бўлса бизнинг ҳам фожеамиз!

Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзо бўлишидан “ташвиш”га тушиб, “узоқдан мўралаётган” математик “дўстим”! Математик “тил”да “факт”ларни қуруқ “констатация” қилгандан кўра, бунинг ўрнига математиканинг “куч”ини масаланинг бу жиҳатига қаратсак – мигрант-ватандошларимизни ҳушёрликка чақирсак – нур устига аъло нур бўлмасмиди?!... 

Тоҳир МАЛИКОВ, иқтисодий фанлар доктори, профессор

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1