1

Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик ташқи меҳнат миграция масалаларида қандай ўзгаришларга олиб келади?

СИЁСАТ 22.04.2020, 09:46
Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик ташқи меҳнат миграция масалаларида қандай ўзгаришларга олиб келади?

Президентнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида мамлакат иқтисодиёти рақобатбардошлигини ва экспорт салоҳиятини ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлиги, бу масалани ҳалқ вакиллари кўриб чиқиши зарурлиги таъкидлаб ўтилган эди.

Шундан келиб чиққан ҳолда, Қонунчилик палатасининг депутатлари томонидан Ўзбекистонни Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик масаласининг барча жиҳатлари чуқур таҳлил қилинмоқда, қўмиталар, фракциялар ҳамда палатанинг кенгайтирилган мажлисларида атрофлича кўриб чиқилмоқда. Хусусан, бу борада Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шерзод ҚУЛМАТОВ ўз позициясини билдирди.

"Бугунги кунда мамлакатимизда Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилиш ёки кузатувчи давлатлар қаторига кириш энг кўп ва қизғин муҳокама қилинаётган мавзулардан бири бўлиб қолмоқда.

Албатта таъкидлаш лозимки, бу ҳусусида фикрлар ҳамда қарашлар хилма-хил ва турлича. Мамлакатимизнинг ЕОИИ билан ҳамкорлигининг салбий ҳамда ижобий жиҳатлари тўғрисида ҳам турлича фирклар билдирилмоқда, бир-бирини инкор этувчи позициялар ҳам бор.

Хусусан, биргина ташқи миграция масаласига тўхталадиган бўлсак, ЕОИИ билан ҳамкорлик натижасида мигрантларимизнинг ҳуқуқлари қандай ҳал этилади, деган масала таҳлил қилинди.

Маълумотларга кўра, мамлакатимиз Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатлар ичида меҳнат ресурслари сони бўйича Россия Федерациясидан кейинги ўринда туради. Бу эса, ўз навбатида, давлатимизнинг меҳнат ресурсларига бойлигини, меҳнат салоҳияти юқорилигини кўрсатиб турганлиги сабабли юртимизда ташқи меҳнат миграцияси ўта муҳим масалалардан бири бўлиб қолмоқда.

Юртимиздан бугунги кунда 2,4 милионга яқин киши чет давлатларига ишлаш учун чиқиб кетган бўлса, уларнинг 80 фоизидан ортиғи Россия Федерацияси ва Қозоғистон Республикаси ҳиссасига тўғри келади.

Ўзбекистон фуқаролари Россия Федерацияси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган хорижий фуқаролар сони бўйича биринчи ўринда туради.

Буни шу вақтга қадар Россия Федерацияси ҳудудида миграция хизматлари томонидан декларация қилинган 2,1 млн. юртдошларимиз меҳнат фаолиятини амалга ошириб келаётган бўлса, биргина 2019 йилнинг ўзида Ўзбекистон фуқароларига ишлаш учун 1,1 млн. рухсатномалар берилганлигидан ҳам кўриш мумкин.

Шундан келиб чиқиб, таъкидлаш лозимки, келгусида Ўзбекистон Республикаси Евроосиё иқтисодий иттифоқига тўлақонли аъзо бўлиб кирадиган бўлса, Россия федерациясида меҳнат қилиш истагида бўлган Ўзбекистон фуқаролари учун бир қатор имтиёзлар қўлланилиши мумкин бўлади.

Биринчидан, меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Россия федерацияси томонидан бериладиган рухсат берувчи ҳужжатни (патентни) расмийлаштириш талаб этилмайди.

Иккинчидан, Ўзбекистон фуқароларини Россия Федерацияси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун тегишли тиббий ҳужжатлар, шу давлатнинг тилини, тарихини, қонунчилик асосларини билиши тўғрисида сертификат олиш, суратга тушиш ва мажбурий давлат дактилоскопик рўйхатдан ўтиш талаб этилмайди.

Учинчидан, Ўзбекистон фуқаролари Россия Федерациясида миграция ҳисобида туриши лозим бўлган муддат 7 кундан 30 кунгача муддатга узайтирилади.

  Тўртинчидан, Ўзбекистон меҳнат мигрантлари Россия Федерациясининг истаган субъекти ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш имкониятига эга бўлади.

Бешинчидан, Ўзбекистон Республикаси фуқароларига иқтисодий фаолиятнинг Россия Федерацияси Ҳукумати томонидан тасдиқланган айрим турларида хорижий ишчиларнинг мумкин бўлган сони, иқтисодий фаолиятнинг айрим турларига хорижий ишчиларни жалб қилишни тақиқлаш, Россия Федерацияси субъектлари томонидан белгиланадиган патентлар берилиши ва расмийлаштиришини ман этиш каби чекловлар татбиқ этилмайди.

Бундан кўриниб турибдики, ЕОИИ аъзолик Ўзбекистон Республикаси фуқароларига молиявий юкламанинг камайишига эришилади.

Шунингдек, фуқароларимизнинг хизматлар кўрсатиш, шу жумладан чакана савдо, умумий овқатланиш, транспорт, меҳмонхона хўжалиги, шунингдек, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида меҳнат фаолиятини қонунийлаштириш ҳамда расмийлаштириш даражаси ошишига сабаб бўлади.

Бундан ташқари, иш берувчиларда ишга жойлашиш тартибининг соддалаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси фуқароларини бошқа давлатлар фуқаролари ўрнига ишга олиш учун реал рағбатлантирувчи омил пайдо бўлишига, Россия Федерациясида меҳнат қилаётган фуқароларнинг меҳнат ва ижтимоий ҳуқуқлари билан боғлиқ ҳолатлар ҳам сезиларли равишда яхшиланади. Хусусан, ишчи ва унинг оила аъзолари иш берувчи томонидан тақдим этиладиган ижтимоий пакетдан (тиббий суғурта ва бошқалар) сифатли фойдаланиш имкониятига эга бўлади.

Шунингдек, ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажмлари ҳозирги 4,5 млрд. АҚШ долларидан тахминан икки йил давомида йилига 7-8 млрд. АҚШ долларига кўпайишига сабаб бўлади.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва унинг ваколатхоналари, шунингдек, Ўзбекистоннинг Россиядаги ваколатхоналаридаги меҳнат миграцияси бўйича атташе меҳнат мигрантларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиши осонлашишига ҳамда иш берувчиларга, шу жумладан меҳнат ва ички ишлар органларига таъсир ўтказишнинг расмий йўлларидан фойдаланиш имкониятлари кенгаяди.

Бунга қўшимча қилиб айтиш мумкинки, Россиялик иш берувчилар билан меҳнат муносабатларини тўғридан-тўғри ҳал этиш имконияти пайдо бўлиши сабабли уюшган меҳнат миграцияси оқими (дастлабки йилда умумий оқимнинг 10-20 фоизигача) бир мунча кўпаяди.

Албатта бу таҳлиллар бир томонлама бўлиб, ЕОИИ билан ҳамкорликнинг ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги ижобий жиҳатларига қаратилган эди. Шу билан биргаликда, таъкидлаш керакки, бунинг ўзига яраша салбий томонлари, юзага келиши мумкин бўлган қатор муаммолари ҳам бўлиши мумкин.

Нима бўлганда ҳам муҳокамалар ҳали давом этмоқда. Ўзбекистоннинг ЕОИИга қўшилиши туфайли келиб чиқадиган афзалликлар ва хатарлар жиддий ўрганиб чиқилгандан сўнг келинадиган якуний қарор албатта мамлакатимизнинг миллий манфаатларига хизмат қилади", — таҳлилига якун ясаган депутат.    
 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1