my5

Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида буюм бозорлари, ижтимоий масканлар, транспорт ва тўйларга рухсат берилди

ЖАМИЯТ 12.08.2020, 08:56
2915
Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида буюм бозорлари, ижтимоий масканлар, транспорт ва тўйларга рухсат берилди

Наманган вилоятида карантин чораларини юмшатишга қаратилган баён қабул қилинди, дея хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги Матбуот хизмати. 

Мазкур ҳужжатга кўра, жорий йил 11 август кунидан бошлаб:  

Наманган шаҳар ва туманлар ҳудудида ҳамда шаҳар (туман)лараро йўналишларда жамоат транспортида (автобус, йўналишсиз такси) йўловчи ташиш фаолиятига рухсат берилади. Бунда йўловчиларни чекланган сонига қатъий амал қилиниши ва иш соати 22.00 якунланиши белгилаб қўйилади.

Ҳокимликлар ҳузуридаги Карантин чекловларини юмшатиш ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятига босқичма-босқич рухсат бериш бўйича тузилган махсус ишчи гуруҳлар хулосаси асосида қуйидаги фаолият турларига рухсат берилади:  

Барча турдаги ихтисослаштирилган бозорлар.  

Умумий овқатланиш шахобчалари. Ошхоналар соат 12.00дан 14.00 гача, ресторанлар эса соат 18.00 дан 21.00 гача ишлаши мумкин. Банкетлар ҳамда бошқа оммавий тадбирларни ўтказишга йўл қўйилмайди;  

Парк ва истироҳат боғлари;

Меҳмонхоналар;  

Спорт заллари, фитнес клуб ва тренажёр заллар (ижтимоий масофани таъминлаш имконияти бўлмаган жамоавий спорт турларини ўтказмаслик тавсия этилади);

Давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари;

Нодавлат таълим марказлари, тўгараклар (10 кишидан кўп бўлмаган гуруҳлар ташкил этиб, машғулотлар вақтини олдиндан келишган ҳолда);  

Барча хизмат кўрсатиш объектлари, жумладан, сартарошхона ва гўзаллик салонлари.  

Мазкур муассасалар, тадбиркорлик субъектлари ва мажмуалар фаолиятини йўлга қўйишда белгиланган шартларга амал қилиниши лозим. Акс ҳолда уларга нисбатан тегишли чоралар кўрилади ва фаолияти тўхтатилади.  

Оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни фуқароларнинг уй-жойи ва ҳовлисида 30 кишидан кўп бўлмаган ҳамда санитария-гигиена талабларига қатъий риоя этган ҳолда ўтказишга рухсат берилади.

Шунингдек,  Навоий шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилишича, 11 август куни Навоий шаҳар ҳокими М.Базаров тегишли масъуллар ҳамда шаҳар ишчи гуруҳи аъзолари ҳамкорлигида Навоий шаҳридаги буюм бозорлари ва йирик савдо нуқталарида бўлиб, уларнинг фаолиятини йўлга қўйиш бўйича олиб борилаётган ишларни кўздан кечирди.

Жараёнда тадбиркорларнинг Навоий шаҳар ҳокимига қилган мурожаатлари инобатга олиниб, ишчи гуруҳ аъзоларининг ижобий хулосасига кўра буюм бозорлар ва савдо нуқталари фаолиятига рухсат берилди.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида ҳам буюм бозорлари ва жамоат транспорти фаолиятига рухсат берилди. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Вазирлар кенгаши матбуот хизмати хабар берди.

10 августдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси Транспорт вазирлиги рухсати билан Нукус шаҳрида А.Досназаров, Тўрткўл гузари ва Шароф Рашидов кўчалари бўйлаб автобуслар қатнови қайта тикланди. Шунингдек, шу кундан бошлаб Нукус савдо комплекси фаолиятига рухсат берилган. Маълум қилишича, ҳозирда бозорга 9 йўналишда 45та автобус қатнови қайта тикланган.

Эслатиб ўтамиз дастлаб, 3 августдан биринчилар қаторида Қашқадарё вилоятида карантин чекловлари юмшатилиб, қатор фаолият турларига рухсат берилган эди. Шундан сўнг, Фарғона ва бугундан бошлаб эса Самарқанд вилоятида ҳам карантин чекловлари босқичма-босқич юмшатилаётгани маълум қилинган эди. 

 

 

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+19° ясно
Валюта курси
10315.62
USD 20.29
12210.60
EUR 15.78
136.28
RUB -1.37