Чирчиқ шаҳар прокуратураси томонидан Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонаси мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари тамомланди, дея расмий баёнот берди Бош прокуратура Матбуот хизмати.
Тергов давомида 5 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 116 (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик), 167 (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 207 (Мансабга совуққонлик билан қараш), 209 (Мансаб сохтакорлиги), 228 (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) моддалари билан айб эълон қилинган.
Ҳозирда жиноят иши айблов хулосаси билан Жиноят ишлари бўйича Чирчиқ шаҳар судига мазмунан кўриб чиқишлик учун юборилди, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Чирчиқ шаҳрида жойлашган Тошкент вилояти юқумли касалликлари шифохонаси бош шифокори, Тошкент вилояти бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева 8 сентябрь куни ҳибсга олинган эди. Шундан сўнг, Бош прокуратура томонидан Юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан қўзғатилган жиноят иши ўрганиб чиқилиб, Чирчиқ шаҳар прокурори томонидан судга тегишли илтимоснома юборилган эди. Натижада суд унга нисбатан қўлланилган “қамоқ эҳтиёт” чорасини “уй қамоғи” эҳтиёт чорасига ўзгартирган эди.
Мавзуга доир:
Гулжаҳон Йўлдошева қамоқдан чиққан куни бошқа шифокор «тиқиб» қўйилди






