my5

Андижон вилояти ҳокимининг аудиоёзувлари «алоҳида мутахассислар» ёрдамида монтаж қилинганлиги айтилди

ЖАМИЯТ 21.11.2020, 15:56
876
Андижон вилояти ҳокимининг аудиоёзувлари «алоҳида мутахассислар» ёрдамида монтаж қилинганлиги айтилди

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти ҳокимига тегишли кетма-кет тарқатилаётган аудиоёзувлар аҳоли орасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Андижон вилояти ҳокимининг ҳар бир тарқалган аудиоси юзасидан билдирилган расмий муносабатларда овоз Ш. Абдураҳмоновга тегишли экани тан олиниб,  у «икки йил муқаддам ёзиб олинганлиги» таъкидланиб келинмоқда эди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган аудиоёзувлар юзасидан Андижон вилояти ҳокимлиги Матбуот хизматининг яна битта расмий баёноти эълон қилинди. 

Унда маълум қилинишича, бир гуруҳ ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан 2 йил муқаддам ёзиб олинган аудиоёзувлар ижтимоий тармоқлардан кўчириб олиниб, ғаразли мақсадда уни маълум қисмини кесиб, «ҳайп» қилиш ниятида ижтимоий тармоқларга жойлаштирилиб борилмоқда.

Айтилишича, соҳа мутахассислари жалб қилинган ҳолда тарқалган аудиоёзувларни ўрганиш ишлари олиб борилган. Ўрганиш давомида аудиоёзувлар «алоҳида мутахассислар» ёрдамида турли хил аудиоёзувлардан кесиб олиб, монтаж қилинганлиги маълум бўлган.

" -- Мисол учун: «Андижон вилояти ҳокимининг тадбиркорларга муносабати» номли аудиода вилоят ҳокимининг (1 дақиқа 6 сониялик) тадбиркорлар билан учрашувидаги нутқи ёзиб олинганлиги ва ижтимоий тармоқларга жойланганлигидан хабарингиз бор. Агар диққат билан эшитсангиз, ушбу аудионинг 59 - сониясидан то 1 дақиқаю 6 сониясига қадар бўлган қисми бошқа аудиоёзувдаги контекст эканлиги, уни кесиб олинган ҳолда бошқа аудиоёзувга устомонлик билан монтаж қилинганлигини кўришингиз мумкин (аудиоёзувдаги тасвир ва овоз ўзгараётганлигини сезиш қийин эмас). Бу эса ўз навбатида ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг муҳокамаларига сабаб бўлмоқда.

Шунингдек, «Андижонда раҳбарлар оёқ кийимларни реклама қилишмоқда...ми?» сарлавҳаси остидаги фотолавҳалар ижтимоий тармоқларга гўёки Андижон вилояти ҳокимининг навбатдаги «қаҳрамонлиги» сифатида кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Аслида ҳам «шу кунларда» Андижон вилояти ҳокими талабалар ётоқхонасига бориб, улар билан учрашганмиди? (Республика махсус комиссиясининг қарорига асосан Олий таълим муассасаларида анъанавий дарслар 16 ноябрдан қайта тикланди. Хоҳловчилар онлайн ўқишлари мумкин).

Хабарингиз бор, 2020 йил 15 март кунидан бошлаб Республикамиз бўйлаб кучайтирилган карантин чоралари ўрнатилди. Шу қаторида олий таълим муассасалари ҳам вақтинча ўз фаолиятини тўхтатган. Ижтимоий тармоқларга жойланган расм эса гўёки шу кунларда олинганлигини маълум қилишган. Аслида эса ушбу фотолавҳа вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати томонидан 2019 йил 4 сентябрда олинган.

Хулоса қилиб айтганда, ижтимоий тармоқларга жойлаб борилаётган бу аудиоёзувлар йиллар давомида бир гуруҳ шахслар томонидан йиғиб борилганлиги, бу ишлар вилоят раҳбарининг имиджига таъсир кўрсатиш ниятида пухта ўйланган режа асосида амалга оширилаётганлигини сезиш мумкин.

Ушбу аудиоёзувларни кенг оммага тарқатиш ортида шахсга доир маълумотларни қонунга хилоф равишда йиғиш, тизимлаштириш, сақлаш, ўзгартириш, тўлдириш, улардан фойдаланиш, уларни бериш, тарқатиш, узатиш, эгасизлантириш ва йўқ қилиш учун кўзда тутилган жазо чоралари кучайтирилганлигини инобатга олган ҳолда мазкур ҳолатлар юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар томонидан дастлабки суриштирув ишлари амалга оширилмоқда", дейилади баёнотда.


Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Ш.Абдураҳмоновнинг тарқалган биринчи аудиосида ҳоким журналистларга нисбатан муносабатини билдирган ва қабулига келган уч аёлни "тиқиб қўйганини" айтган. Сал ўтиб, вилоят ҳокимлиги аудио ҳақиқатдан ҳам ҳокимга тегишли эканини маълум қилиб, аёлларнинг "тиқиб қўйилгани" ҳолатига тушунтириш берилмаган эди. Ундан кейин терқалган иккинчи аудио вилоят раҳбарининг тадбиркорлар билан муносабати ҳақида  тасаввур беради. Яъни Ш. Абдураҳмонов ким Бош вазирга мурожаат қилса, барибир ўзига келиши, мабодо, бирор шикоят Тошкент орқали келса, (мурожааатчининг) кетига (ҳоким шу сўзнинг қўпол муқобилини ишлатади) тепишини таъкидлайди.  

Учинчи аудиода ҳоким вилоятни ривожлантириш, обод қилиш юзасидан гапириб, бу борадаги ишларни қўшни Наманган ва Фарғона вилоятларидаги ҳолатлар билан солиштирган. Жумладан, Алишер Усмонов Намангандаги туманларни обод қилиш учун 50 миллион доллар ажратганини айтар экан, "Aндижонлик қайси ифлос менга бир сўм пулини бериб қўйяпти? Наманганда 50 миллион долларга у нима қиляптию, бир сўм пули йўқ Aндижон нима қиляпти? Солиштириб кўр. Бутун республика келди Наманганга. Ҳаммаси келишиб тайёр пулни ея олмаяпти", — деган Aндижон вилояти ҳокими. 

 

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+8° дымка
Валюта курси
10427.38
USD 12.52
12473.23
EUR 128.5
137.48
RUB 0.79