Аввал хабар берганимиздек, 12 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида хотинини аёвсиз калтаклаб, уни памперс ейишга мажбур қилган эркакка нисбатан қўзғатилган жиноят иши очиқ суд жараёнида кўриб чиқилиши бошланган эди. Дастлабки суд ишида ҳолат юзасидан жабрдийда аёл М.Ваҳобова ва уни доимий таҳқирлаб келган эри Ш.Книнг даъволари эшитилган.
Кун.узнинг ёзишича, фуқаро Ш.К. иши бўйича навбатдаги иккинчи суд мажлиси бўлиб ўтди. Судда давлат айбловчиси, Самарқанд шаҳар прокурори ўринбосари Умид Ҳакимов судланувчи Ш.К. томонидан қилинган жиноятлар оғир эканини эътиборга олиб 8,5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгилашни сўради.
«Бу жиноятлар оиладек муқаддас масканда, айниқса ожизага нисбатан содир этиб келинганига эътибор қаратишингизни сўрардим. Қолаверса, Ш.К.нинг олдин ҳам судланиб, амнистия туфайли озодликка чиққани, бундан ташқари, 22 маротаба унга нисбатан маъмурий чора кўрилганига ҳам эътибор қаратиш керак, деб ўйлайман. Мазкур ҳолатлар судланувчи шахсининг кимлигини англатади», деди давлат айбловчиси.
Судланувчи Ш.К. музокара сўзида, барчадан, жумладан, турмуш ўртоғидан кечирим сўрашини билдириб, жазони ўтагандан сўнг ҳам турмуш ўртоғи билан бирга яшашини маълум қилди.

Жабрланувчи Мустаҳкам Ваҳобова эса бирга яшашга рози бўлмаслиги, мазкур воқеа ва жавобгарлик турмуш ўртоғи, умуман, бошқаларга ҳам сабоқ бўлишини исташини маълум қилди.
Суд 1 декабргача танаффус эълон қилди.
Эслатиб ўтамиз, интернетда Самарқанд шаҳрида яшовчи Мустаҳкам исмли аёлнинг доимий равишда турмуш ўртоғи томонидан калтакланиб келиши ҳақида видеолавҳалар тарқалди. Ушбу ҳолат жамоатчилик томонидан кескин муҳокама қилинмоқда. Сал аввал ушбу ҳолат ўрганилиб, зўравон эр Тошкентда қўлга олингани хабар қилинган эди.
Айни пайтда Самарқанд шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати ҳам вазият бўйича изоҳ берди.
Мавзуга доир:
Самарқандда эри мажбурлаб памперс едирган ва доимий хўрлаб келинган аёлни ҳокимлик яраштирмоқчи