my5
Sevimli

Республиканинг 10 фоизини электроэнергия билан таъминлайдиган Тўрақўрғон ИЭС экология учун қанчалик зарарли? (фото)

ЖАМИЯТ 30.11.2020, 00:34
Республиканинг 10 фоизини электроэнергия билан таъминлайдиган Тўрақўрғон ИЭС экология учун қанчалик зарарли? (фото)

Бироз аввал Фарғона вилоятида янги ишга тушган ва декабрда ишга тушиши кутилаётган иссиқлик электр станциялари ҳақида хабар берган эдик. Пресс-туримизнинг навбатдаги манзили эса қуввати Фарғона ИЭСдан бир неча баробарга юқори бўлган Тўрақўрғон ИЭС бўлди. Электр-энергиясидаги муаммолар авж олаётган айни пайтда бу каби иссиқлик энергияси станцияларининг аҳамияти, уларнинг ишга туширилишигача бўлган вазият ва бугунги ҳолатлар юзасидан ўзимизни қизиқтирган саволларга Тўрақўрғон ИЭС раҳбари Искандар Басидовдан жавоб олдик. 

— Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясининг аҳамияти ҳақида айтиб берсангиз.

— Водий истеъмолининг 40 фоизини таъминлаб беряпмиз. Шу кеча-кундузда водийда соатига 2 500 МВт электр энергиясини ишлатилади. Шунинг ичидан 900 МВтини биз ишлаб чиқариб, таъминлаб беряпмиз. Шунинг учун бу электростанциянинг аҳамияти катта. Бу ерда фаолият юритаётган жами 350 та ишчи-ходимлардан 200 таси маҳаллий аҳоли ичидан танлаб олинган. Уларнинг ойлик маошига келадиган бўлсак, ўртача ҳисобда 2-3 млн. сўмдан 10 млн.гача оладиганлари ҳам бор. 

— “Тўрақўрғон ИЭС”да ишлаб чиқарилаётган электр энергиясидан фақат водий манфаатдорми?

— Албатта. Чунки хозирги кунда водийга 1 500 МВт 5 та юқори кучланишли линиялар орқали марказдан келяпти. Агар буни бошқа ерга узатадиган бўлсак, ҳар бир километрида маълум миқдорда юқотиш бўлади. Электр энергиясида йўқотишлар бўлмаслиги учун ҳам бу станция қурилган. 2019 йилда ишга тушган бўлса, ундан олдин водий эҳтиёжи Тошкент, Ангрен ва бир қисм Қирғиситондан келадиган электр энергия ҳисобига қондирилган ва бу ергача етиб келишда линияларда табиий йўқотишлар бўлган (1 кмга таҳминан 3-4 фоиз йўқотиш).

— ИЭС қурилди. Лекин электр тармоқларида узилишлар барибир бор...

— Бу жойлардаги электр тармоқлар ҳолатига боғлиқ бўлиши мумкин. Шунингдек, қиш мавсумида электроэнергия сарфи 50 фоиздан ҳам ошиб кетади. Буни аниқ айта олмайман. Лекин агар шу корхона ишга тушмаганда, вазият яна ҳам ёмонроқ бўларди...

Маълумот учун, Тўрақўрғон ИЭС энергоблокларини ишга туширилган даври ва қувватлари:

1-энергоблокнинг газ турбинаси 2019 йил 8 августда ишга туширилди - 300 МВт;

1-энергоблокнинг буғ турбинаси 2019 йил 9 ноябрда ишга туширилди - 150 МВт;

2-энергоблокнинг газ турбинаси 2019 йил 7 декабрда ишга туширилди - 300 МВт;

2-энергоблокнинг буғ турбинаси 2020 йил 13 октябрда ишга туширилди - 150 МВт.

Ишлаб чиқарилган қувват Наманган вилоятинг “Кизил-Рават” ва “Сардор” нимстацияларига ва  Aндижон вилоятининг “Юлдуз" нимстациясига узатилади.

— Электр станцияси электрни қаердан олади?

— Бу ерда ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг 5 фоизи ишлаб чиқариш учун сарфланади. Лекин маъмурий бино учун электр энергияни “Ҳудудий электр тармоқлари”дан белгиланган тарифлар асосида сотиб оламиз. 

— Фарғона ИЭС электрдан ташқари иссиқлик энергияси ва буғ ҳам ишлаб чиқариб сотади. Бу ерда-чи?

— Тўрақўрғон ИЭСнинг лойиҳасида фақат электр энергияси ишлаб чиқариш назарда тутилган. Қолаверса, шаҳар маркази ёки аҳоли пунктларига иссиқлик етказиб бериш учун кўплаб қувурлар, техникалар керак бўлади. Бу эса миллиардлар маблағлар дегани.

— Бунга талаб бўлса, қувурлар ўрнатилса, иссиқлик билан ҳам таъминлашингиз мумкинми?

— Йўқ. Чунки бунинг учун бизга махсус қўшимча техникалар керак бўлади. Бизнинг лойиҳамиз эса якунига етган ва қўшимча технологиялар жалб қила олмаймиз. Яна бир масала: электростанциялардан иссиқлик олгандан кўра кичик маҳаллий қозонларни ишга тушириш самаралироқ бўлади. Қозонлардан фойдаланиш самарадорлиги 95 фоизгача бўладиган бўлса, бу ИЭС самарадорлиги эса 57 фоиз. 

Тўрақўрғон ИЭС бош муҳандиси Нодир Насибалиевнинг маълум қилишича, мазкур ИЭС барча эконормаларга жавоб бериб, 0 фоиз миқдорида экология учун мутлақо зарарсиз ҳисобланади. Шунинг учун ҳам лойиҳанинг иккинчи номи - "экологик тоза электр-энергияси". Шунингдек, у республикамиздаги энг тежамкор электр станциялардан бири бўлиб, ишлаб чиқариладиган 900 МВт қувватни худди шундай эквивалентдаги қувватни ишлаб чиқарувчи бошқа иссиқлик электр станциялари билан таққослаганда йилига 730 млн. куб/м табиий газ тежаб қолинади.

 

Сардорбек Раҳмонқулов 

 

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+6° дымка
Валюта курси
10518.99
USD 18.18
12798.46
EUR 115.58
139.72
RUB -2.94