АсосийJamiyat

"Хайфсан берилди". Бухоро шаҳар прокурори устидан олиб борилган текширув натижалари эълон қилинди

'"Хайфсан берилди". Бухоро шаҳар прокурори устидан олиб борилган текширув натижалари эълон қилинди'ning rasmi

Сўнгги вақтда ижтимоий тармоқларда Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозиловнинг видеомурожаатлари кенг муҳокама қилинди.

Аввалроқ, Бош прокуратура томонидан Бухоро шаҳридаги тадбиркорнинг Бухоро шаҳар прокурори Ж.Фозиловнинг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб ёзган аризаси юзасидан хизмат текшируви ўтказилаётганлиги ҳақида расмий баёнот берилган.  

Шундан сўнг Бухоро шаҳар прокурори Ж.Фозиловнинг мурожаати юзасидан Республика идоралараро комиссияси тузилган эди.  

Айни пайтда мазкур иш юзасидан расмий баёнот берган Бош прокуратура хабарига кўра, текширувнинг холисона ва адолатли ўтказилишини таъминлаш, иш ҳолатларига тўлиқ ойдинлик киритиш, ҳар қандай аралашув ва таъсирларнинг олдини олиш мақсадида Бухоро шаҳар прокурори Ж.Фозилов 2020 йил 2 декабрь куни хизмат вазифаларини бажаришдан вақтинча четлаштирилган эди.

Хизмат текшируви якунланганлиги муносабати билан Бош прокурорнинг буйруғига асосан Ж.Фозилов жорий йил 19 декабрдан хизмат вазифаларини бажаришга киришди.

Хизмат текширувида Ж.Фозилов ўз хизмат вазифаларини лозим даражада бажармасдан, масъулиятсизликка йўл қўйиб, ўзи раҳбарлик қилаётган прокуратура иш юритувида бўлган жиноят ишининг тергови устидан назоратни таъминламаганлиги, амалдаги қонунчилик билан муқобил текширувлар бекор қилинган бўлса-да, жиноят ишига алоқаси бўлмаган хўжалик юритувчи субъектлар мансабдор шахсларини терговга жалб қилиб, сўроқ қилиш орқали муқобил текшириш, шунингдек, асоссиз равишда тадбиркорни чақиртириш ва мажбурий келтириш ҳақида қўл остидаги терговчига топшириқ берганлиги аниқланди.

Шуларга кўра, Бош прокурорнинг 21.12.2020 йилдаги буйруғи билан Бухоро шаҳар прокурори Ж.Фозиловга “Ҳайфсан” интизомий жазоси қўлланилди, дейилади расмий баёнотда. 

    Бошқа янгиликлар