Куни кеча бир гуруҳ тадбиркорлик субъектлари солиқ идоралари хатти-ҳаракатига норозилик билдирганларидан барчанинг хабари бор. Ушбу “охирига етмай” кўрилган чоралардан зарар кўрган йирик ташкилотлар сафида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ҳам бор. Бу ҳақда Жамият Матбуот хизмати хабар берди.
"Талабга мувофиқ ҳар бир битимнинг қонунийлиги ва ҳақиқийлигини тасдиқловчи ҳужжатлар, шунингдек, контрагентни танлашда лозим даражада эҳтиёткорлик қилганлигини ва мол етказиб берувчининг ўз шартномавий мажбуриятларини бажарганлигини тасдиқловчи далиллар тақдим этилди.
Ҳар бир ҳолатни алоҳида чуқур танқидий кўриб чиқилиши натижасида тақдимномада келтирилган 18,8 млрд. сўмлик ҳолатдан 530 млн. сўмлик шартномаларида (яъни 2,8% қисми) битим тузган маҳсулот етказиб берувчи ташкилотлар тўлашлари лозим бўлган қўшимча қиймат солиғини тўламаганликлари аниқланди.
Инсофсиз тадбиркорлар томонидан тўланмаган 69 млн. сўм қўшимча қиймат солиғи айбдор шахслардан ундирилди ва ўрнатилган тартибда солиққа йўналтирилмоқда.
Aчинарлиси шундаки, шубҳали контрагентлар билан тузилган шартномаларнинг аксарият қисми товар хом ашё биржаси савдо платформалари орқали расмийлаштирилган. Ушбу йўналишда “Ўзбекистон темир йўллари” AЖ Давлат солиқ қўмитасига контрагентларни ишончли солиқ тўловчи корхоналиги ўрганилганидан сўнг товар хом ашё биржаси савдо платформаларига қўйилиши бўйича ўз таклифини киритди.
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ўзининг “ишончли солиқ тўловчи” имижини сақлаб қолиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини давом эттиради", - дейилади расмий хабарда.
Сал аввал Давлат солиқ органлари ва тадбиркорлар ўртасидаги ҚҚС можароси сенаторлар томонидан назоратга олинганлиги хабар қилинган эди.