my5
Sevimli

Меҳнат қонунчилигига кўра, ўз ҳисобидан таътил олгандан кейин декрет пули тўланадими?

САВОЛ-ЖАВОБ 23.05.2021, 14:00
Меҳнат қонунчилигига кўра, ўз ҳисобидан таътил олгандан кейин декрет пули тўланадими?

Таҳририятга Наманган вилоятидан Н.Сатторова қуйидагича мурожаат йўллади:

— Ҳозирда "больничный"даман, ўтган ой ўз ҳисобимдан таътил олганман. Икки ойдан кейин декретга чиқишим керак. Менга қанча миқдорда декрет пули тайинланишини билмоқчи эдим.

Саволга жавоб олиш мақсадида Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси Захриддин ТУРАЕВ билан боғландик:

— Меҳнат кодексига биноан ходимлар ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари, болаларни парваришлаш таътиллари каби ижтимоий таътил олиш ҳуқуқига эгадирлар.

Ушбу кодекснинг 233-моддасига биноан аёлларга туққунга қадар етмиш календарь кун ва туққанидан кейин эллик олти календарь кун (туғиш қийин кечган ёки икки ва ундан ортиқ бола туғилган ҳолларда — етмиш календарь кун) муддати билан ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари берилиб, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақа тўланади.

Ҳомиладорлик ва туғиш таътили жамланган ҳолда ҳисоблаб чиқилиб, туғишга қадар амалда бундай таътилнинг неча кунидан фойдаланилганидан қатъи назар аёлга тўлиқ берилади.

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг 2002 йил 1 апрелдаги 21-сон буйруғи билан тасдиқланган “Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомда ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақани тайинлаш ва тўлаш тартиби белгиланган бўлиб, унга кўра, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақани тайинлаш ва тўлаш учун белгиланган тартибда берилган меҳнатга лаёқатсизлик варақаси асос бўлади.

Ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа (шу жумладан, ҳомила тушган ҳолларда) вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасида кўрсатилган барча давр учун тўланади.

Ходим йиллик (асосий ва қўшимча) таътилда ва болани парваришлаш учун таътилда бўлган вақтда ҳомиладорлик ва туғиш бўйича таътил берилганда, нафақа ҳомиладорлик ва туғиш бўйича таътилнинг вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасида кўрсатилган барча кунлари учун берилади. Болани парваришлаш бўйича таътил даври учун нафақа тариф ставкасидан (лавозим маошидан) ва таътил бошланишидан олдинги 12 ой мобайнида олинган мукофотларнинг ўртача ойлик суммасидан ҳисоблаб чиқарилади. Бунда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси очилган кунига бўлган тариф ставкаси жойларда белгиланган туман коэффициенти ва устамаларни ҳисобга олган ҳолда олинади.

Ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида берилади.

Демак, меҳнат қонунчилиги, хусусан юқорида қайд этилган низом талабларидан келиб чиқиб, Сизга ташкилот томонидан тегишли миқдордаги декрет пули тўланиши лозим бўлади.

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
Валюта курси