my5
Sevimli

Инсульт хавфидан қандай сақланиш мумкин?

САВОЛ-ЖАВОБ 15.06.2021, 17:50
Инсульт хавфидан қандай сақланиш мумкин?

Инслульт касаллигини ташхислаш, даволаш усуллари, салбий оқибатлари нималардан иборат? ССВ Матбуот хизматининг шу каби саволларига тиббиёт фанлари доктори, профессор Бахтиёр ҒОФУРОВ жавоб беради.

— Инсультга қандай ташхис қўйилади?

— Инсульт энг муҳим диагностик текширувлар, хусусан компьютер томография (КТ) ва магнит-резонанс томография (МРТ) асосида ташхисланади. Кўп ҳолларда, компьютер томография ёрдамида инсульт ва бошқа турдаги “янги” мия қон қуйилишларини фарқлаш мумкин.

МРТ ёрдамида ишемия майдонларини аниқлаш, шунингдек, ишемик мия зарари тарқалишини баҳолаш мумкин. МРТ геморрагик инсультни ишемик инсультдан фарқлаш, шунингдек, таъсир майдони ва унинг катталиги аниқ ўрнини аниқлаш имконини беради. Бундан ташқари, МРТ ёрдамида ўхшаш аломатлар бўлган бошқа касалликларни истисно қилиш мумкин.

Ишемик инсультда ҳам бир қатор, жумладан, бўйин ва мия томирларининг ультратовуш текшируви (УТТ), эхокардиография, мия ангиографияси каби қўшимча тадқиқотлар ўтказилади.

Статистик маълумотларга қараганда, ишемик инсульт геморрагик инсультга қараганда 8-9 марта  кўп учрайди.

— Ушбу хасталикни даволаш усуллари ҳақида сўзлаб беринг.

— Инсультни умумтерапевтик даволаш юрак-қон томир тизимини нормаллаштириш, нафас олиш функциясини тиклаш, мия шишини камайтириш, шунингдек, қайталанишининг олдини олиш ва асоратларини даволашга қаратилган.

Инсультни даволаш тезда бошланиши керак. Биринчи босқичда ҳали инсульт характери аниқланмаган пайтда бемор ҳаётини сақлаб қолишга қаратилган даво муолажалари ўтказилади.

Бемор чалқанча, боши сал кўтарилган ҳолатда ётқизилади. Агония ҳолатида кўчириш мумкин бўлмаган беморлардан бошқа ҳамма инсульт бўлган беморлар махсуслаштирилган неврологик бўлимга ётқизилиши керак.

Беморни кўчириш вақтида эҳтиёт бўлиш, силкитмаслик лозим. Агар юрак фаолияти бузилиши ўпка шиши билан бирга учраса, спирт буғи қўшилган кислород билан нафас олдирилади.

Бемор боши баланд қилиб ётқизилади. Нафас олиши меъёрлашиши учун электр сўрғич билан оғиз бўшлиғи, бурун ва халқум шиллиқлардан тозаланади. Тил орқага кетишини олдини олиш ва нафас олишни енгиллаштириш учун оғизга ҳаво найчасини қўйиш мумкин.

Инсульт билан касалланган беморлар дарҳол ётқизилиб, боши баланд кўтарилади ва музли халта, оёқларига иссиқ грелка қўйилади.

— Инсульт хавфидан сақланиш учун нима қилиш зарур?

— Аминокислоталар ва витаминларга бой бўлган мева-сабзавотларни етарли миқдорда истеъмол қилиш мия инсультига олиб келувчи хатарли омилларни камайтиради

Айниқса, таркибида аскорбин кислотаси, токоферол ацетат, цианокобаламин, никотин кислотаси, бета-каротин каби витаминлар қон- томир деворлари учун ўта муҳим озуқадир.

Таркиби калийга бой бўлган қуруқ меваларни истеъмол қилиш ҳам томирларда атеросклеротик пиликчалар ривожланишининг олдини олади, томир деворини шикастланишдан асрайди, томирнинг ички деворида холестерин тўпланишини пасайтиради, демак тромблар пайдо бўлишига тўсқинлик қилади.

Балиқ гўштини истеъмол қилиб туриш ҳам юрак мушакларида моддалар алмашинувини яхшилаб, қонда холестерин миқдорининг пасайишига ёрдам беради.

Умуман олганда, барча хасталиклар каби инсультни ҳам даволашдан кўра, олдини олиш осон ва самаралидир.

Шарҳлар