my5
Sevimli

Фарзанд бўлмаса, ажрим қандай амалга оширилади?

САВОЛ-ЖАВОБ 02.07.2021, 14:22
Фарзанд бўлмаса, ажрим қандай амалга оширилади?

Фарзанд оиланинг бахти, қувончи. Афсуски, бу бахт ҳаммага ҳам насиб этмаслиги мумкин. Шу сабаб эр-хотин ажрашмоқчи бўлса, ажрим қандай амалга оширилади? ФҲДЁга мурожаат этиш керакми ёки судга? Ўртадаги мол-мулк қай йўсинда тақсимланади? Ажрим харажатларини ким тўлайди? Шу каби саволларга жавоб олиш мақсадида Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро суди судьяси Азамат Менглиевга мурожаат қилдик...

ҚАЙ ҲОЛЛАРДА СУДГА МУРОЖААТ ЭТИЛАДИ?

— Фарзандсизлик сабаб эр-хотин ажрашмоқчи бўлишса, ажрашиш тартиби қандай бўлади? Улар суд орқали ажрашадими ёки ФҲДЁ?

— Амалдаги Оила кодекси (ОК) нормаларида никоҳдан ажратиш суд тартибида, ушбу Кодекснинг 42ва 43-моддаларида назарда тутилган ҳолларда эса, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида амалга оширилади.

Хусусан, ОКнинг 42-моддасига кўра, вояга етмаган болалари бўлмаган эр-хотин никоҳдан ажратишга ўзаро рози бўлсалар, улар никоҳдан фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида ажратилади. 

Агар, эр-хотин ўртасида меҳнатга лаёқатсиз, муҳтож эр ёки хотинга моддий таъминот бериш тўғрисида ёки уларнинг биргаликдаги умумий мулки бўлган мол-мулкни бўлиш тўғрисида низо бўлган тақдирда эр-хотин ёки улардан бири никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этишга ҳақли. 

Шу билан бирга, таъкидлаш жоизки, эр-хотиндан бирининг аризаси бўйича фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида никоҳдан ажратишга йўл қўйиладиган ҳолатларга қуйидагилар киради: 

  • эр-хотиндан бири суд томонидан бедарак йўқолган деб топилган бўлса; 
  • суд томонидан руҳияти бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса; 
  • содир қилган жинояти учун уч йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилинган бўлса, ўртада вояга етмаган болалари борлигидан қатъи назар, эр-хотиндан бирининг аризасига кўра улар фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида никоҳдан ажратилади. 

Агар болалар, эр-хотиннинг биргаликдаги умумий мол-мулкини бўлиш, ёрдамга муҳтож, меҳнатга лаёқатсиз эр ёки хотинга таъминот бериш учун маблағ тўлаш ҳақида низо мавжуд бўлса, улар никоҳдан суд тартибида ажратилади. Бунинг учун эр-хотин ёуи улардан бири никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этиши лозим.

МУЛКИЙ НИЗО БЎЛСА...

— Ўртада мулкий низо бўлса, яъни никоҳи давомида уй, машина ва бошқа мулк харид қилган бўлса, у қандай тақсимланади? Фарзанди бўлмаса ҳам аёл уй ёки бошқа мулкдан ўз улушини талаб қилишга ҳақлими?

— Оила кодексининг 23-моддасида эр ва хотиннинг умумий мулкига оид қонун талаблари қайд қилинган. Унга кўра, эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек никоҳ қайд этилгунга қадар, бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади. 

Эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари жумласига (эр ва хотиннинг умумий мол-мулки) эр ва хотин ҳар бирининг меҳнат фаолиятидан, тадбиркорлик фаолиятидан ва интеллектуал фаолият натижаларидан орттирган даромадлари, улар томонидан олинган пенсиялар, нафақалар, шунингдек махсус мақсадга мўлжалланмаган бошқа пул тўловлари (моддий ёрдам суммаси, майиб бўлиш ёки саломатлигига бошқача зарар етказиш оқибатида меҳнат қобилиятини йўқотганлик муносабати билан етказилган зарарни қоплаш тарзида тўланган суммалар ва бошқалар) киради. Эр ва хотиннинг умумий даромадлари ҳисобига олинган кўчар ва кўчмас ашёлар, қимматли қоғозлари, пайлари, омонатлари, кредит муассасаларига ёки бошқа тижорат ташкилотларига киритилган капиталдаги улушлари ҳамда эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган бошқа ҳар қандай мол-мулклари, улар эр ёки хотиндан бирининг номига расмийлаштирилган ёхуд пул маблағлари кимнинг номига ёки эр ва хотиннинг қайси бири томонидан киритилган бўлишидан қатъи назар, улар ҳам эр ва хотиннинг умумий мол-мулки ҳисобланади. 

Эр ва хотиндан бири уй-рўзғор ишларини юритиш, болаларни парвариш қилиш билан банд бўлган ёки бошқа узрли сабабларга кўра мустақил иш ҳақи ва бошқа даромадга эга бўлмаган тақдирда ҳам эр ва хотин умумий мол-мулкка нисбатан тенг ҳуқуққа эга бўлади. 

Фарзанд бўлмаган аёл агар юқорида қайд қилинган қонун талаби асосида никоҳ даврида орттирилган муайян бир мулкдан ўз улушини талаб қилиб судга мурожаат этиши мумкин. 

ЯРАШИШ УЧУН ҚАНЧА МУҲЛАТ БЕРИЛАДИ?

— Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқаётганда, суд ишнинг кўрилишини кейинга қолдириб, эр-хотинга ярашиш учун олти ойгача муҳлат тайинлашга ҳақли. Суд эр-хотинга ярашиш учун муҳлат тайинлаб, ишнинг кўрилишини кейинга қолдирган тақдирда, эр-хотиннинг бирга яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини, агар улар бирга яшамаётган бўлса, ҳар бирининг яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини ҳамда туман ҳокимияти қошидаги оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш бўлимини эр-хотинни яраштириш бўйича тегишли чоралар кўриш учун уч кундан кечиктирмасдан ёзма равишда хабардор қилиши керак.

Олий суд Пленумининг 2011 йил 20 июлдаги «Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида»ги 6-сонли Қарорининг 16-бандига асосан, ОК 1-моддаси 2-қисми талабига мувофиқ никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишни кўришда суд оилани сақлаб қолиш юзасидан чоралар кўриши лозим. Шу мақсадда, суд мажлисида оилани сақлаб қолиш мумкинлигини тасдиқловчи ҳолатлар (болалар борлиги, никоҳнинг давомийлиги, оиладаги муносабатларнинг хусусиятлари ва бошқа ҳолатлар) аниқланса, суд ҳар иккала тарафнинг ёки улардан бирининг илтимосига биноан ёхуд ўз ташаббуси билан никоҳдан ажратиш тўғрисидаги иш кўрилишини кейинга қолдиришга ва эр-ҳотинга ярашиш учун муҳлат тайинлашга ҳақли.

МУҲЛАТНИ ҚИСҚАРТИРИШ МУМКИНМИ?

— Олий суд Пленумининг 2011 йил 20 июлдаги “Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги 6-сонли қарорининг 15-бандида тушунтирилишича, суд эр ва хотиннинг ёки улардан бирининг аризасига кўра, ярашиш учун берилган муҳлатни жиддий асослар (эр ёки ҳотиннинг бошқа турмушдан ҳомиладорлиги, улардан бирининг оғир касалликка дучор бўлганлиги, наркотик моддаллари истеъмол қилганлиги ёки мутассил равишда алкоголь маҳсулотини истеъмол қилганлиги учун тегишли тиббиёт муассасасида доимий рўйхатда турган бўлса, узоқ муддат давомида яшамасдан келаётганлиги ва ҳоказо) мавжуд бўлган ҳолларда қисқартиришга ва ишни бу муҳлат тугагунга қадар кўришга ҳақли. 

Ярашиш учун берилган муҳлатни қисқартириш тўғрисидаги масала суд мажлисида тарафларни хабардор қилган ҳолда ва ажрим чиқариш йўли билан ҳал этилади.

ДАВЛАТ БОЖИ, АЖРАШИШ ХАРАЖАТЛАРИ ҚАНЧА ВА УНИ КИМ ТЎЛАЙДИ?

— Никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво аризалари судга тақдим этилганда Ўзбекистон Республикаси “Давлат божи тўғрисида”ги қонуни талабидан келиб чиқиб, даъвогар томонидан республикада амалда бўлган базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари (490.000 сўм) миқдорида давлат божи ва 17.150 сўм почта ҳаражати тўланади.

Иш якуни бўйича, суд даъвони қаноатлантириш ҳақидаги тўхтамга келган тақдирда, тарафлар (даъвогар ва жавобгар)дан ёки уларнинг биридан давлат даромадига базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари (735.000 сўм) миқдорида давлат божи ундиради.

Агар, даъвогар иккинчи никоҳ бўйича ажрашишга ариза тақдим этса, унда қайд қилинган қонун талабидан келиб чиқиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 баравари (980.000 сўм) миқдорида давлат божи тўлайди. 

ТАРАФЛАРДАН БИРИ АЖРИМГА ҚАРШИЛИК ҚИЛСА...

— Томонлардан бири, яъни эр ёки хотин атайлаб, суд мажлисига келмай, ажримга қаршилик қилса қандай йўл тутилади?

— Никоҳдан ажратишга доир ишлар бўйича қонуний ва асосли ҳал қилув қарори қабул қилиниши учун суд ишнинг ҳақиқий ҳолатларини ҳар тарафлама, тўлиқ ва холисона текшириб чиқиши, жумладан, эр-хотин ўртасидаги ўзаро муносабатлар хусусиятини, никоҳдан ажратиш масаласи қўйилишига асос бўлган сабаблар, эр-хотин ўртасидаги келишмовчиликнинг асл сабабларини аниқлаши шарт. Шу мақсадларда, суд ишни иккала тараф иштирокида кўриши лозим. 

Даъвогар ва жавобгар суд мажлисига келмаган тақдирда, келмаслик сабаблари узрли ёки узрсизлигидан қатъий назар, суд ишни кўришни кейинга қолдиради. 

Даъвогар ва жавобгар суд мажлисига иккинчи чақирув бўйича узрсиз сабабларга кўра келмаган тақдирда, суд аризани кўрмасдан қолдиришга ҳақли. 

Фақат даъвогар иккинчи чақирув бўйича узрсиз сабабларга кўра келмаган тақдирда, суд жавобгарнинг розилиги билан аризани кўрмасдан қолдиришга ҳақли.

Эр-хотиндан бири доимий яшаш учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига кўчиб кетган ва унинг суд мажлисига келиш имконияти бўлмаган ҳолларда, суд Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари нормаларига мувофиқ тарафларни хабардор қилиш чораларини кўради.

Миркамол Ўроқов

Шарҳлар