my5
Sevimli

Ҳамшира кундалиги: ковиднинг 2-тўлқини бошланмаслиги ўзимизга боғлиқ

МУТОЛАА 30.06.2020, 19:49
Ҳамшира кундалиги: ковиднинг 2-тўлқини бошланмаслиги ўзимизга боғлиқ

Монитордаги ғадир-будур чизиқлар эса тўғри бўлиб боряпти. Бемор эса йиғлаб, бизга ўтина бошлади: Илтимос мени қутқаринг.

IV қисм

Коронавирусдан энг кўп азият чеккан Италиянинг шимолий ҳудудига бориб, кўринмас ёвга қарши жангга кирган нозик хилқат эгаси қоғозга туширган кундаликларининг тўртинчи, сўнгги қисмини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Эслатиб ўтамиз:

1-қисмда госпиталга беморларни "оқиб" келишганидан, жой қолмагани ҳақида ҳикоя қилинган эди.

2-қисмда “скафандр”(интенсив терапия учун костюм) ичидаги азоблар қаламга олинган.

3-қисмда эса ҳатто Дантенинг “Дўзах”идан кейин ҳам ёруғлик келиши намоён бўлади.

ОРТГА НАЗАР

Пандемия чекиняпти, оғир касаллар сони тобора камаймоқда. Биринчи кунларни эслашнинг айни чоғи.

Турмуш ўртоғим Хитойда ишлади, Рождество арафасида уйга қайтаётганда, йўлда қолиб кетди. Унга “корона-госпитал”га волонтёр сифатида кетаётганимни айтганимда, у мен билан беш кун гаплашмади, ҳатто ультиматум ҳам қўйиб кўрди. Ахийри ҳаммаси бефойда эканлигини тушунди ва танлаган йўлимда мени қўлидан келганча қўллаб-қувватлашини билдирди.

Дастлабки 11 кун дам олишсиз ишладим, кечаси эса уйга зўрға етиб келар, кечки овқатни ейишга улгурмасдан, таппа ташлаб ухлаб қолардим, бутун вужудимдаги оғриқдан ҳатто телефонда гаплашишга ҳолим бўлмасди. Ҳаммасини ташлаб кетгим келарди. Ўзимни даҳшатда сезардим. Ниқобда нафас олишга ўрганган бўлсам-да, ўзимнинг карбонат ангидрид газимдан қайт қилиб юборгим келарди, кийимлар биринчи соатданоқ тердан шалаббо бўлар ва навбатчилигим охиригача шу кўйи юрардим.

Мени доим титроқ босарди, иссиғим чиқаётгандек бўлаверарди. Касалга ўхшардим. Организм эса бундай муносабатга қаршилик кўрсатарди. Баъзида нега ҳам келдим деган фикрлар миямни қоплаб оларди. 20 ёш бўлмасам ахир. Аммо билсам қўшни квартирадаги мендан анча ёш бўлган волонтёрлар ҳам шундай хаёлда юришган экан. Шундан кейин ҳаммасини тушундим: муаммо менда эмас, иш ҳажмида.

Тушларимга "ковид", карантин, шифохона кираверар, булардан қўрқиб, кўпинча тунлари уйғониб кетардим... Кейин атрофга қараб, ҳаммаси ҳам туш эмаслигини тушунардим.

Ўтган сафар айтгандим, яқинини сўнгги йўлга кузатиб қўя олмаслик одамлар учун қандай мусибат солса, яқинлари келиб кўра олмайдиган беморлар ҳам шундай қайғуни бошидан кечиради. Улар ўзларини “шифохонада ўлиб кетишга ташлаб кетишгани учун” телефон орқали қариндошларига бақирарди. Мен фақат бир нарса ҳақида ўйлардим: чидай оламанми — чидай олмайманми. Шундай пайтларда урушларни, чарчоқдан югура олмай оёғида зўрға турган, хандақларда яқинларига хат ёзган аскарларни, улар қандай ифлос шароитларда яшаганини хаёлимга келтирардим. Менинг санузелли ва душхонали катта квартирамда эса ҳамма нарса, катта ошхона, дам олиш учун барча шароитлар бор. Шундан сўнг енгил тортардим.

Турмуш ўртоғим ҳам шундай пайтларда мени қўллаб-қувватлаб, агар енгилсам, ўзини кечира олмаслигини, шунинг учун ҳаммасига сабр билан бардош бериш кераклигини айтарди.

Энди кундаликни давом эттираман.

Йигирма иккинчи кун(7-9 апрель)

Дам олиш кунларидан кейин(ҳа энди бизда дам олиш кунлари бор!) яна ишдаман. Ўзгаришлар кўп. Беморлар камайган! Бўлим кенгайиб, бўшаб қолибди, энди тўлиқ дезинфекция қилиш мумкин. Ходимларни сафи ҳам қайта тўлдирибди, эртага энди бошқа бўлинмада ишга чиқаман.

Бу энг асосий ва ижобий янгилик эди.

Карантин ўз самараларини бера бошлади! Ҳаммаси бекор кетмабди! Миссиям якунига етай деб қолди ва тез орада уйга, яқинларим даврасига қайта оламан.

Йигирма олтинчи кун(10-13 апрель)

Мени бошқа бўлим, кардиологияга ўтказишди. Ном қайси жойда эканлигимни билдириш учун керак, аслида бу ерда ҳам ўшандай ташхис қўйилган беморлар ётибди.

Олдинги бўлинмани тарқатиб юборишди, уни беморларни қабул қилиш учун тайёрлашади. Бундан олдин санитарик ишлов бериш учун ёпишади. 

Янги бўлим менга ёқди, у ерда бўлардан-бўлмасга югуртиришлар(ва доимий жеркишлар) йўқ, лекин вазифаларни аниқ тақисмоти бор, яна коридорлари ҳам унча узун эмас(энди кунига 8 км. эмас, балки “бор-йўғи” 6 км. юряпман — қўлимга тақиб олган қадам ўлчагич орқали билиб олдим).

Энди беморларга кўпроқ вақт ажратиш мумкин.

Ёшлар ҳам пасайиб бормоқда. Бўлинмада ҳозир 50 ёшгача бўлган 4 эркак даволаняпти!

Бир ёши катта хорижликни ҳам олиб келишди, айтганча. Бирор сўз айтмайди! На итальянчада гапиради, на биз унинг тилида жавоб қайтарамиз! У билан энди қандай ишлаймиз? У ҳам скафандрда, лекин ҳар икки соатда устидан ечиб ташлайди. Бўлди бас, деймиз ва бундай қилмаслик кераклигини айтиб, уни тинчлантирамиз. Аммо бу ҳам кўп иш бермайди.Овқат емайди! Нима берсак ҳам, тупуриб ташлайди, на илож. Фақат венасига глюкозани қабул қилади.

Қаторасига беш маротаба эрталабки навбатчиликда турдим. Лекин бу бўлимда олдингиларидан фарқли равишда унча чарчамайман! Олдинда эса иккита дам олиш куни кутиб турибди.

Келганимга анча бўлди, аммо бирор марта шаҳар марказини айланмабман. Гарчи ўзим марказда турсам ҳам! Назоратлар ва жарималардан азбаройи қўрққанимдан, бир ой умрим ўтган шаҳарчани айланмасдан қайтиб кетсам керак.

Ўттиз биринчи кун(14-18 апрель)

Бугун охиридан битта олдинги навбатчилигим. Кардиологияда ишлаш эса ёқди. Ажойиб жамоа, ёшлар кўп, кўп ҳазиллашамиз, кайфиятимиз кўтарилади, ҳатто иш комбинезонларига расм чизиб олишади, исмларини ёзиб олишади, футбочиларга ўхшаб рақам ҳам қўйиб олишганига нима дейсиз.

Ҳамшираларнинг эса ўз ирим-сиримлари бор: Навбатчилик тугагунча ҳаммаси тинч дема”.

Ёш бир тиббиёт ходими келди, ишлашни бошлаганига 3-4 кун бўлди. Навбатчилик тугашига озгина қолганда, тақиқланган сўзларни айтиб юборди-ку. Ҳамма шу заҳоти унга қараб “Тссс” дейди. Навбатчилик тугаяпти, янги “смена”дагилар келишди, ишимизни топширяпмиз. Шу пайт мутлақо беқарор беморлардан бирининг юраги тўхтаб қолгани ҳақида компьютер сигнал бериб қолса бўладими. Қизил чироқ ёнишни бошлади.

Барча ходимлар, чақирилган шифокорлар, реаниматологлар барчаси ўша бемор ётган палатага югуришди, йўл-йўлакай олдиндан тайёрлаб қўйилган ва ичида барча зарур нарсалар: ЭКГ, дефибриллятор солинган аравани олволишди. Югуриб кирганимизда, у бизга ҳеч нарсани тушунмай қараб турарди.

Шифокор: Ишларингиз яхшими? Бемор: Ҳаммаси яхши. Шифокор: Исмингиз нима? Ёшингиз неччида? Бугун қайси сана?

У беморнинг аҳволини текшириш учун мана шундай оддий саволларни беришни бошлайди. У эса ҳаммасига тўғри жавоб берди. Аммо ҳар бир саволдан кейин овози пастлаб борарди. Шифокор “разряд” беришни бошлади: биринчиси... венага дори юбориляпти, юрак фаолияти акс этган мониторга қарашмоқда. Савол беришни давом эттиришяпти, тилини кўрсатишни сўрашди, мониторга қарашди, иккинчи “разряд” қилинди. Монитордаги ғадир-будур чизиқлар эса тўғри бўлиб боряпти. Бемор эса йиғлаб, бизга ўтина бошлади: Илтимос мени қутқаринг.

Ффффффуууууххх..... ҳаммаси ўтиб кетди. Уни асраб қолдик! У биз билан! Энг қизиғи, монитор ҳам бемор ниманидир тушунишдан олдин ҳамма нарсани кўрсатиб турарди.

Мен эса у билан бирга қолдим, ўзи, хотини, болалари, неваралари, ҳаммаси ҳақида гапириб беришини сўрадим. Фақат жим турмаса бўлди! Унга шунақа кўп симлар улаб ташланган эдики, буни электрик ҳатто тушида ҳам кўрмаган. Босим, қондаги кислород, ЭКГ, телеметрия, дефибриллятордан келган кабеллар.

Унинг босими паст, кўзларини юмади, чарчаган, ухлашни хоҳлайди. Аммо ҳозир мумкин эмас, унга худди прокурор каби янги саволларни берамиз, у эса жавобларни.

Шифокор кириб келди, улар гаплашишади, шифокор кўз қири билан асбоблардаги маълумотларга қарайди. У ниқобининг остидан кулаётганини кўриб қолдим. Кейин овозини чиқариб айтади: бугун биз сени жанг қилиб қайтариб олдик! Бемор унга қайта ва қайта миннатдорчилик билдиради.

Навбатчилигим шундай тугади! Қандай яхши! Худди қушдек учиб кетяпман, чарчоқ йўқ, фақат хурсандчилик бор! Шифохонада эса “ковид”ни юқтирган беморлар сони борган сари камайиб боряпти.

Эртага охирги иш куним.

Карантин ўз самараларини беряпти. Деразамнинг тагидан шифохонага йўл кўриниб турибди. Авваллари “Тез ёрдам” машиналари 5-6 соатда бир марта ўтарди. Ва мен шундан кун яхши ёки томонга қараб кетаётганини билиб олардим. Ҳозир эса кунига 5-6 марта ўтяпти.

Эндиги энг асосий нарса шуки, барчасига жиддий ёндашиш керак ва карантин тугагандан кейин ҳам иккинчи тўлқин бошланиб кетмаслиги учун бир муддат эҳтиёткорликка риоя этиш даркор.

Рисолат МАХСИМОВА

Шарҳлар