Аввалроқ, Пискент туман ИИБ ходими хизмат вазифасини бажариш вақтида ҳалок бўлгани ҳақида хабар қилгандик. Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг Матбуот котиби Бобур Туляганов ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берди:
Сержант Ўрмонов Дилмурод Бўтабоевич (хизмат вазифасини бажариш чоғида) бевақт вафоти муносабати билан Тошкент вилояти ИИББ раҳбарияти ва шахсий таркиби марҳумнинг қариндош ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Жорий йилнинг 11 сентябр куни Тошкент вилоятида жиноятчиликни олдини олиш юзасидан ўтказилаётган профилактик тадбир давомида Пискент тумани ҳудудида хизмат бурчини бажараётган ЙПХ инспектори сержант Дилмурод Ўрмонов, ҳайдовчи 1992 йилда туғилган Ш.A. (мастлик ҳолатида) бошқарувидаги “Лаcетти” автомашинасига тўхташ ишорасини беради. Ҳайдовчи эса ИИО ходимининг қонуний талабига бўйсунмай ҳаракатни давом эттирган ва 1991 йилда туғилган Пискент тумани ИИБ ЙҲХБ қидирув ва суриштирув бўйича инспектори, сержант Дилмурод Ўрмоновни уриб юбориб ЙТҲ содир этади.
Натижада, кўрсатилган тиббий муолажага қарамай сержант Дилмурод Ўрмонов олган тан жароҳатлари билан шифохонада бугун 14 сентябр куни вафот этди.