Президентликка номзод Шавкат Мирзиёев сайловолди ташвиқот йиғилишида энг оғриқли бўлган - сув, йўл, энергетика ва канализация масалалари юзасидан Қашқадарё вилоятида ўз ечимини кутаётган келгуси беш йиллик режалар ҳақида гапирди. Бу ҳақда “Даракчи” мухбири Сардорбек Раҳмонқулов хабар бермоқда.
Энергетика
Энергетика соҳасида келгуси беш йилда умумий қиймати 1,3 миллиард долларлик жами қуввати 1 минг 250 Мега-Ватт бўлган лойиҳалар амалга оширилади. Жумладан:
- Ғузор туманида 200 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий сармоялар ҳисобига қуввати 300 Мега-Ватт бўлган қуёш электр станцияси барпо этилади.
- Таллимаржон иссиқлик электр станциясида 1 миллиард доллар хорижий инвестиция ҳисобидан қўшимча 900 Мега-Ватт қувватлар ишга туширилади.
Шунингдек, 500 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ҳисобидан Муборак иссиқлик электр станцияси модернизация қилинади.
Умуман, Энергетика вазирлиги ҳузурида йирик тармоқ лойиҳалари учун, инфратузилма барпо этиш мақсадида, махсус жамғарма ташкил этилиб, унга 200 миллион доллар маблағ ажратилади.
Ичимлик суви
Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш вилоятдаги энг оғир масалалардан бири. Бугунги кунда 521та маҳаллада яшайдиган 1,8миллионга яқин аҳоли марказлашган ичимлик суви билан таъминланмаган. Айниқса, Косон (4 фоиз), Деҳқонобод (6 фоиз), Қамашида (14 фоиз) бу кўрсаткич жуда паст. Шу боис, келгуси беш йилда марказлашган тоза ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 47 фоиздан 80 фоизга етказилади. 4 минг 300 километричимлик суви иншоотлари барпо этилади.
Канализация
Қарши шаҳри канализация иншоотидаги тозалаш ускуналарининг 60 фоизи яроқсиз аҳволда. Оқибатда, оқова сув тозаланмасдан очиқ сув манбаларига чиқариб ташланмоқда. Бундан ташқари, вилоятдаги мавжуд 14 та канализация насос станцияларининг барчаси таъмирга муҳтож.Келгуси беш йилда 360 километрканализация тармоқлари, 237 таичимликсув ва 2 таоқова сув иншоотлари барпо этилади.
Умуман:
- Косон, Муборак, Қамаши, Ғузор туманлари, Қарши, Шаҳрисабз, Китоб шаҳарларида ичимлик сув ва канализация тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича, умумий қиймати 260 миллион доллар бўлган 4 та лойиҳа амалга оширилади. Натижада, илгари ичимлик суви етиб бормаган Ғузор, Косон, Деҳқонобод, Қамаши, Қарши, Касби, Муборак ва Миришкордаги 342 та маҳалланинг 1,5 миллион аҳолиси тоза ичимлик суви билан тўлиқ таъминланади. Ушбу ишларга жами 3 триллион сўм маблағ ажратилади.
- Ичимлик суви танқис бўлган Ғузор, Нишон, Касби, Миришкор туманларининг ер ости шўрланган сувларини қайта ишлаб, истеъмолга йўналтириш лойиҳаси амалга оширилади.
Йўл
Шу билан бирга, 5 минг километрдан зиёд автомобиль йўллари ва ички кўчалар, 130 та кўприк ва сунъий иншоотни қуриш-таъмирлаш учун қарйиб 4 триллион сўм йўналтирилади.
Хусусан келгуси йилда:
- “Ғузор-Чим-Кукдала” автомобиль йўлининг35 километр қисмида реконструкция ишлари якунига етказилади.
- “Тошкент-Термиз” М-39 автомобиль трассасининг 60 километр қисми ҳалқаро молия ташкилотлари маблағлари ҳисобига реконструкция қилинади.
- Чироқчида 471 километр, Деҳқонободда 385 километр, Қамашида 353 километр, Миришкорда 226 километр, Косонда 277 километр, Қарши туманида 284 километр ички йўллар таъмирланади.
- Китоб, Шаҳрисабз, Яккабоғ ва Қамашининг 1 миллион аҳолисига қулай шароитлар яратиш мақсадида, Қашқадарёни Самарқанд билан боғловчи довон давлат-хусусий шериклик асосида қайта таъмирланади шунингдек тонел қурилишининг иқтисодий самарадорлиги ҳам ўрганиб чиқилади.
Шунингдек, ички йўлларни таъмирлаш ва фойдаланишнинг янги тизими жорий этилади. Жумладан, ҳар бир туман ва шаҳарда алоҳида жамғарма ташкил этилиб, барқарор молиявий манбалар билан таъминланади. Ушбу жамғарма маблағларининг 50 фоизи жамоатчилик таклифлари асосида шакллантирилган лойиҳаларга сарфланади.
Мавзуга доир:






