АсосийJamiyat

ОТМда талаба қизларга нисбатан шилқимлик - жиддий муаммо, Педагогика университети талабаси билан шу кунларда содир бўлган воқеа бунинг яққол далилидир — Саида Мирзиёева

'ОТМда талаба қизларга нисбатан шилқимлик - жиддий муаммо, Педагогика университети талабаси билан шу кунларда содир бўлган воқеа бунинг яққол далилидир — Саида Мирзиёева'ning rasmi

Бугун ижтимоий тармоқларда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети талабаси Камилова Муштарийнинг декан ўринбосари томонидан зўрлашга ҳаракат қилиниб, деразадан итариб юборилгани ҳақидаги хабарлар кенг тарқалди. Сал аввал Бош прокуратура ҳолат бўйича текширув олиб борилаётганини, Тошкент шаҳар ИИББ эса ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 118-моддаси (“Номусга тегиш”) ва 105-модда (“Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш”) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилгани ва Ю.Бағибекка нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилганини маълум қилди. 

Шундан сўнг, "darakchi.uz" воқеа тафсилотларини ва жабрдийда аҳволи ҳақида қўшимча маълумотларни эълон қилди.

Ушбу ҳолатга Масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева ҳам муносабат билдирди:

ОТМда талаба қизларга нисбатан харассмент (шилқимлик) - жиддий муаммо, Педагогика университети талабаси билан шу кунларда содир бўлган воқеа бунинг яққол далилидир.

Жамоатчиликка ошкор этилаётган бу каби ҳолатлар денгиздан томчи эканини барчамиз англаб турибмиз. Албатта, бу ҳақда очиқ гапиришга жазм қилган қизларнинг жасорати ва қатъияти таҳсинга сазовор. Бироқ тазъйиқ ва ноҳақлик ҳақида баралла гапира олмай, дарду ҳасратини машъум кабинетлар ҳамда хотирасининг узоқ бурчакларига дафн этганлар қанча!  Жабрдийданинг ўзини айблаб, терговни “ёпти-ёпти” қилиб юборилган ҳолатлар қанча! Қанчадан-қанча жиноятчилар ожизани муросага кўндиргани ёки қўрқитиб қўйгани учун сувдан қуруқ чиққан?  

Айни кунларда бу ҳақда тинимсиз ўйлаяпман. Биз бу борада Сенат, Бош прокуратура, ИИВ ва ОАВнинг ҳаракатини бирлаштирадиган йирик лойиҳага муҳтожмиз. Айбдорлар жавобгарликдан қоча олмаслиги учун бундай ҳодисаларнинг ҳар бири жамоатчиликка ошкор қилиниши шарт. Зўравонлик қурбонлари уларнинг нидосини эшитадиганлар ва ёрдам берадиганлар борлигига  ишончи комил бўлиши, зўравонлар эса жазо муқаррар эканлигини англаши зарур.  

Шунда нафақат ўқишдан ҳайдаш ёки бошқа баҳоналар билан ОТМ талаба қизларига таҳдид қилишга, балки исталган бошқа жойда ҳам лавозим ва мавқеини суистеъмол қилиш билан қонунни бузишга йўл қўйилмайди.

    Бошқа янгиликлар