Sevimli

Андижонда 9 ёшли қизни ваҳшийларча ўлдирганликда айбланиб, сўнг оқланган аёл яна айбли деб топилди

ЖИНОЯТ 26.11.2021, 13:42
Андижонда 9 ёшли қизни ваҳшийларча ўлдирганликда айбланиб, сўнг оқланган аёл яна айбли деб топилди

Аввал хабар қилинганидек, 2020 йил 21 июнь куни Асака туманида 9 ёшли қизнинг мурдаси ўз уйида қотиллик аломатлари билан топилган.

Ўшанда қизалоқнинг 23 ёшли аёл қўшниси қотил деб топилганди. 

Бироқ, мазкур иш Андижон вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида кўриб чиқилиб, А.Ҳамдамовага илгари сурилган асосий айбловлар юзасидан оқлов ҳукми чиқарилган. Шундан сўнг, ижтимоий тармоқларда тергов ишлари адолатли олиб борилмагани бўйича турли хабарлар тарқалди.

Айни пайтда Бош прокуратура мазкур жиноят иши бўйича қўшни аёл айбдор деб топилгани ва иш қайта қўзғатилгани бўйича маълумот берди.

Маълум қилинишича, мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари Бош прокуратуранинг Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси томонидан олиб борилган.

Тўпланган далилларга асосан дастлабки терговда фуқаро Асрорахон Хамдамова 2020 йил 21 июнь куни қўшниси Д.А. истиқомат қиладиган уйга ўғрилик мақсадида киргани ва у ердан пул олганига гувоҳ бўлган, ёш бола Қ.И.нинг танасига бир неча маротаба пичоқ билан жароҳат етказиб, уни қасддан ўлдиргани аниқланган.

Шунингдек, А.Хамдамова ўғирлик ҳамда фирибгарлик жиноятларини ҳам содир этганлиги ўз исботини топган.

Айбланувчининг айби унинг кўрсатуви бўйича олинган ашёвий далил (пичоқ), пичоқ дастаси ичидан олинган намуна марҳума қизга тегишли эканлиги тасдиқланган экспертиза хулосаси, гувоҳларнинг кўрсатувлари, хусусан тўрт нафар гувоҳ А.Хамдамова марҳума қизнинг хонадонидан югуриб чиққанини кўришгани ва бошқа далиллар билан тўлиқ исботланган.

Бундан ташқари, А.Хамдамова ўз айбига иқрорлигини ҳам баён қилган. Жумладан, қўшнисининг уйига ўғирлик мақсадида киргани ва шу қўшнининг ёш қизи (марҳума) уни кўриб қолганидан қўрқиб, норасидани пичоқ билан ўлдирганлигини тан олган.

Энг муҳими, А.Хамдамованинг иқрорлик кўрсатувлари реал воқеликка асослангани ва ихтиёрий равишда берилгани суд-психология экспертизаси хулосаси билан тасдиқланган.

Бинобарин, судланувчи тергов жараёнларида қўрқитилгани ёки қийноққа солингани ёхуд бошқача тарза унга тазйиқ ўтказилгани тўғрисидаги иддаолар билан ҳам келишиб бўлмайди.

Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлардаги чиқишларда гўёки “асос” қилиб кўрсатилаётган “марҳума қизнинг зўрлангани” ҳам суд-комиссиявий экспертизада ўз исботини топмаган...

2020 йил 21 июнь куни мазкур жиноят иши айблов хулосаси билан мазмунан кўриш учун Андижон вилоят судига юборилган.

Бироқ, тергов давомида аниқланган ва исботланган далил ҳамда важлар суд томонидан инобатга олинмаган, ўта оғир жиноят ҳаракатларига етарли баҳо берилмаган.

Шу тариқа Андижон вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 5 майдаги ҳукми билан А.Хамдамова фақатгина фирибгарликда, яъни, марҳума қизнинг онасига тегишли бўлган тилла занжирни алдов йўли билан қўлга киритишда айбдор деб топилиб, унга нисбатан 2 йил муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинланган. 

Ўғирлик, босқинчилик ва мудҳиш жиноят – қотиллик юзасидан эса, у оқланган.

Шу боис, жорий йил 12 май куни Андижон вилоят прокуратураси томонидан Андижон вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 5 майдаги ҳукмига нисбатан Олий суднинг жиноят ишлари бўйича апелляция инстанциясига апелляция тартибида протест келтирилди.

Бинобарин, Бош прокуратура иш бўйича манфаатдор тарафлар ва кенг жамоатчилик, хусусан оммавий ахборот воситаларидан қуйидаги жиҳатларга эътибор қаратишни сўрайди:
 

биринчидан, вилоят суди томонидан оқланган судланувчининг “айбсиз” эканлиги ҳақида суднинг якуний ҳукми қонуний кучга кирмасдан туриб, хулоса қилишга ҳали эрта.

Зотан, иш бўйича судлов жараёнлари мавжуд ҳужжатлар, далиллар, гувоҳларнинг кўрсатувлари, айблов хулосасига асос қилиб келтирилган бошқа жиҳатларга вилоят суди томонидан ҳар томонлама муносиб баҳо берилмаганини кўрсатиб турибди;

иккинчидан, асосан ҳимоя тарафи ва судланувчи кенг жамоатчиликка тақдим этаётган “тафсилотлар” асосида эҳтиросли хулосаларга келиш ноўриндир.

Зеро, гап 9 ёшида ваҳшийларча қотилликнинг қурбони бўлган қизалоқнинг аянчли тақдири учун айбдорни сўзсиз жавобгарликка тортиш, бир норасида фарзанди ўлдирилган оиланинг изтироблари, жазонинг муқаррарлиги ва адолат тантанасига бўлган умиди ҳамда ишончи ҳақида бормоқда;

 

учинчидан, айнан суднинг, аниқроғи, Олий суднинг якуний тўхтамидан кейингина жиноят иши бўйича қўшимча равишда тегишли муносабат билдирилади.

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
Валюта курси
1