sevimli
Sevimli

28 йил деганда Қорабоғига қайтган қорабоғлик ҳикояси (фото)

ДУНЁ 29.11.2021, 07:56
28 йил деганда Қорабоғига қайтган қорабоғлик ҳикояси (фото)

Тошкентдаги Озарбайжон маданият марказий томонидан Озарбайжон республикасининг бир нечта шаҳарларига ташкил қилинган медиа турда биз ҳам қатнашдик. Бу шаҳарлар орасида ўтган 2020 йили 10 ноябрь куни Арманистон, Озарбайжон ва Россия ўртасидаги баёнотнинг имзоланиши билан Озарбайжонга қайтарилган Фузулий ва Шуша шаҳарлари ҳам бор эди.

Боку шаҳридан 300 кмча масофага узоқлашдик. Озарбайжон районлари, у ердаги уйлар архитектураси, яшаш тарзи ҳудди ўзимизники каби – жуда яқин. Ҳеч бир бегоналик ҳис қилмайди одам. Каспий денгизи ортида бизга бунчалик яқин ҳаёт тарзи борлиги кишини ҳайрон қолдиради. Ниҳоят, Фузулий районига етиб келдик.

Одатий ҳаёт: гавжум аҳоли, бозорлар, дўконлар, мактаблар, шифохоналар... Аммо районнинг шимолий-ғарбий қисмига етиб келишимиз билан ҳаммаси бирдан ўзгарди – ҳарбийлар, кучли назорат, шлагбаум тўсиғи... Билсак, 2020 йил 27 сентябрдан 10 ноябрга қадар давом этган 44 кунлик уруш – 2-Қорабоғ муҳорабаси бўлиб ўтган ҳудудлар чегарасида эканмиз.

Маълумот учун: Фузулий райони шу кунгача иккига бўлинган: 1993 йилнинг ёзидан 2020 йилнинг кузигача унинг шимолий-ғарбий қисми, жумладан, Физулий шаҳрининг маъмурий маркази маъмурий-ҳудудий бўлинишига кўра, тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикаси назоратида бўлган. Биз кўрган ҳаёт одатдагидек давом этаётган қисми эса 1994 йил январ ойида Ҳорадиз операцияси давомида Озарбайжон Қуролли Кучлари томонидан қайтарилган.

Фузулийнинг Қорахонбейли қишлоғи – 2-Қорабоғ муҳорабасида ишғолдан озод этилган 1-қишлоқ. Биз билан ҳамроҳ бўлиб келган Озарбайжон Фанлар академияси доценти Ҳусейн Ҳусейнов ҳам асли мана шу Қорахонбейли қишлоғидан туғилиб ўсган экан. 27 йиллик ишғол сабабли ўз қишлоғини кўра олмаган Ҳусейн 28 йил ўтиб, ўз уйини топди. Лекин афсуски, тош харобаларни ҳисобга олмаганда,  қишлоқдан асар ҳам қолмаган.

"15 ёшимда, яъни 8-синфда Қорабоғдан Бакуга кетганмиз. Бу менинг уйим бўлган. Бу кентимизнинг 2800 нафар аҳолиси бор эди. Кўряпман - у хотираларимиздан ҳеч нарса қолмабди. Болалагимизда атроф текисликларда чорва боқардик. Ўйнардик, кулардик. Ҳозир эса ҳамма ҳар тарафга тарқалиб кетган. Насиб этса биз бу ерлар қайта қурилгач эмас, бу ерларни ўзимиз қайта қуриш учун келамиз!" - дейди у.

"Нега кўзингиз ёшланмади?"- деган саволимизга эса "Йиғлаш даври ўтди, севиниш даври келди", дея жавоб қилди Ҳусейн. Лекин атроф ҳудуд ҳали миналардан тўлиқ тозаланмагани учун у ўз ўйига яқин бора олмади. 

Озарбайжон томонидан “Зафар йўли” дея таърифланиб, янгидан бунёд этилган йўл Қорабоғнинг маданий пойтахти Шушага қадар чўзилган. Масофа яқин эмас – 70 кмдан бироз узоқроқ. Йўлда кетар эканмиз, ҳароб аҳволдаги икки ён қишлоқларда бирорта бутун уйга кўзимиз тушмади. Бир неча кмгина орқадаги қайноқ ва одатий ҳаётдан асар ҳам қолмаганди. Бу ҳолат Шушага қадар давом этди (бу ҳақда кейинроқ). 

Фузулий Озарбайжонга қайтарилгач, бутун бинолар йўқлигидан аскарларимиз байроқ қадашга бино топишолмади”, - дейди Тошкентдаги Озарбайжон маданий маркази директори Самир Аббосов.

Мавзуга оид:

Шу йилнинг 31 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркий Кенгашнинг видеоконференция шаклида ўтказилган норасмий саммитидаги нутқида Тоғли Қорабоғ масаласига тўхталиб, “Бугунги фурсатдан фойдаланиб, Озарбайжон Президенти ҳурматли Илҳом Гейдарович Алиев ва озарбайжон халқини, Тоғли Қорабоғ ҳудудини қайтариб, тарихий адолатни тиклаш йўлидаги ғалабаси билан яна бир бор табриклайман.Ўзбекистон Тоғли Қорабоғ заминидаги кўҳна обидалар, маданият ва маърифат масканларини тиклаш ишларига ҳисса қўшишга тайёр эканини билдирамиз.”, — деган эди.

Сардорбек Раҳмонқулов

Тошкент-Баку-Қорабоғ-Тошкент

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
Валюта курси