Му5
50

СУРОНЛАРДА СИНАЛГАН МАЪСУМА ОНА

Рекорд 20.12.2017, 16:49
7474
СУРОНЛАРДА СИНАЛГАН  МАЪСУМА ОНА

Кечасини алам ва кўз ёш билан эсласа-да, бугунги доруломон кунларга етганидан дилида ва тилида шукроналик...

1933 йилнинг қиши совуқ ва бефайз келди. Ўша машъум кунларнинг бирида 16 ёшга тўлган Маъсуманинг кўз олдида узун шинель кийган солдатлар ярим тунда эшикларни бузиб кирдилар, тўғри омборхона ва отхона томон чопдилар: йил бўйи қилинган оғир меҳнат маҳсули бўлмиш қоп-қоп буғдой, арпа, шоли, пиёз ва бошқа маҳсулотларни катта араваларга юкладилар. Аёллар, ёш болалар нима бўлаётганини тушунмай, ваҳимага тушиб йиғлай бошлашди. Шунда хонадон соҳиби 45 ёшдаги Абдусамадҳожи ўғли Абдулазизҳожи “Нима бўляпти ўзи? Сизлар кимсиз?­ Нега бизни тунда хонавайрон қиляпсизлар?” деганини билади, бирданига кўксига милтиқ қўндоғи билан берилган зарбдан ерга қулади. Ёш ва эркатой Маъсума ва оила аъзолари кўз ўнгида бутун эл ҳурмат қиладиган маҳалла раиси Иноят оқсоқолнинг севимли набираси — Абдулазизҳожи ерпарчин бўлиб ётарди...

Қоронғу совуқ тундаёқ очиқ юк машинасида бор-йўғини ташлаб, қўлга илинганини олиб, Тошкент вилоятининг Кўктерак мавзесидан пойтахт томон йўл олинди. Қадимги Хасти Имомда, шундоқ гавжум бозор биқинидаги узун берккўчалардан биридаги узоқ қариндош Нурмуҳаммаднинг уйи қочоқларга бошпана бўлди. Сал ўтиб ёшгина Маъсума ана шу хонадонга келин қилиб берилди.

Тарихнинг аччиқ ва аламли кунларини бошдан кечирган, тақдир синовлари сабаб анча тез улғайган ва узоқ муддатли оғир меҳнатда суяги қотган ўша қизалоқ бугун ҳурматли ва нуроний онахон. Яқиндагина, тўғрироғи 20 январь куни пойтахтимиздаги Хасти Имом маҳалласида истиқомат қилаётган Маъсума Азизова муборак 100 ёшга кирдилар. Онахон кечасини алам ва кўз ёш билан эсласа-да, бугунги доруломон кунларга етганидан дилида ва тилида шукроналик. Шу билан бирга фарзандлари, қариндош-уруғлар ва бошқа йўқлаб келган борки, барчага ўша оғир шароитдаги турмуш тарзи, аёлларнинг меҳнатда қаварган қўллари-ю, болаларнинг оч-наҳорлиги ҳақида сўзлаб бериб, бугунги тўкин-сочин кунлар қадрини такрорлашдан чарчамайди.

Жажжи елкадаги залворли юк

Мўътабар Нурмуҳамедова, Маъсума онанинг қизлари:

— Отамиз Мирсолиҳ Нурмуҳамедовга турмушга чиққанларида онам атиги 16 ёшда бўлган ва рўзғорнинг залворли юки унинг жажжи елкасига тушган. Кейинчалик кетма-кет биз фарзандлар — икки ўғил ва беш қиз дунёга келганмиз. Шунча бола билан ҳам колхоз ерида ишлаш, ҳам рўзғор ишига улгуриш, бунинг устига болаларнинг қорнини тўйдириш ўзи мушкул бўлган деб, хотирлайди онам. Отам ва онам ўқимаган бўлишса-да, 7 нафар фарзандининг барчасини олий маълумотли қилишган. Ҳозир онамизнинг етти фарзандидан 22 невара, 50 нафар эвара ва 7 чеваралари бор.

Онамиз оғир шароит, нотинч замонни кўрмаган бугунги замон фарзандларига ўткан кунларни тинмай гапириб берадилар, ўтмишдан хулоса чиқариш, бугунга шукр қилишни таъкидлайдилар.

Айни пайтда юртимиз аҳолиси 32121,1 минг кишидан иборат бўлиб, шундан 8700 таси 100 ёшдан ошганларни ташкил этади. Биз ҳам яқиндагина ана шу сафга қўшилган Маъсума онанинг узоқ умр кўриш сирларига қизиқдик.

80 ёшгача Ҳам Қариликка ён бермаганлар

— Онамнинг табаррук ёшларга етишларининг асосий сабаби бу — меҳнат. Биз уларни ҳамиша нимадир иш билан банд, тиниб-тинчимас ҳолатда кўрардик. Бир муддат ҳам бўш ўтирмасдилар. Уй, рўзғор, далада ишлашдан ортиб, чеварчилик ҳам қиларди: келинлар учун кўрпа, ёстиқ ва сарполар тикарди. Хуллас, онам 80 ёшдан ошиб қариликни бўйниларига олдилар.

Узоқ умр кўришларининг яна бир сабаби онам ҳамиша овқатланиш тартибига риоя қилган. Ёшлик пайтларида етишмовчиликдан кам ейишга мажбур бўлгандирлар, аммо бугунги тўкинчилик даврида ҳам оз-оздан маҳсулотларни саралаб тановул қиладилар. Уларнинг овқатланиш рационида ёғли, гўштли ва ишлов берилган маҳсулотлар умуман йўқ. Бизга “Ҳар қандай вазиятда ҳам инсон нафсини тия билиши керак”, деб кўп такрорлайдилар.

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+1° туман
Валюта курси
rightuz