41

ГЎЗАЛЛИК БОРАСИДАГИ 4 САВОЛГА 4 ЖАВОБ

СУҒДИЁНА 05.01.2018, 10:43
2134
ГЎЗАЛЛИК БОРАСИДАГИ 4 САВОЛГА 4 ЖАВОБ

Сочлар ва қошлар борасида муштарийларимизни қизиқтирган саволларга жавоб берамиз. Мутахассисстилист Фарангиз АВЕЗОВА.

«Тез ва самарали усулламинация

Сочимни тез-тез бўяганим учун жонсиз, қуруқ ҳолатга келиб қолди. Уй шароитида қўллаётган ниқоблар фойда бермаяпти. Уларни соғломлаштириш учун нима қилсам бўлади?

Умида, 24 ёш

Қуруқшаб, сомонга ўхшаб қолган сочни силлиқ, майин ва жилокор кўринишга келтириш учун ламинациялаш амалиётидан фойдаланиш мумкин. Бунда, мутахассис аввал сочни яхшилаб тозалаб, кўриниши елимни эслатувчи полимерни бутун узунлик бўйлаб суртади. Кейин 15 дақиқа махсус лампа остида ўтирасиз. Шунда натижа янада яхшироқ намоён бўлади. Сўнг соч ювиб, қуритилади. Ламинациялашда ҳар бир тола полимер билан қопланади ва жилокор кўринади. Умумий ҳисобда амалиёт 1 соат вақтингизни олади. Парваришланмаган, синиб, «гуллаб», ёмон кўринишга келган сочларга амалиётни 5–10 марта ўтказиш тавсия этилади. Ламинация соч рангини ўзгартирмайди. Энг муҳими, совуқ кунларда электрланишига йўл қўймайди.

«Сочимнинг рангини бутунлай ўзгартирмоқчиман»

Кеча уйда сочимни тўқ рангга бўягандим. Лекин энди ўзимга ёқмай турибди. Икки кундан сўнг жиянимнинг тўйи. Бу маросимда бетакрор кўринишим шарт! Аммо бунақа соч билан мақсадим амалга ошмаса керак...

Чарос, 28 ёш

Ҳозирги кунда имкони йўқ ишнинг ўзи йўқ. Қаловини топсангиз, кифоя. Аёллар қора сочини маллага айлантираётган бир замонда сизнинг муаммонгизни тез ҳал бўлиши тайин. Яъни «ювиш» (смывка) амалиётига мурожаат қилсангиз кифоя. Бу бўяшнинг айнан акси. Яъни махсус модда сочга таъсир кўрсатиб, бўёқ ва тола орасидаги боғланишни узади. Сўнг бўёқ молекуласини ўраб олиб, сочдан чиқаради. Натижада толалар асл рангига ёки шунга яқин рангга киради. «Ювиш» ёрдамида бир мартада соч рангини 3 тусга очроқ кўрсатиш имконияти мавжуд. Амалиётни ўтказгандан сўнг сочни бўяш тавсия этилмайди. Тус берувчи воситалардан фойдаланган афзал. Неча марта «ювиш» кераклигини эса истагингиздан келиб чиқиб, сартарош ҳал қилади. Амалиётни икки ҳафтадан сўнг такрорлаш мақсадга мувофиқ саналади.

«Бир марта турмак қилсанг-у, бир неча ой турса...»

— Шу кунларда лавозимим кўтарилиб, ўзимга умуман вақт ажратолмай қолдим. Авваллари ҳар тонг кўзгу қаршисида ярим соат туриб сочимга ҳажм берардим. Ҳозир бундай имкониятим йўқ. Бироқ чиройли кўринишни истайман...

Зарина, 31 ёш

Асосий вақтини ишга бағишлайдиган аёллар учун «Bouffant» амалиёти жуда мос. Бир марта сочингизга шу йўсинда ҳажм берсангиз, натижа 2-3 ой сақланиб туради. Бунда соч тозалангач, унинг илдизи тараб шиширилади ва сочга бигуди ўралади. Толаларнинг узунлиги бўйлаб ҳимояловчи восита суртилади. Кейин сочнинг илдизга яқин қисмига махсус кимёвий восита суртилади. Амалиёт жараёнида кимёвий воситага икки бора мурожаат қилинади. «Bouffant» асосан калта ёки ўрта узунликдаги соч соҳибаларига тавсия этилади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай усулда ҳажм берилган сочлар ўсгандан кейин билинмай кетади.


«Қошни қандай бўяш лозим

Табиатан қошларим сийрак, яккам-дуккам. Охирги йилларда қалин қошлар урфга киргани учун ҳар куни уларни бўяшимга тўғри келаяпти. Тўғриси бироз толиқдим. Татуаж амалиётидан чўчийман. Оғриққа йўқман. Эшитишимча, ҳозирда қош учун махсус бўёқлар бор экан. Шулар ҳақида тўлиқроқ маълумот берсангиз.

Гулмира, 23 ёш

Ёдингизда бўлса биотатуаж, яни қошни хинага бўяш ҳақида мақола тайёрлагандик. Келинг, бу сафар кимёвий бўёқлар тўғрисида гаплашамиз. Жараён ҳудди соч бўяшга ўхшаб кетади. Бўёқ ва оксидловчи моддани аралаштирасиз. Кейин қошни тоник билан тозалаб, ёғсизлантириб оласиз ва рангсиз қалам билан қош атрофини чизиб чиқасиз. Қия чётка ёрдамида пасдан юқорига қараб бўяйсиз. Чизиқдан чиқсангиз пахтали чўпчалар билан артиб юборинг. Агар бўёқдан биринчи марта фойдаланаётган бўлсангиз, қадоғида 15 дақиқа ушланг, дея кўрсатма берилганига қармай 5-7 дақиқадан ортиқ ушламанг. Кейин эҳтиёткорлик билан, кўзга теккизмасдан ювасиз. Ана бўлди! Ёдда тутинг, аллергиянинг олдини олиш учун бўёқни аввал билак ёки тирсакнинг ички тарафига суртиб, 15-20 дақиқа кутиш лозим. Қизариш ва қичишиш бўлмасагина қўшга суртиш мумкин.

МАФТУНА тайёрлади.

Комментарии

Тема дня: Фото
Погода: Ташкент
+13° ясно
Курсы валют
9433.34
USD -13.31
10354.03
EUR 21.28
145.75
RUB -0.44
rightuz