13

​«Келинимнинг бахтини кўролмас эканман…»

СУҒДИЁНА 17.12.2018, 11:53
4126
​«Келинимнинг бахтини кўролмас эканман…»

Таҳририятимизга бўлган мурожаатларни ажратар эканмиз, қуйидаги нома эътиборимизни тортди. Бизнинг вазифамиз айбдорни излаш эмас, боши берк кўчага кириб қолган қаҳрамонимизга ёрдам бериш эканлиги сабаб муаммони атрофлича таҳлил қилишга киришдик. Вазиятга адолатли назар ташлаш учун эса бир-икки кишининг фикри камлик қилиши тайин. Холисона хулосаларимиз ва маслаҳатларимиз катта ҳаётий тажрибага эга бўлган кўпчилик инсонларнинг нуқтайи назаридан келиб чиқиб тавсия этилмоқда. Ўйлаймизки, бу тавсиялар қаҳрамонимизга оилавий ҳамжиҳатликни таъминлашга ва муросага келишга ёрдам беради.

— Одатда келинлик остонасида турган қизларга «Оилам тинч бўлсин десанг, уйдаги гапни кўчага олиб чиқма», деб насиҳат қилишади. Лекин бугун оиламиздаги гапни келиним эмас, мен «кўча»га олиб чиқаётгандекман. Арзимас бўлиб кўринган муаммолар борган сари чигаллашиб мени боши берк кўчага олиб кириб қўйдики, уларга на оила даврасида, на яқин дўстларим маслаҳати билан ечим топишимга кўзим етмай қолди. Шу сабабли, сизларнинг ёрдамингизга умид боғлаб мактуб йўллашга қарор қилдим. Ёшим 32да. Укам ва келиним билан бирга яшаймиз. Шу кичкина оилада қандай ечимсиз муаммо бор экан, деб ҳайрон бўлаётгандирсиз. Келинг, ҳаммасини бошидан сўзлаб берай. Укам иккимиз автоҳалокат сабаб бир кунда ота-онамиздан айрилиб қолдик. Ўшанда укам 14, мен эса 18 ёшда эдим. Бошида қавм-қариндошлар хабар олиб, ёрдам бериб туришди. Мактабни тугатиб ишга жойлашгач ҳаётимиз секин-аста ўз изига туша бошлади. Ота-онам ўқимишли инсон бўлишгани учун келажакда бизни ҳам олий даргоҳларда ўқитишни орзу қилишарди. Афсуски, мен ўқишимни давом эттиролмадим. Укам ота-онамиз орзу қилган инсон бўлишига ишонардим. Бунинг учун ҳамма нарсага тайёр эдим. Іатто, укам оёққа туриб олиши учун турмуш қуришни ҳам ортга сурдим. Бугунга қадар укам учун нимаики қилган бўлсам, заррача афсусланганим йўқ, аксинча унинг эришган ютуқларидан фахрланаман. Бир йил бўлиб қолди укамни уйли-жойли қилганимизга. Бошида ҳаммаси яхши эди. Келин бўлмиш қиз келишган, чиройли, тарбияли бўлгани учун укам иккимизга бирдек маъқул бўлганди. Айниқса, мен жуда хурсанд эдим, укамни ишончли қўлга топшираётганимдан. Аммо охирги пайтларда эгачи-келиннинг муросамиз келишмай бораяпти. Рўзғор тутумида билмаганларини ўргатсам, нотўғри қилган ишини ундай эмас, бундай бўлади деб танбеҳ берсам, мен билан гаплашмай қўядиган одат чиқарди. Бошида ҳомиладорликнинг инжиқликлари деб эътибор бермадим. Бир куни телефонда ким биландир овозини баланд қўйиб гаплашаётганини эшитиб қолдим: «Фарзандимни дунёга келтириб олай бу уйда ким хўжайин эканини кўрсатиб қўяман ҳали. Ҳозирча ҳеч киммасман, лекин оз қолди, укаси ўзи ҳайдаб солади бу қари тўнкани уйдан. Мени совунимга кир ювмапти...» Эшитиб фиғоним фалакка кўтарилди. Аранг ўзимни босдим, укамга чурқ этмадим. Ўртасидаги муносабатни совутиб, оиласини бузгим келмади. Икки ўртада жаврини жигарим тортади барибир. Бўлди бошқа аралашмайман келинимнинг ишларига, билганини қилсин, деган қарорга келдим. Аммо бир кун ишдан келсам, келин уйда йўқ. Нарсаларини олиб ойисиникига кетиб қолибди. Ҳаммаси жонига тегиб кетганмиш. Ҳамма нарсага аралашаверадиган, эрининг пулларини қуртдай санаб оладиган, ҳатто, кийимининг ярашиб-ярашмаганигача сўрайдиган қилиб укасининг «бурнидан ип ўтказиб олган», келинга хизматкордек муносабатда бўладиган зулмкор қайнэгачи билан бир уйда яшашдан тўйибди. Укам «Келинни уйга олиб келиш керак», деган гапимни эшитишни ҳам истамади. «Қандай кетган бўлса, шундай қайтиб келади», деди. Келин уч кунда ҳам қайтмади. Қудаларнинг ҳам фикри тайин бўлмаса қайтариб олиб келишарди. Кўп чидаб туролмадим, мени деб бир оила бузилиб кетишига томошабин бўлолмасдим. Минг қилсаям, ўртада фарзанд бор. Ўзим ялиниб-ёлвориб олиб келдим. Энди келинимнинг тили анча «узайган». Охирги пайтларда менга бемалол ҳақорат тошларини отаяпти. Уйига кетиб қолгандан кейин укам билан оралари олдингидай илимади. Эри билан муносабатларининг ёмонлашувига ҳам сабабчи мен эканман. Бахтсиз бўлганим учун бошқаларнинг бахтини кўролмасмишман. Шунақа ичиқора, бахил бўлганимдан «қариқиз» бўлиб ўтирганмишман. Келинимнинг гаплари юрагимни ханжардек тилса ҳам, буларни укамга айтолмайман. Ўзи шундоқ ҳам хотинидан кўнгли қолган. Келиним эса бор айбни мендан қидиради. Мен унинг ашаддий душманига айланиб қолганман. Укам билан ўртамиздаги туғишганлик ришталари нима учун келинимнинг бу қадар нафратига сабаб бўлаётганига тушунмай қолдим. Келиним билан қандай муроса қилишни билмаяпман. Бирор йўли борми, маслаҳат беринг.

Қарс икки қўлдан чиқади

Кўпинча муаммоларимизга кимдир ёки нимадир сабаб бўлаётгандек туюлади. Аслида ундай эмас. Муаммоларимиз сабабчиси муносабатларимиз. Кимгадир нисбатан бизда ҳосил бўлган салбий муносабат у инсон билан ўртамизда келиб чиқадиган муаммога сабаб бўлади. Ўзаро келишмовчилигингиз сабаби келинингиз эмас, унга бўлган муносабатингиздадир. Шундай экан, муносабатингизни ўзгартиринг. Келинингизга нисбатан ўта талабчанлик қилаётгандирсиз балки. Сиздан ҳадеб танбеҳ, дакки эшитиш унинг юрагидаги муҳаббатни нафратга айлантириб қўйган бўлиши ҳам мумкин. Балки оиладаги ҳамма нарсани назоратда тутиб туришга одатланиб қолганингиз сабабдир муносабатларингиз торининг таранглашувига. Унинг томонида туриб ўзингизнинг ҳаракатларингизга баҳо бериб кўринг. Имкон беринг, уй юмушларинисизнинг кўнглингиз тўладиган даражада бўлмаса ҳам, ўзи истагандек бажаришига. Бу унинг ҳам рўзғори ахир. Келинингиздан меҳр кутсангиз, ҳадеб танбеҳ бераверманг, нафрат оловига сув сепишни хоҳласангиз, ширин сўз айтинг, сизни ҳурмат қилишини истасангиз, иззат қилинг. Том маънода келинингизни оилангизга қабул қилинг. Шунчаки келин деб эмас, оилангиз давомчиларини дунёга келтирадиган инсон — она сифатида. Сизда бунинг учун хоҳиш бор, ҳаракат қилсангиз бўлгани.

Меҳрнинг ҳам меъёри бўлгани яхши

Файласуф олимлар меъёридан ошган гўзалликни хунуклик, деб ҳисоблашади. Агар меҳр меъёридан ошиб кетса-чи? Бизнингча, муаммога айланса керак. Юқоридаги вазиятдан келиб чиқсак, тўғри хулоса, назаримизда. Сизнинг укангизга бўлган меҳрингиз ҳам меъёр чегарасидан ошиб кетгандек гўё. Бу эса келинингиз билан ўртангиздаги муносабатларнинг совуқлашишига олиб келган. Тўхтанг, тўхтанг! Нотўғри хулоса қилишга шошилманг. Келинингиз билан илиқ муносабат ўрнатиш учун, укангиз билан совуқ муносабат қилинг, деб маслаҳат бермоқчи эмасмиз. Шунчаки укангизнинг сизга бўлган жигарлик муҳаббатидан бир чимдимини келинингизга ҳам илининг. Бу билан укангизнинг сизга бўлган меҳри асло камайиб қолмайди. Аксинча, келинингизнинг юрагини эгаллаб олган нафрат туйғусини меҳрга айлантириб, яна шунча меҳрга эга бўлиб оласиз. Шунча мукофот олиш учун бир бағрикенглик қилсангиз қилибсиз-да! Бу бағрикенгликни қандай қилсам экан, деб кўпам бошингизни қотирманг. Бунинг учун биринчи навбатда, укангиз қандай кийим кийишию ярашган-ярашмаганини сиздан эмас, хотинидан сўрашга одатланишига ёрдам беринг. Бу билан келинингизнинг душманига қарагандек ўқрайган қарашига эмас, меҳрли нигоҳлари сиз томон боқиб турганига гувоҳ бўласиз. Иккинчидан, укангизга ғамхўрлик қилишни сал камайтиринг. У энди сизнинг қайғуришингизга муҳтож 14 ёшли ўспирин бола эмас. Балки ғамхўрлик қилишга қодир оила бошлиғи. Қолаверса, энди укангиз учун қайғурадиган келинингиз бор. Ахир бир эслаб кўринг-а, келинингиз уйингиз остонасига қадам қўйган кун укангизни ишончли қўлларга топшираётганингиздан мамнун бўлган сиз эмасмидингиз. Учинчидан, укангизга бўлган меҳрингиз оилангиз ҳамжиҳатлигига путур етказадиган эмас, уни мустаҳкамлайдиган воситага айлансин.

Ўзингиз учун ҳам яшанг

Ўзининг эмас, ўзгалар дарди билан яшаш, ўзгалар бахт-саодати учун ўз ҳузур-халоватидан кечиш учун инсонга жуда катта жасорат керак. Ҳатто, у инсонлар ўз туғишганларинг бўлса ҳам. Сизнинг укангиз учун қилган фидойилигингиз таҳсинга лойиқ. Сиздек меҳрибон опа бўлмаганда, эҳтимол укангиз бугунги ютуқларининг ярмига ҳам эга бўлолмасди. Укангиз сиздан умр бўйи миннатдор яшаши аниқ. Лекин бошқа томондан эришган ютуқларига сизнинг бой берилган бахтингиз эвазига эга бўлгани учун ўзини қарздор, айбдор деб азоблайди ҳам. Укангизнинг чин маънода бахтли бўлишини истасангиз, бу азобдан уни ҳам, ўзингизни ҳам қутқаринг. 32 ёш — бу ҳали умрнинг сўнгги дегани эмас. Сиз ҳаммасини тўхтаган жойидан давом эттиришга қодирсиз. Шунчаки кўзларингизни юминг ва 18 ёшингизга қайтинг. Қаранг, қандай гўзал ва латофатлисиз. Севиб-севилишга интиқ юракларингиз. Унга эркинлик беринг, бахтсиз фожиа етказган жароҳатларига малҳам қўйинг. Унга укангизнинг меҳри эмас, ўзга бир инсоннинг муҳаббати зарур. Ҳаёт эса оилавий муаммолару эгачи-келиннинг можароларидан иборат ташвиш эмас. Ёки бўлмаса, уйдан ишга, ишдан уйга қатнайдиган манзил эмас. Орзуларга тўла ҳаётингизга, ўз ҳаётингизга қайтинг. Ўзгалар учун шунча яшаганингиз етар, ЎЗИНГИЗ УЧУН ҲАМ ЯШАНГ! Шунчаки бахтли бўлиб...

Соҳиба

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+12° плотный туман
Валюта курси