Му5
50

​Куйишдан кейинги доғ ва чандиқлардан халос бўлиш йўллари

СУҒДИЁНА 14.02.2019, 10:03
8428
​Куйишдан кейинги доғ ва чандиқлардан халос бўлиш йўллари

Авваллари юз ва қўл терисидаги чандиқ излари бир умрлик нуқсон ҳисоблаган. Ҳозирда эса ривожланган тиббиёт бундай камчиликларни баратараф этиш имконини бермоқда. Чандиқлардан халос бўлиш йўллари, муолажа ва даволаш жараёни ҳақида тиббиёт фанлари номзоди, дерматолог, косметолог Ирода НУРМАТОВА батафсил маълумот беради.

Эски ва янги жароҳатлар

Куйишдан кейин қолган доғ ва чандиқлар юқори ҳарорат ёки кимёвий моддалар таъсирида зарарланган тўқиманинг патологик тикланиши натижасида юзага келади. Шуниси аниқки, термик куйишлар натижасида ҳосил бўлган чандиқлар бошқа жароҳатлар асоратида пайдо бўлганларидан кўра яққолроқ кўринади. Чунки юқори ҳарорат натижасида терида ўзига хос ўзгаришлар юзага келади. Таъсир қилувчи модданинг кучи ва вақтига кўра, терида оддий доғдан то келоид чандиққача ҳосил бўлиши мумкин. Ҳозирги замонавий усуллар ёрдамида нафақат янги ҳосил бўлган чандиқлар, балки кўп йилликларини ҳам коррекция қилиш мумкин.

Қандай муолажа қилинади?

Чандиқларни даволашда устки қўлланиладиган воситалар, яъни гель, крем ва малҳамлар, силиконли боғлама ва пластиналар қўлланилади. Шунингдек, инеъкция усуллари ҳам бор, булар:

  • Мезотерапия — тери ичига инъекция йўли билан фаол моддалар(коллаген, гиалурон кислотаси) юборилади. Бу усул артофик чандиқларда тавсия этилади. Унинг натижасида тери релъефи текисланиб, қайишқоқлиги ва таранглиги ошади.
  • Плазмолифтинг — бунда беморнинг 40-60 мл. қони олиниб, ундаги тромбоцитларга тўйинтирилган плазма ажратиб олинади ва тери ичига инъекция йўли орқали киритилади. Натижада тери ранги тикланиб, тонуси ошади, таранглашади ва ҳаттоки, соч толалари ҳам мустаҳкамланади.

Шунингдек, ферментатив препаратлар ҳам мавжуд бўлиб, улар терининг гипертрофик чандиқли деформацияланишида яхши ёрдам беради.

Пилинг усуллари

— Кимёвий чуқур пилинглар – мева кислоталари (гликол, ретин, фенол) ёрдамида амалга оширилади. Бу кучсиз кислоталар чандиқ юзасидаги тўқимани қуритиб, туширади. Натижада тери юзаси текисланиб, таранглиги ҳамда қайишқоқлиги қайта тикланади.

— Механик пилинг — лазерли силлиқлашга ўхшаш усул. Аммо бунда чандиқ тўқимаси алюмин кислотаси кукуни ёрдамида механик йўл билан олиб ташланади.

Лазерли силлиқлаш

• Аблятцион лазерли силлиқлаш муолажасида лазер нурлари ёрдамида чандиқ бўлган тери қаватма-қават олиб ташланади. Кейин эса олиб ташланган дағал тўқима ўрнига нозик тери ҳосил бўлади. Муолажа маҳаллий оғриқсизлантириш орқали амалга оширилади. Муолажадан кейин шу соҳа бироз шишиши ва қизариб қолиши мумкин. Бунда чандиқнинг турига кўра бир нечта муолажа ўтказилиши талаб қилинади.

• Фракцион фототермолиз. Бу ҳам гипертрофик, ҳам атрофик чандиқларни даволашда самарали усул саналади. Бунда терининг юқори қавати лазер ёки электр токи ёрдамида куйдирилади ва терининг қайта тикланишига имкон берилади. У суюқлиги бор тўқималарга таъсир қилади. Тери 24 соатдан кейин тикланишни бошлайди.

• Ноабляцион лазерли силлиқлаш — пушти рангли ва атрофик чандиқларни коррекциялашда қўлланилади. Бу усул чандиқ ичидаги қон томирларни даволайди.

Фойдали 4 ниқоб

Баъзида куйган терида пуфаклар ҳосил бўлмайди-ю, лекин қизариб қолади. Бир қанча вақт ўтгач, у қораяди ва доғ бўлиб қолиши ҳеч гап эмас. Бу каби доғларнинг олдини олиш учун уй шароитида тайёрланган ниқоблардан фойдаланиш мумкин.

  • Асал ва долчинли ниқоб: 30 мл асални қиздириб, 1 чой қошиқ долчин кукуни қўшилади ва яхшилаб аралаштирилади. Ҳосил бўлган аралашма жароҳатга суртилади. 20 дақиқадан кейин у илиқ сув билан ювиб ташланади. Муолажани 1 ой давомида ҳафтада 3 марта такрорлаш мумкин.
  • Бодринг ва помидорли ниқоб: сабзавотлар пўсти тозаланиб, блендрда бўтқасимон масса ҳосил қилинади. Шу масса эрталаб ва кечқурун юзга суртилади. Бу ниқоб кимёвий пилингнинг ўрнини босиши мумкин. Негаки маҳсулотлар таркибидаги кислота доғлар рангини очартириб, тери текисланишига ёрдам беради.
  • Истеъмол содаси: 20 г содага 1 чой қошиқ сув солиб, аралаштирилади (бўтқасимон аралашма ҳосил бўлиши керак). Аралашма жароҳатланган жойга суртилиб, 1 дақиқа давомида уқаланади. Бу ниқоб зарарланган тери қаватини кўчириб туширади.
  • Лимонли ниқоб: лимоннинг чорак қисми блендрда майдаланиб, бироз сули ёрмаси қўшилади. Ҳосил бўлган аралашма зарарланган жойда 25 дақиқага қўйилади ва кейин совуқ сув билан ювиб ташланади.

Шаҳло ШЕРМУҲАММЕДОВА.

Шарҳлар