Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев Ижтимоий тармоқларда маккажўхори ўғриси ва уни изза қилган Миришкор тумани ҳокими ҳақидаги видео билан боғлиқ вазият юзасидан фикр билдирди:
"Бугун асосий муҳокама марказида бўлиб турган воқеалардан бири - Миришкор туман ҳокимининг даладан эгасининг рухсатисиз маккажўхори олаётган («ўғирлаган» дейишга ҳаққим йўқ) 60 ёшлар атрофидаги фуқарога («ўғри» дейишга ҳаққим йўқ) турли ҳақоратомуз сўзларни айтиб, уни изза қилгани тасвирланган видео бўлмоқда. Адашмасам, видео кеча интернетда тарқалди, бугун эса ҳоким узр сўраб чиқди.
(https://t.me/Qoshni_mahalla/998)Аксарият инсонлар фақат ҳокимни айбдор сифатида кўрсатаётгани шахсан мени ҳайрон қолдиргани йўқ. Чунки юртимизда содир бўлган воқеалар тенденцияси ҳокимлар ва ҳокимият вакилларига нисбатан жуда катта негативни шакллантириб қўйди. Бундан буён ҳокимларнинг ижобий имижини тиклаш осон иш эмас, албатта. Шунинг учун ҳам халқ вакиллари баҳсли вазиятларнинг барчасида бор нафратини айнан ҳокимларга тўкиб солади, воқеанинг бошқа иштирокчилари унутилади.
Эҳтиросларга берилмасдан фикр юритсак, ушбу воқеа бўйича хулоса аниқ — ҳоким ҳам, фуқаро ҳам ноҳақ. Бошқача вариант бўлиши мумкин эмас.
Масалан, бир журналист ўзининг Телеграм каналида «Ҳоким ҳақ – Ҳоким ноҳақ» деган саволлар билан сўровнома уюштирибди. Бунақа савол беришнинг ўзи нохолислик. Бу ерда ҳоким ҳақ бўлиши мумкин эмас, ахир у фуқарони ҳақорат қиляпти-ку. Шу сабабли бу сўровномада «ҳоким ноҳақ» деган жавоб сўзсиз ғолиб бўлади.
Аммо бу ерда фуқаронинг ноҳақлиги ҳам очиқ-ойдин кўриниб турибди, бу ортиқча муҳокама қилинадиган масала эмас. Ўзганинг мол-мулкини яширинча, эгасининг рухсатисиз олиш мумкин эмас. Бу иш диний томондан олсак - гуноҳ, дунёвий томондан эса - жиноят.
Агар сўровномага қўйиш керак бўлса ҳам, «улардан қайси бири ҳақ» деб эмас, балки «улардан қайси бири кўпроқ ноҳақ» дейиш сал мантиққа тўғри келади.
Келинг, ушбу саволга жавоб қидириб кўрамиз. Қайси бирининг айби кўпроқ – ўзганинг мулкини яширинча олаётган фуқароми ёки фуқарони ушбу ноқонуний хатти-ҳаракат устида қўлга олиб, уни ҳақорат қилган ҳокимми? Кимнинг ҳаракати жамиятга кўпроқ зиён келтиради?
Бу борада шахсий фикримни билдирмоқчи эмасман, нохолислик бўлиши мумкин. Келинг, шунчаки қонун нуқтаи назаридан кўриб чиқамиз.
Ҳокимнинг қилмиши:
Ҳокимнинг мазкур ҳаракатини Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг (http://lex.uz/docs/97664) 41-моддаси (Ҳақорат қилиш) билан квалификация қилиш мумкин, жумладан:
Ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш —
энг кам иш ҳақининг 20 бараваридан 40 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Агар ҳоким сўнгги бир йил ичида ҳақорат учун аввал ҳам маъмурий жавобгарликка тортилмаган бўлса, унда унинг ҳаракатида жиноят аломатлари йўқ. Яъни ҳоким маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган.
Фуқаронинг қилмиши:
Фуқаронинг мазкур ҳаракатини Жиноят кодексининг (http://lex.uz/docs/111453) 169-моддаси (Ўғрилик) билан квалификация қилиш мумкин, жумладан:
Ўғрилик, яъни ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш —
энг кам ойлик иш ҳақининг 50 бараваригача миқдорда жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўғрилик ҳаракати учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилмаган, ушбу қилмиш тўғридан-тўғри жиноят ҳисобланади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, энди ўзингиз учун хулоса чиқариб олаверинг, қайси ҳаракат жамият учун кўпроқ хавф келтиради: ўзганинг мулкини яширин равишда талон-торож қилишми ёки ўзгани ҳақорат қилишми?
Сизни хулосаларингиз билан ёлғиз қолдираман.
P.S.: ҳокимларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ҳақида кўп ва хўб ёзганман, буни доимий муштарийларимиз жуда яхши билишади. Туман ҳокимлари уёқда турсин, ҳатто вилоят ҳокимларини ҳам аччиқ танқидларимиз билан аямаганмиз кези келганда. Аммо бу ҳар доим ҳар қанақа вазиятда ҳам ҳокимлар 100% ноҳақ, фуқаролар эса ҳақ дегани эмас. Вазиятга холисона баҳо беришга ҳаракат қилишимиз керак."
Шунингдек Хушнудбек муштарийлар томонидан қолдирилаётган фикрлар сабабли ўз хулосасини тўлдириб ўтган:
"Юқорида масалага фақат умумий баҳо берилди. Эътибор берсангиз, «квалификация қилиш мумкин» дейилмоқда. Лекин бу дегани айнан шу моддалар билан жавобгарликка тортилиши шарт дегани эмас. Аслида маълум бир хатти-ҳаракатга фақат битта видео орқали юзаки баҳо бериб бўлмайди, у ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тегишли процессуал тергов ҳаракатлари ўтказилгандан сўнг аниқ бўлади.
Масалан, воқеага чуқурроқ ёндошсак, ҳолатга тўлақонли баҳо бериш учун кўплаб деталлар аҳамиятли. Яъни айталик маккажўхорини фуқаро эмас, балки унинг набиралари ўйинқароқлик билан юлиб чиққан бўлса, уларнинг ёшини ҳисобга олиб умуман ҳеч қандай жавобгарлик келиб чиқмаслиги ҳам мумкин. На маъмурий, на жиноий. Видеодан буни аниқлаш имкони йўқ.
Ёки маккажўхорилар фуқаронинг машинасининг юкхонасидан олиниб, “Каптива” русумли машина юкхонага ташланмоқда. Аввало у машина кимникилигини аниқлаш керак. Агар фермернинг машинаси бўлса, унда тушунарли. Агар ҳокимнинг машинаси бўлса, унда яна ҳолатни аниқлаштириш керак. Видеодан буни аниқлаш имкони йўқ.
Ёки айрим муштарийларимиз тўғри таъкидлаганидек, мазкур маккажўхорилар юридик шахснинг балансида бўлса, унда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 61-моддаси (Оз миқдорда талон-торож қилиш) билан квалификация қилиш мумкин. Видеодан буни аниқлаш имкони йўқ.
Ёки ушбу ҳолатда фуқаронинг ҳаракатлари вояга етмаган шахсни маъмурий ҳуқуқбузарлик (ёки вазиятга қараб жиноят) содир этишга жалб қилиш каби моддалар билан квалификация қилиниши ҳам мумкин. Видеодан буни аниқлаш имкони йўқ.
Ёки ҳоким фуқарони набиралари билан биргаликда ўзбошимчалик билан видеога олиб, тарқатгани учун шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш деган модда билан маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин. Маънавий зарар ундирилиши ҳам мумкин.
Умуман воқеани чуқур таҳлил қилсак, айтиладиган гаплар кўп. Бу битта постга сиғмайди. Барчаси тегишли текширувлардан кейин аниқ бўлади, биз юзаки ҳукм ўқишга ҳаққимиз йўқ.
Юқоридаги постдан асосий мақсад – иккала томон ҳам ноҳақ, демак иккаласи ҳам қонун олдида жавоб берсин, деган маъно бор эди. У кимлиги, қайси лавозимдалиги, оддий халқ ёки мансабдорлиги, бой ёки камбағаллиги, умуман аҳамият касб этмаслиги керак. Қонунни буздими, тамом, жазо муқаррар бўлсин. Истагим шу. Қолган ҳаммаси майда гаплар.
P.S.: бировнинг мулкини олса нима бўпти, деган фикрларга эса мутлақо қўшилмайман. Ўзганинг мулкини берухсат олиш мумкин эмас, у атиги 10 та маккажўхори бўладими, 1 дона олма бўладими, ёки 10 млн долларми, фарқи йўқ. Олиш мумкин эмас - тамом!"