1

Даракчи суриштируви: Ҳоким невараларига маккажўхори «олиб» бераётган бобони ҳақорат қилгани учун узр сўради

ЖАМИЯТ 09.10.2019, 23:58
Даракчи суриштируви: Ҳоким невараларига маккажўхори «олиб» бераётган бобони ҳақорат қилгани учун узр сўради

Ижтимоий тармоқларда маккажўхори ўғриси ва уни изза қилган Миришкор тумани ҳокими ҳақидаги видео тарқалди. Унда ҳоким маккажўхори ўғирлашда гумон қилинган фуқарони ҳақоратлагани акс этган.

Ушбу видео юзасидан Миришкор тумани ҳокими Равшан Комиловдан изоҳ олиш мақсадида туманда бўлган “Даракчи”нинг жамоатчи мухбири Отабек Қўлдошевнинг ёзишича, маккажўхори воқеаси 2019 йил 29 сентябрь куни бўлиб ўтган. 

 Аниқланишича, маккажўхори ўғирлашда айбланаётган видеодаги шахс туманнинг “Гулистон” қишлоғида яшовчи фуқаро Сайфулла Муҳаммадиев. 

      Миришкор тумани ҳокими мухбир билан суҳбати аввалида видеодаги овоз ҳақиқатдан ҳам ўзининг овози эканлигини тасдиқлади. 

     Видеодан англашилишича, Миришкор тумани ҳокими Равшан Комилов фуқарони ўғриликда гумон қилиб, койийди. Набираларини ҳам ўғирлик қилишга ўргатаётганликда айблайди. Тадбиркор хорижга сотишни мақсад қилган маккажўхорини ҳамма олиб кетаверса, экспорт нима бўлади?, - дея савол беради ҳоким. Ўғирликда айбланаётган киши эса набираларининг қистови билан маккажўхори олганини айтади ва набираларига уришади. 

         Туман ҳокими Равшан Комиловнинг иқрорича, видеони ҳокимининг ўзи тасвирга олган. Сўнгра маккажўхори етиштираётган тадбиркорга телеграм ижтимоий тармоғи орқали жўнатган ва ўғриликдан хабардор қилган. Тадбиркор эса маккажўхори етиштираётган фермерга ҳолатни маълум қилган. Турган гапки, фермер ишчисига ўғриликни видео орқали маълум қилиб, уни эътиборсизликда айблаган. Хуллас, ҳокимнинг ўзи суратга олган видео яна ҳоким ташаббуси билан ижтимоий тармоқларда ҳам тарқалади. Кейинги воқеалар эса ўзингизга аён. 

“Даракчи” мухбири Равшан Комилов билан суҳбати давомида ўғирланган ҳамда қайтариб олинган маккажўхорилар нега ҳоким автомобилига солингани билан ҳам қизиқди.

— Маккажўхорини исбот сифатида ўзим олдим ва ҳудуд профилактика инспекторига топширдим, - дейди Равшан Комилов ўғирланган маккажўхорилар ҳақида гапирар экан.  – Уруғининг килоси 1 доллардан ошиқ маблағга сотиб олинаётган маккажўхори гектаридан 10 тонна ҳосил беради. Маҳсулот экспорти ҳақида мен қайғурмасам ким қайғуради?           

Айтишларича, ўғирланаётган маккажўхори гектаридан 10 тонна ҳосил беради. Ҳосилнинг ҳар килоси эса хорижда 1 доллардан ошиқ маблаға сотилади. 

— Тадбиркор меҳнатини қадрлаганим ва туманнинг экспорти ҳақида қайғурганим учун ҳам маккажўхори ўғирлаётган кишини койидим, - дейди Равшан Комилов. – Ҳолатни кўриб, жаҳлим чиққани рост. Бироқ мен айтган қўпол сўзлар бошқа бировга қаратилмаган. Яъни ҳеч кимни ҳақоратламадим. Тўғри, ҳоким сифатида қўпол сўзларни умуман ишлатмаслигим керак эди. Аммо мен қўпол сўзларни айтдим. Хато қилдим ва хатоимни англаб етдим. Бунинг учун халқимиздан узр сўрайман. Ва бу ҳолат такрорланмаслигига ваъда бераман. 

Тадбиркор Нодирбек Раҳмоновнинг маълумот беришича, 1 тонна 800 кило уруғ  Испания давлатидан 15 минг АҚШ доллари эвазига шартнома асосида келтирилган. 

— Маккажўхори экилган ер майдони “Қурбонов Холмурод” фермер хўжалигига ери ҳисобланади, - дейди туман ҳокими ўринбосари Ғанишер Файзиев. - Тумандаги ғалладан бўшаган ер майдонларига такрорий экин сифатида маккажўхори, сабзи ва дуккакли маҳсулотлар етиштиришни мақсад қилган фермерлар “Миришкор строй центр” МЧЖ раҳбари Нодирбек Раҳмонов билан шартнома тузиб, маккажўхори уруғини буюртма асосида келтиришган. 

Туман ҳокимлиги ахборот хизматидан маълум қилинишича, жорий йилда Нодирбек Раҳмонов раҳбарлигидаги МЧЖ Миришкор туманидан Россия ва Қозоғистон давлатларига 1,5 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилишини режалаштирган ва ҳозирга қадар 417 минг долларлик дуккакли маҳсулотлар экспорт қилинган. 

Маълум қилишларича, айни пайтда фермер хўжалиги етиштирган 600 тонна маккажўхори дони хорижга экспорт қилиниши мўлжалланмоқда. 

Туман ҳокимининг маҳсулот экспорти ҳақида қайғуриши таҳсинга лойиқ, албатта. Аммо ҳоким нима бўлганда ҳам тилга олиб бўлмайдиган қўпол сўзларни ишлатмаслиги керак ва шарт эди. Боиси, Равшан Комилов Президент Шавкат Мирзиёевнинг Миришкор туманидаги вакили. Шунинг учун ҳам ҳоким тилини тийиши лозим эди.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1