Мамлакатимизнинг Новосибирск шаҳридаги (Россия) Бош консулхонасининг маълумотига кўра, 2020-йил 23-январга ўтар кечаси Томск вилояти Первомайсйкий тумани Вознесенка қишлоғида вагонча ёниб кетиши оқибатида Ўзбекистон фуқароси Ш.Р. вафот этди, дея маълум қилди ТИВ.
Бош консулхона вазиятни назоратга олган ҳамда Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Россиядаги ваколатхонаси билан биргаликда ҳамюртимизнинг жасадини ватанга юбориш билан боғлиқ консуллик-ҳуқуқий ва ташкилий масалаларни ҳал қилмоқда.
Консуллик-ҳуқуқий департаменти марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдиради ва Россиянинг Сибир федерал округи (Олтой Республикаси, Бурятия Республикаси, Тива Республикаси, Хакасия Республикаси, Олтой ўлкаси, Забайкал ўлкаси, Краснояр ўлкаси, Иркуцк вилояти, Кемеровск вилояти, Новосибирск вилояти, Омск вилояти, Томск вилояти) ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари зарур ҳолларда Новосибирск шаҳридаги мамлакатимиз Бош консулхонасига қуйидаги телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатади: + 7 (383) 246-04-85; + 7 (383) 246-04-63, + 7 (383) 246-04-64; + 7 (383) 246-04-84.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 21 январь куни Томск вилояти Причулимский посёлкасида содир бўлган ёнғин оқибатида 10 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлган эди.
Шунингдек, 22 январь куни ҳам Россиянинг турли жойларида содир бўлган ЙТҲлар натижасида Ўзбекистон фуқаролари ҳалок бўлган эди.
Бундан ташқари, худди шу куни Aқтобе вилояти Ирғиз тумани ҳудудида Самара-Чимкент автомобил трассасида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида енгил-автомобиль йўловчиси, Ўзбекистон фуқароси Н.С. вафот этгани хабар қилинган эди.