— 2000 йилдан 2019 йилгача жазони ўташ муассасаларида жазо муддатини ўтадим. Шу ўтган 19 йил давомида жазони ўташ муассасаларида ишлаганим меҳнат дафтарчасига иш стажи тариқасида ёзиладими?
Ҳ.Зокиров, Жиззах вилояти
Фаррух СУЛАЙМОНОВ, Пенсия жамғармасининг ижро этувчи аппарати бўлим бошлиғи ўринбосари:
— 2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун — фаолият тури, мулк ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, ходим давлат томонидан ижтимоий суғурталанган ҳолда бажарган ҳар қандай иш, агар у Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган бўлса;
2019 йил 1 январдан кейинги давр учун — ходим томонидан бажарилган ҳар қандай иш, агар меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар ҳисобланган бўлса, иш стажига қўшиб ҳисобланади.
Жиноят-ижроия Кодексининг 96-моддасига асосан, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларнинг иш ҳақидан давлат ижтимоий суғуртасига ажратмалар амалга оширилмайди. Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда жазо муддатини ўташ даврини иш стажи таркибига киритиб ҳисоблашга ҳуқуқий асос мавжуд эмас.
Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА