АсосийЖАМИЯТ

Коронавирусга чалинган 14 ёшли чироқчилик боланинг отаси ва опасида ҳам инфекция аниқланди

Қашқадарё вилоятида коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар сони 3 нафарга етди. Улардан...

'Коронавирусга чалинган 14 ёшли чироқчилик боланинг отаси ва опасида ҳам инфекция аниқланди'ning rasmi

Қашқадарё вилоятида коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар сони 3 нафарга етди. Улардан бири - вилоятда дастлабки аниқланган 14 ёшли беморнинг 36 ёшли отаси ва иккинчиси – унинг 16 ёшли опасидир. Бу ҳақда вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси Ахборот хизмати хабар қилди.

Маълум бўлишича, беморнинг отаси Тошкент шаҳрида яшаган  турмуш ўртоғининг акаси, коронавирус инфекцияси туфайли 28 март куни вафот этган бемор билан яқин мулоқотда бўлган. Беморнинг опаси эса укаси билан мулоқот орқали мазкур инфекцияни юқтириб олган.

Айни пайтда мазкур 3 нафар бемор вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда. Уларнинг ҳолати ўрта оғир даражада. Беморлар билан мулоқотда бўлганларнинг барчаси ва улар яшаган ҳудуд карантинга олинган.

Карантинга олинган 125 нафар чет эл фуқаросига 30 март куни карантин муддати тугаганлиги сабабли рухсат берилган эди.

3 апрелгача “Қашқадарё соҳили”, “Геолог”, “Қарши” санаторийларида, вилоят саломатликни тиклаш шифохонасида, вилоят юқумли касалликлар шифохонасида, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида, Чироқчи тумани юқумли касалликлар шифохонасида жами 753 нафар фуқаро 14 кунлик карантинда сақланаётган эди.

Бугун карантин муддатини якунлаган дастлабки фуқаролар карантиндан чиқарилиб, уйларига йўл олишмоқда (сони хусусида қўшимча маълумот берилади). Уларнинг биронтасида ҳам инфекция аломатлари кузатилмади.  

Вилоят аҳлидан ваҳимага берилмасдан карантин қоидаларига қатъий амал қилишлари, шунингдек, фақатгина дастлаб расмий манбалар томонидан тарқатилган ахборотлардан фойдаланишлари сўралмоқда. 

Эслатиб ўтамиз, вирус юқтирган 14 ёшли бемор яшаган қишлоқ мазкур касаллик аниқланган куннинг ўзида Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ аскарларидан таркиб топган гуруҳ томонидан тўлиқ дезинфекциялаш ишлари олиб борилган.

 

    Бошқа янгиликлар