1

"У оддий одам эмасди..." Собиқ элчининг Ислом Каримов ҳақида хотиралари эълон қилинди

СИЁСАТ 02.09.2020, 10:21
"У оддий одам эмасди..." Собиқ элчининг Ислом Каримов ҳақида хотиралари эълон қилинди

Яқинда Гарвард университетининг Россия ва Евроосиёни ўрганиш бўйича Дэвис маркази веб-сайтида 1997—2000 йилларда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси бўлиб ишлаган Жозеф Преселнинг Биринчи Президент Ислом Каримов ҳақидаги хотиралари эълон қилинди. 

“1997 йил октябрь ойида Тошкентга келганман. Гарчи бунгача Ислом Каримов билан икки ё уч марта кўришган бўлсам-да, уни деярли билмасдим. У эса, шубҳасиз, каминани яхши билган ташқи ишлар вазири Комиловнинг брифинглари ва эҳтимол, 1970 йилларда Москвадаги элчихонада ишлаган пайтларим Ўзбекистонга қилган сафарларим ҳақидаги КГБ ҳисоботлари орқали мен ҳақимдаги кўп нарсадан хабардор эди. Мен эса 1970 йилларда орттирган билимларим ва рус тилида равон сўзлаша олишим ўзимга ёрдам беради деб тахмин қилардим.

Келишим билан одатга хос бўлмаган тарзда (қисқа вақт ичида демоқчи) уч кун ичида мактубларимни тақдим этдим. Комилов буни АҚШнинг янги элчиси ўз ишига дарҳол киришишини хоҳлашаётгани билан изоҳлади. Маросим ҳам бўлмади. Каримов ўз ўйин қоидаларини тушунтирди. Барча элчилар тенг мақомга эга эди, аммо АҚШ (ва бошқа айрим давлатлар) шубҳасиз юқорироқ мақомга эга эди. Агар учрашишни сўрасам, у доим мени қабул қиларди. У ростдан ҳам банд бўлган пайтларда эса, бир, кўпи билан икки кундан сўнг қабул қиларди. Бунга жавобан у фақат ўзидан президентлик даражасидаги нарсалар бўйича мурожаат қилишимни сўрарди. Ўз масалаларимни эса вазирлик даражасида ҳал этишга ҳаракат қилишим керак эди. У эса албатта истаган пайтда менга қўнғироқ қила оларди.

Фаолиятим давомида биз шу тақлидда иш олиб бордик. Мен у билан ўртача икки ой ё шу атрофда бир марта учрашишим керак эди. Ўзи учун қулайроқ бўла бошлагач, у мени Комиловсиз қабул қилишга ўтди ва кейинчалик ҳатто бурчакда турган тансоқчисини ҳам чиқариб юборадиган бўлди. Мен эса тил билганим учун одатда унинг ҳузурига бир ўзим борардим.

Ўртамизда яқин шахсий алоқалар ҳеч қачон бўлмаган. Ўзбек протоколи бунга йўл қўймасди ва унинг ўзи ҳам оддий одам эмасди. Мулоқот бўйича сўровларим доим конкрет иш юзасидан бўларди. Ҳеч қачон яқиндан 100 грамм ароқни қиттай-қиттай қилиб, масалан, АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги янада кенгроқ муносабатларни ва уларни яхшилаш усулларини муҳокама қилмаганмиз.  

Гарчи муҳокама қилиш учун мавзулар кўп бўлса-да, масалан, Ўзбекистоннинг ички сиёсатими, Каримов деярли гапирмайдиган Россия билан алоқаларми, у фақат Марказий Осиёдаги ҳамкасбларини (у қозоғистонлик Назарбоевдан ташқари бошқа бирортасини ёқтирмасди ва ҳурмат ҳам қилмасди. У, айниқса, Туркманистондаги Ниёзовни ёмон кўрар, уни аҳмоқ деб атарди, Қирғизистондаги Атаевни ҳам ёқтирмасди, уни ҳатто сиёсатчи эмас, балки «шунчаки физик» деб биларди) катта иштиёқ билан муҳокама қиларди. У Қўшма Штатлар ҳамкасбларига нисбатан қандай муносабатда эканлигини биларди. Гарчанд у учта кичик давлат ҳақида қайғурмаса ҳам, Американинг дўстлиги ва рағбати олдида Назарбоевни ўзига рақиб деб биларди.

Унинг қароргоҳига отамлашиш учун шунчаки кира олмаслигимни билганимдан сўнг, унга етиб боришнинг бошқа усулларини ҳам синаб кўришга киришдим. Элчихона олдига Каримовнинг жўралари билан алоқа ўрнатиш вазифасини қўйдим. У ким билан ичади, ким билан овга чиқади, ким билан қарта ёки теннис ўйнайди? Маъшуқаси ким? Синфдошлари-чи? Ва ҳоказо. Барча уринишларим зое кетди. Чунки у асосан ишларди. Бошқа томондан орадан вақт ўтиб президентнинг олдига кириш нафақат мен, балки ўзбек амалдорларининг ўзлари учун ҳам муаммо эканлиги маълум бўлди. Буни мен Комилов ўзи ректорлик қиладиган инглиз тилли Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университетида ҳар чоракда маъруза қилишим кераклигини ўйлаб топганидан сўнг англаб етдим. Элчихона нутқларимни русчага таржима қилиб берарди. Шунда уларни президент албатта ўқийди деб мени ишонтирарди Комилов. Мавзуларни гоҳида унинг ғоялари, гоҳида менинг ғояларим асосида  олдиндан келишиб олардик. Ҳатто Aмерика элчиси ва талабалар ўртасидаги суҳбат мавзуси сифатида у томонидан танланган таклифлар ғалати ҳам кўринганди, бироқ кейинчалик улар Комилов таъсир ўтказмоқчи бўлган ва яқинлашиб келаётган бирор сиёсий масала билан боғлиқ эканлиги аён бўлди.

Вақт ўтиши билан ўзбекистонликлар мустақилликка кўпроқ кўникканлари сари, уларнинг расмиятчилиги, ўзлигини англаш ҳисси ҳам ўсди. 2000 йилдаги кетадиган пайтимда кўпчилик элчилар Каримов билан фақат келишганида, ишонч ёрлиқларини топширишда ва кетаётганларидагина учрашишарди. У билан учрашиш учун руслар энг катта мавқеда турарди, бу борада Қўшма Штатлар эҳтимол корейсларнинг этник озчилиги кўп бўлгани учун Жанубий кореяликлар ва Исроил билан биргаликда иккинчи ўринда турарди деб ўйлайман. Хитой ва Ҳиндистон ҳам ўрта поғонада эди...

Каримовга 1999 йил бошида деярли муваффақиятли қилинган суиқасддан кейин вазият ўзгариб кетди. Биз, немислар, исроилликлар ва эҳтимол руслар ҳам рўй берган воқеани тергов қилиш, президент хавфсизлигини кучайтириш учун ўзимизнинг олижаноб таклифларимизни беришда бир-биримиздан ўзишга ҳаракат қила бошладик. Ўзбекистон маъмурияти асосан чет элликлар учун ёпилган эди. Мен эса, парадоксни қарангки, Каримов билан тез-тез учраша бошладим, баъзи вақтларда мени эҳтимол бир ойда икки марта чақиришган пайтлар ҳам бўлди. Aйнан шу чоғда у ўзи ҳақида, совет бюрократияси пайтида қандай кўтарилгани, мустақил Ўзбекистоннинг биринчи президенти сифатида дуч келган муаммолар, тенгдошлари билан боғлиқ муаммолари ҳақида гапириб берганди. Aфсуски, ўз-ўзини таҳлил қилишнинг ушбу даври узоқ давом этмади.

Каримов илиқ ва ёқимли шахс бўлмаса ҳам, унда баъзан юмор ҳисси намоён бўлиб турар эди. Бир куни у ўзининг кириш монологини бўлиб, турклар 1453 йилда Константинополни эгаллаб олганидан бошлаб Марказий Осиёнинг бутун тарихини сўзлаб бериш нияти йўқлигига каминани ишонтирди. Бошқа сафар эса улкан (минглаб одамлар қатнашадиган) Наврўз байрамида мени кўрмаганини айтди. Aгар у бирор тадбирда қатнашса, албатта AҚШ элчиси ҳам иштирок этиши керак эди. У менга ўзбек орденини тақдим этганида, мен бу орденни олган биринчи чет эллик эдим адашмасам, буни ҳукуматимга эмас, айнан менга берганлигини тушунишим кераклигини айтди.

Каримовнинг AҚШ ҳақидаги қарашлари бир қадар схематик эди. Биз йирик, бадавлат ва дунёда муҳим аҳамиятга эга эдик. Биз улар учун ҳамма нарсани қила оламиз ва улар эса қўлидан келсагина бизга ёрдам бера олишарди. Биз бироз бесўнақай ва ғалати эдик, Марказий Осиёни тушунмасдик, инсон ҳуқуқлари, матбуот эркинлиги, экологик муаммолар деганларидек қизиқ-қизиқ одатлар (қармоқлар)имиз бор эди. Унинг фикрича, AҚШ ҳукумати бир бутун эмас, балки ярим мустақил субъектлар гуруҳи эди. У учун Оқ уй яхши эди — Клинтон хоним унинг олдига ташриф буюрди. Мудофаа вазирлиги ҳам яхши эди — ёрдам кўрсатди. Марказий разведка бошқармаси ҳам худди шу сабаблар туфайли яхши эди. Давлат департаменти эса ёмон эди, чунки у асосан танқид қиларди. Конгресс тушунарсиз, лекин барибир ёмон эди. Ва ҳоказо. AҚШ элчиси эса шуларнинг ўртасида эди…”

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1