1

Томоқдан сув ҳам ўтмаса ёхуд дисфагия қандай касаллик?

САЛОМАТЛИК 07.01.2016, 14:27
Томоқдан сув ҳам ўтмаса ёхуд дисфагия қандай касаллик?

Халқ орасида “қизилўнгачи торайган эмиш” ёки “қизилўнгачидан овқат ўтмай қилтамоқ бўлибди” деган гап-сўзлар бежизга айтилмайди. Чунки қизилўнгач касалликлари асосан овқатни ютишдаги қийинчиликлар билан бошланади.

Дисфагия кўп учрайди

Дисфагия (ютқин дарди) асосан балиқ қилтаноқлари ёки овқатдаги майда суяклардан шикастланиши, кимёвий кислоталар ва ишқорлардан куйиши туфайли қизилўнгач чандиқланиб тораяди ва бу ҳол дисфагия (овқат ютишнинг қийинлашиши)га олиб келади. Баъзан қизилўнгач шиллиқ пардалари яллиғланганда ва яра бўлганда ҳам ачишиб оғрийди, одам овқатни ютишга қийналади, анча оғир ҳолларда эса жиғилдони қайнайди ва тўш орти оғриб азоб беради.

Қизилўнгач тешиги торайиб қолганда бемор овқатни ютишга қийналаётганидан кўра овқат луқмаси ўтаётганида қизилўнгачнинг оғришидан шикоят қилади. Суюқлик, суюқ овқат, бўтқага ўхшаш овқатлар анча осон ўтади, лекин қуюқ овқат еганда одам сув ичишга мажбур бўлади, чунки бунда сув овқатни итаради ва луқма ўтишини осонлаштиради.

Дисфагияни аниқлаш учун бемор ҳар томонлама батафсил текширилади, сўраб-суриштирув орқали аҳволи ўрганилади, рентген ёки эндоскопия қилинади. Шундан кейингина шифокор нима сабабдан беморда овқат ютишнинг қийинлашиб қолганлигини аниқлайди ва тегишли муолажани буюради.

Мабодо дисфагия пайдо бўлаётганини сезсангиз, қуйидагиларга амал қилинг:

  • овқатни оз-оздан, бўлиб-бўлиб енг;
  • бир кунда 4-5 маҳал овқатланинг;
  • овқатланаётган пайтингизда чалғиманг, гаплашманг, шошилманг, акс ҳолда қизилўнгачга ҳаво кетиб луқма ўтиши қийинлашади;

Шуни ҳам унутмангки, овқатланиб бўлгандан кейин дарров ухлашга ётманг. Агар шундай қилсангиз овқат қизилўнгачга отилиб чиқади ва бу ҳолат дисфагияга сабаб бўлади.

Касалликнинг бошланиш чоғларида ёки шу дард туфайли муолажа олаётган кишилар томорқада ишлаганда тез-тез дам олишлари зарур. Аёллар эса иложи борича энгашмасдан юмуш бажаришлари керак. Айниқса пол артиш ва кир ювишда ортиқча эгилмаганлари маъқул.

Шунингдек жуда иссиқ, аччиқ ва нордон овқатларни истеъмол қилмаслик, газланган сувларни ичмаслик лозим.

Хавфли ва хавфсиз ўсмалар

 

Унутмангки, қизилўнгач соҳасидаги кўплаб оғир касалликлар шиллиқ қаватнинг шикастланиши туфайли келиб чиқади. Баъзан шошиб овқатланиш ёки қуруқ егуликларни яхши чайнамасдан ютиш ҳам қизилўнгачнинг ички нозик шиллиқ қаватларини шикастлантириши мумкин. Бунинг натижасида шиллиқ қаватда турли ўсмалар юзага келади.

Овқат ютишнинг қийинлашиши қизилўнгач ўсмаси(қилтамоқ)нинг белгиси ҳисобланади. Хасталикнинг бошланғич даврида қуюқ овқатлар томоқдан қисилиб ўтади, касаллик ривожлана боргани сари суюқ овқатларни ҳам ютиш қийинлашади.

Аслида қизилўнгач ўсмалари табиатига кўра икки хил – хавфли ва хавфсиз бўлади. Хавфсиз ўсмалар ҳужайралари тананинг бошқа аъзоларига тарқалмайди. Қизилўнгачнинг хавфсиз ўсмалари (масалан фиброма, гемангиома, нейрофиброма, леймиомалар) эркакларда кўпроқ учрайди.

Хавфли ўсма хавфсиз ўсмага қараганда тезроқ бетартиб равишда ўсади, кейин ён-атрофдаги тўқималарга кириб бориб уларни емиради.

Даволаш

Қизилўнгач ўсмаси ўз вақтида аниқланиб беморга мукаммал даво қилинса у тузалиб кетади. Ўсма танага тарқалиб кетган ҳолларда нур ёки кимёвий дорилар билан махсус даволаш чоралари кўрилади. Айтиш жоизки, бугунги кунда қизилўнгач ўсмаларини барвақт аниқлаб ташхис қўйиш учун замонавий аппаратлар мавжуд. Ўсмаларни олиб ташлаш операциялари ҳам ижобий натижалар беради. Фақатгина бемор шифокорга ўз вақтида мурожаат қилиши зарур. 

Тиббиёт фанлари номзоди, олий тоифали жарроҳ Отабой Мадаминов маслаҳатлари асосида тайёрланди

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1