1

Илм-фан ва инновацияни ривожлантириш масалалари танқидий кўриб чиқилди

СИЁСАТ 03.12.2020, 22:04
Илм-фан ва инновацияни ривожлантириш масалалари танқидий кўриб чиқилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 3 декабрь куни илм-фан ва инновацияни ривожлантириш борасида олий таълим муассасалари, илмий ташкилотлар, тармоқ ва ҳудудлар олдидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.  Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Давлатимиз раҳбари бу борада амалга оширилаётган ишларга танқидий баҳо бериб, фан билан ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликни таъминлаш, илмий институтларга буюртмаларни шакллантириш бўйича долзарб йўналишларни кўрсатиб ўтди.  

Мисол учун, инновацион ишланмалар учун бюджетдан 100 миллиард сўм ажратилаётган бўлса-да, танлов натижаси бўйича бор-йўғи 29 миллиард сўмлик 51 та лойиҳа шакллантирилди, холос. Фанлар академияси тизимидаги 33 та илмий институт томонидан ўтган йили атиги 59 та патент олинган.

Олий таълим муассасаларида илмий тадқиқотлар даражаси ўта паст, илм ва инновация масалалари бўйича масъул проректорлар умуман ишламаётгани қайд этилди.

– Олийгоҳ, илмий ташкилотлар, тармоқ ва ҳудудлар ўртасидаги мулоқот қандай? Бугун кун тартибида мана шу савол турибди. Афсуски, мулоқот талаб даражасида эмас, – деди Шавкат Мирзиёев.

Илм-фанни ишлаб чиқариш билан боғлаш учун технопарклар имкониятидан кенг фойдаланиш лозимлиги айтилиб, бу борада олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтлари ва Инновацион ривожланиш вазирлигига тегишли кўрсатмалар берилди.

Йиғилишда илм-фан ва олий таълим муассасалари, тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари келгуси йили қайси йўналишларда илмий лойиҳаларни амалга ошириши ва қандай натижаларга эришиши юзасидан ахборот берди.

Қишлоқ ва сув хўжалиги, кимё саноати, нефть-газ, энергетика, фармацевтика тармоқларини инновацион ривожлантиришга доир вазифалар белгиланди. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1