1

ОАВдаги материалларни гендер экспертизадан ўтказиш масалалари муҳокама қилинди

ЖАМИЯТ 15.04.2021, 19:13
ОАВдаги материалларни гендер экспертизадан ўтказиш масалалари муҳокама қилинди

Бугун, 15 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси томонидан “Оммавий ахборот воситаларида берилаётган медиа маҳсулотларни гендер экспертизадан ўтказиш масалалари: қонунчилик ва амалиёт” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати маълум қилди.

Хабарга кўра, тадбирда Адлия вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази, “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти ҳамда бошқа бир қатор мутасадди ташкилотлардан масъул вакиллар, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Маълумки, Ҳукуматнинг тегишли қарори билан Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини гендер-ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланган. Унга мувофиқ, гендер тенгсизликни оммавий ахборот воситалари, таълим, маданият орқали тарғиб этишга жинс бўйича билвосита камситиш сифатида баҳо берилган ва муайян жинсдаги шахслар учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган шарт-шароитлар ёхуд талабларни юзага келтиради. Давра суҳбатида айнан шу жиҳатларга чуқур эътибор қаратган ҳолда бугунги кунда оммавий ахборот воситаларида берилаётган медиа маҳсулотларни гендер экспертизадан ўтказиш бўйича жамоатчилик вакиллари томонидан билдирилган таклифлар экспертлари иштирокида муҳокама қилинди.

Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Мадика Кадирханова ҳозирда бутун дунёда бўлгани каби миллий тараққиётимизнинг янги босқичида фуқароларимизнинг гендер маданиятини шакллантириш ва хотин-қизлар камситилишининг барча кўринишларига барҳам беришда, уларни жамиятнинг фаол аъзосига айланишида оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, интернет ва ижтимоий тармоқлар нафақат ахборот манбаи ва алоқа воситаси сифатида, балки жамоатчилик фикрини шакллантирувчи энг асосий омил сифатида ҳам муҳим роль ўйнаётганлигини таъкидлади.  

Давра суҳбати иштирокчилари томонидан ўзаро фикр алмашиш жараёнида айнан матбуот ва журналистлар жамиятимиз юксалиши жараёнида хотин-қизларнинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва маданий жабҳада амалга ошираётган ишларини кенг ёритишда, жамиятда ўз муносиб ўринларини эгаллашида жонбозлик кўрсатишлари давр талабига айланганлиги, шу боис, миллий босма ва интернет нашрларида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш масалалари ёритилишининг меъёр, тамойил, тенденция, шакл ва усулларини илмий-назарий жиҳатдан тадқиқ этиш долзарб илмий муаммога айланганлагига урғу берилди.

Тадбир давомида, оммавий ахборот воситаларида гендер тенглиги ва гендер сиёсати каби мавзуларда ҳам қизғин суҳбат олиб борилди. Жумладан, Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ўрганиш, уни ёритишда ихтисослашган нашрларнинг асосий тамойиллари ва вазифаларини белгилаб олиш, матбуотда хотин-қизларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларидаги фаолиятининг ёритилиши хусусиятларини тадқиқ этиш, матбуотда Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида Конвенциясининг Ўзбекистонда ижросини ўрганиш, босма ва онлайн нашрларнинг хотин-қизлар ўртасида тадбиркорликни ривожлантиришга таъсирини таҳлил қилиш, шу мавзуга оид материаллар тили ва услубининг ўзига хослигини ўрганиш, матбуотда аёллар образини яратишдаги камчиликларни аниқлаш ва бартараф этиш йўлларини излаш борасида фикрлар билдирилди.

Тадбир якунида иштирокчилар томонидан хотин-қизлар мавзусини ёритишда журналист маҳорати ва ахлоқий жиҳатларининг аҳамиятини кўрсатиш, аёлларнинг ҳар жабҳадаги мавқеини мустаҳкамлаш, давлат ва жамият юксалишидаги ролини оширишга қаратилган матбуот фаолиятини такомиллаштириш бўйича илмий-амалий тавсиялар ишлаб чиқишга келишиб олинди.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1