АсосийSalomatlik

Оёқлардаги доимий оғриқлар қандай касалликлардан дарак беради?

'Оёқлардаги доимий оғриқлар қандай касалликлардан дарак беради?'ning rasmi

Кун давомида танамизнинг оғирлиги оёқларга тушади. Натижада улар зўриқиб, оғрийди. Агар бу ҳолат тез-тез ва доимий кузатилса, қандайдир касаллик белгиси бўлиши мумкин. Хўш, улар қандай хасталиклар? Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Қуйида улар ҳақида батафсил маълумот берилади. 

Эндартериит. Бу хасталик пайти болдирдаги ўткир оғриқ юрганда бошланади. Дастлабки 50-70 метр енгил ўтса-да, ундан кейинги юриш жараёни оғриқ ва увишиш билан кечади. Шу сабабли бемор дам олиб, сўнг қадам босишга мажбур бўлади.

Мазкур касалликда, ҳатто, ётган ҳолатда ҳам оёқ кафти ва сон соҳасида оғриқ безовта қилиши мумкин. Бунда оёқ пастга осилтирилганда зўриқиш бироз пасаяди. Оғриқ жуда кучайганда дарҳол шифокорга мурожаат қилиш зарур. Чунки бу йирик артерия беркилиб қолганининг белгиси бўлиши мумкин.

Артериялар атеросклерози. Ушбу хасталикда болдирларни сиқувчи оғриқ ва тиришишлар юрганда, югурганда, зинадан кўтарилганда кучаяди. Оёқ кафти қиш ва ёзда бирдек совуқ бўлиб, оғриқ тунда зўрайиши, эркакларда кўпинча жинсий муаммолар кузатилиши мумкин.

Бел-думғаза остеохондрози. Касаллик оёқлардаги санчувчи оғриқнинг тинч пайтда ҳам безовта қилиши билан бошланади. Кескин ҳаракатлар пайти ва зўриққанда янада кучайиб, дам олганда ҳам йўқолмайди. Оёқнинг кафтидан то ёнбошгача бўлган қисмининг орқа ва ён томонлари ҳам оғриётган бўлса, бу бўйин қисми нерви яллиғланишидан далолат беради.

Тромбофлебит. Ушбу хасталикда болдир мушакларида пульс каби уриб турувчи оғриқ кузатилиб, кўпинча ачишишга ўтиб кетади. Оёқ қизаради, шишади, томирлар бўйлаб оғриқли бўртмалар пайдо бўлади.

Сарамас (рожа). Бу касалликда беморни тинч ҳолатда ҳам болдирдаги кучли оғриқ безовта қилади. Тери қизариб, тана ҳарорати кўтарилади, қалтироқ босади. Мазкур хасталик юқумли бўлгани боис, уни инфекционист шифокор даволайди.

Артроз ёки артрит. Бемор юрганида ёки узоқ вақт бир жойда турганида бўғимларда ўткир буровчи оғриқ пайдо бўлиши билан кечади. Бўғимларнинг шакли ўзгариб, улар қисирлай бошлайди. Об-ҳаво ўзгарганида оғриқ янада кучаяди. Бўғим соҳаси шишади, қизаради, қизийди.

Қандли диабет. Бу хасталикда оёқ томирлари тортишиши, шиш, оғриқ кузатилади. Болдир териси қуруқшаб, пўст ташлайди ва қичишади. Оёқ кўпинча увишиб, терида чумоли ўрмалагандек бўлади. Бу касалликка ташхис қўйиш учун қанд миқдорини аниқловчи таҳлил топшириш керак.

Остеопороз. Беморни болдир соҳасида томир тортишиши ва кучли оғриқ безовта қилади. Муаммо асосан 40 ёшдан ошган аёлларга хос.

Подагра. Бу касаллик туфайли оёқнинг бош бармоғида ўткир, пульс каби уриб турувчи оғриқ кузатилади. Бармоқ қизаради, шишади, иссиққа жуда сезгир бўлиб қолади.

Миалгия. Сон мушакларида оғриқ билан бошланиб, у жисмоний зўриқишлар ва нам ёки совуқда зўраяди.

Шунингдек, варикоз томирларнинг кенгайиши, яссиоёқлик ва товон пихи каби касалликларда ҳам оёқ соҳасида оғриқлар кузатилади. Уларни келтириб чиқараётган омилларни аниқлаш учун ўз вақтида шифокорга мурожаат қилиш лозим.

 

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар