1

Мўйноқдан XII-XIV асрларга оид тарихий бинолар ва моддий маданият намуналари топилди

МАДАНИЯТ 21.05.2021, 17:40
Мўйноқдан XII-XIV асрларга оид тарихий бинолар ва моддий маданият намуналари топилди

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети профессор-ўқитувчилари ҳамда ушбу олийгоҳнинг тарих факультети археология йўналиши талабалари Мўйноқ туманидаги «Ҳоким ота» қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги «Ҳоким ота – Сулаймон Бақирғаний зиёрат мажмуаси»да археологик-этнография тадқиқот ишларини олиб бориш давомида XII-XIV асрларга оид тарихий бинолар ва моддий маданият намуналарини топишга муваффақ бўлди.

– Бу ерга талабаларни амалиёт ўташи учун олиб келганмиз, – дейди ҚҚДУ Археология кафедраси мудири, тарих фанлари номзоди, доцент Ж.Ҳакимниязов. – Тадқиқот ўтказилаётган ҳудуддан намозгоҳ, масжид, 5 гектардан ортиқ майдонда аҳоли яшаган ҳудуд ва 1,5 га майдонда қабристон борлиги маълум бўлди. Ҳоким ота мақбараси қошидаги намозгоҳда Рўза ва Қурбон ҳайит байрамлари ўтказилган. Топилган масжид 11 асрда қурилганлиги аниқланди. Масжид Хоразмшоҳлар давлатчилиги пайтида қурилган ва Чингизхон истилоси даврида вайрон қилинган. Лекин, кейинчалик яна қад ростлаган ва илм-фан ривожланган. Топилмалар фанга қизиқарли маълумотлар ва янгиликлар тақдим этади, чунки, «Ҳоким ота» зиёратгоҳида аввал археологик изланишлар олиб борилмаган, тадқиқот ишлари биринчи маротаба олиб борилмоқда.

Ҳудуддан ҳар хил керамика буюмлари ҳам топилди.

Ҳоким ота номи билан танилган Хўжа Сулаймон Бақирғаний (1129-1192) XII асрда яшаб ўтган Хўжа Аҳмад Яссавийнинг (1105-1167) муриди бўлиб, у ҳозирги “Ҳоким ота” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида умргузаронлик қилган ва «Дўстлик» қишлоғи ҳудудига дафн қилинган.

Туркий мусулмон дунёсида Сулаймон Бақирғаний Хўжа Аҳмад Яссавийдан кейинги авлиё сифатида тан олинган. Шу боис халқ унинг қабрига бир неча бор мақбаралар ўрнатган. Масалан, мақбаралар XII, XIV, XVI асрларда ва сўнггиси Хивa хони Оллоқули томонидан XIX асрда тикланган. Лекин, ушбу мақбара дарё тошқини оқибатида сув остида қолиб қулагандан кейин, ҳашар йўли билан 1978 йилда янги мақбара барпо қилинган.

Сулаймон Бақирғаний XII асрда Шош (Тошкент) вилоятида яшаган Занги отанинг (1161-1258 й. ҳақиқий исми Ойхўжа ибн Тожхўжа) устози ҳисобланади. Занги ота Хўжа Сулаймон Бақирғанийнинг қўлида тахминан 10-15 йил таълим олган.

Ҳозирда Ҳоким ота Сулаймон Бақирғанийнинг зиёрат мажмуаси реконструкция қилинмоқда. Унинг учун 11 миллиард сўм маблағ ажратилиб, мақбарани таъмирлаш ишлари олиб борилди ва мақбара қошидан 100 ўринлик масжид қад ростлади.

Зиёрат мажмуасига йилдан-йилга ташриф буюрувчилар сони ортмоқда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1