1

Тошкентдаги дорихоналарда кемирувчиларга қарши ишлатиладиган заҳарли моддадан ясалган қўлбола дори сотганларга ҳукм ўқилди

ЖИНОЯТ 02.07.2021, 09:33
Тошкентдаги дорихоналарда кемирувчиларга қарши ишлатиладиган заҳарли моддадан ясалган қўлбола дори сотганларга ҳукм ўқилди

“Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин”, деб бежиз айтишмаган. Шундай касблар, соҳалар борки, уларнинг ҳақиқий устаси бўлиш учун йиллаб ўқиш, тажриба орттириш лозим. Зеро, бу соҳа одамларининг биргина нотўғри хатти-ҳаракати кимнингдир умрига зомин бўлиши ҳеч гап эмас. Шу ҳақиқатни била туриб, бойлик орттириш мақсадида кемирувчиларга қарши курашишда ишлатиладиган заҳарли моддадан фойдаланган ҳолда ясалган қўлбола дориларни сотувга чиқарган “фармацевт – тадбиркор” ва унинг шериклари бир йигитнинг ўлимига сабабчи бўлишди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судининг Жамоатчилик ва ОАВ билан ҳамкорлик бўйича бош консультанти Садоқат Аллаберганова хабар қилди...

44 ёшли Э.М. “A.G.M.” МЧЖда норасмий агент сифатида ишлаб келиб, жамият билан “B.” МЧЖ ўртасида 2020 йил 5 февраль ва 10 февралда шартномалар тузишга эришган. Ушбу шартнома асосида жами 300 кг. “барий сульфат” кукунсимон хомашёсини ҳар бир кг.ини 31.000 сўмдан – жами 10.780.000 сўмга пул ўтказиш йўли билан сотиб олган. Февраль ойи бошларида ушбу кукунли хомашёни ўзи яшайдиган Қўқон шаҳридаги уйга олиб бориб, 100 грамлик пластмасс идишларга қадоқлаган. Ушбу идишларга қўлбола усулда “Барий сульфат для рентгеноскопии 100 г. Произведено в Китае” ёзувли ёрлиқларни елимлаб, дори воситаси кўринишига келтирган. Бу кукун тиббий дори воситаси сифатида қўлланилиши мумкин эмаслигини, унинг истеъмоли инсон организми учун хавфли эканини била туриб, “S.F.S.” МЧЖга қарашли, Тошкент шаҳри Олмазор тумани Форобий кўчасида жойлашган “O.P.” номли дорихонанинг норасмий иш юритувчиси билан олдиндан тузилган оғзаки келишув асосида 1.000 дона қўлбола усулда қадоқланган “Барий сульфат” кукунларини ҳар бирини 11.000 сўмдан – жами 11.000.000 сўм нақд пул эвазига етказиб беради. 

21 ёшли Ф.А. эса ушбу “Барий сульфат” кукунларини Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 6 апрелдаги 185-сонли Қарори билан тасдиқланган “Дори воситаларини ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 3-боб 11-бандида кўрсатилган “белгиланган тартибда сертификатланиши лозим бўлган дори воситалари ва тиббий буюмларни мувофиқлик сертификатларисиз чакана реализация қилиш тақиқланиши” ҳамда 12-бандидаги “Сифатсиз, қалбакилаштирилган, Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилмаган дори воситаларини ва тиббий буюмларни, шунингдек Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган дори воситаларининг ғайриқонуний нусхаларини харид қилиш, чакана реализация қилиш ҳамда улардан фойдаланиш тақиқланиши” ҳақидаги талабларга риоя қилмай, ноқонуний йўллар билан бойлик орттириш мақсадида “O.P.” дорихонаси орқали сотувга чиқаради. 

2020 йил 5 февраль куни “N.A.F.” МЧЖ директори 42 ёшли Н.Ш.га пластмасса идишларга жойланган 100 грамм оғирликдаги 40 дона “Барий сульфат” кукунларининг ҳар бирини 12.900 сўмдан – жами 516.000 сўмга, 15 февраль куни 50 дона “Барий сульфат” кукунларининг ҳар бирини 12.900 сўмдан – жами 645.000 сўмга нақд пулга сотган. Сўнг Н.Ш. мазкур кукунли воситани “N.A.F.” МЧЖга қарашли Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги уйда жойлашган дорихона орқали эркин савдога чиқарган. 

18 февраль куни бир фуқаро дорихонадан “Барий сульфат” кукунини сотиб олиб, истеъмол қилганлиги оқибатида заҳарланиб, 19 февралда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида вафот этган. 

ЎЛИМ БИЛАН ТЎҒРИДАН-ТЎҒРИ БОҒЛИҚЛИГИ КЎРСАТИЛГАН... 

Ўтказилган судга оид тиббий экспертизанинг хулосасига кўра, фуқаронинг ўлими барий тузларининг оғир даражали ўткир заҳарланишидан вужудга келган. Ички аъзоларида барий тузларининг катиони, яъни барий катиони аниқланган. Бу катион бошқа туз анионлари билан бирикиб организмга тушиб, ўткир заҳарланиш ҳолатига олиб келган. Бундай ўткир заҳарланиш нерв, юрак ва қон томирлар фаолияти ва ошқозон йўллари тизимини чуқур асоратлаб ўлимга олиб келган. Хулосада заҳарланиш оғирлик даражаси бўйича ОҒИР тан жароҳатларига кириши ва ўлим билан тўғридан-тўғри боғлиқлиги кўрсатилган.

КЕМИРУВЧИЛАРГА ҚАРШИ КУРАШДА ФОЙДАЛАНИШ УЧУН МЎЛЖАЛЛАНГАНЛИГИ КЎРСАТИЛГАН...

Х.Сулаймонова номидаги суд экспертиза марказинингсуд-кимёвий экспертиза хулосасига кўра, текширувга тақдим этилган кукун таркибида “барий карбонат, барий сульфид, барий сульфит ва барий фосфат” каби заҳарли моддалардан ташкил топган. Ушбу моддалар кимё, шиша, кулолчилик саноатида ҳамда қишлоқ хўжаликларида кемирувчиларга қарши курашда фойдаланиш учун мўлжалланганлиги кўрсатилган.

2021 йилнинг 20 январь куни жиноят ишлари бўйича Сирғали туман судида, очиқ суд мажлисида судья Боходиржон Юсупов раислигида кўрилган жиноят ишининг ҳукмига кўра, Э.М., Ф.А., Н.Ш. ЖКнинг 1863-моддаси 3-қисми “в” банди билан ЖКнинг 45-моддасини қўллаб, 2 йил дори воситалари ва фармацевтика фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Э.М. апелляция шикоятида эса жиноятни оғир оилавий шароитда содир этганлиги, эҳтиётсизлик орқасида оғир оқибат келиб чиққанини билдириб, ишни қайта кўриб чиқишни сўраган.

Н.Ш. апелляция шикоятида дори воситасининг қалбаки эканини билмагани, жабрланувчини яқин қариндошларининг унга нисбатан даъвоси йўқлиги, оилавий шароити, вояга етмаган фарзандлари борлиги инобатга олинмаганини билдириб, ишни қайта кўриб чиқишни сўраган.

Ф.А. шикоятида у дориларнинг қалбаки эканини билмагани, суд томонидан жазо тайинлашда унинг оилавий шароити инобатга олинмагани, тергов жараёнида онаси вафот этгани,73 ёшли отаси ёлғиз қолгани, давлат айбловчисининг унга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлаш ҳақидаги фикри суд томонидан инобатга олинмаганини билдирган.

“ПУЛГА МУҲТОЖ БЎЛГАНИМ БОИС ШУ ИШНИ ҚИЛИШГА МАЖБУР БЎЛГАНМАН”

Апелляция инстанциясида судланувчи Э.М. қуйидагиларни баён қилди...

— “A.G.M.” МЧЖда норасмий ишлаб келганман. Ушбу МЧЖ дори воситалари билан шуғулланганман. 2020 йил бошида дори қидириб, Олмазор туманида жойлашган дорихонага боргандим, у ерда Ф.А.нинг номаълум шахс билан “Барий сульфат” дорисини излашаётгани ҳақидаги суҳбатини эшитиб қолдим. Шу вақтда уларга шу дорини топиб берсам, сотиб олиш ёки олмаслигини сўрадим. Ф. “дорининг ҳужжатлари борми?” деб сўради, борлигини айтдим. Сўнг “қанча миқдорда олишингизни айтсангиз, шунга қараб нархини аниқлаштираман”, дея жавоб қайтардим. Орадан бир-икки кун ўтгач, интернет орқали икки нафар “B.” МЧЖ ходимларини топдим. Улар “Барий сульфат” дориси рентгенда ишлатилиши, бошқа дорихоналарга ҳам ушбу моддани тарқатишини билдирди. Шунингдек, рентгенчилар ҳам ундан ушбу кукунли хомашёни сотиб олишини, истеъмол қиладиган модда эканини таъкидлади. Шундан кейин “A.G.M.” МЧЖ ва “B.” МЧЖ ўртасида 2020 йил 5 февралдаги шартномага асосан 100 кг. “Барий сульфат” хомашёсини ҳар бир кг.ини 35.650 сўмдан – жами 3.565.000 сўмга 4 қоп сотиб олдим. “B.” МЧЖ ходимларидан “Барий сульфат”нинг ҳужжатини сўрадим. Улар дорини Хитойдан олиб киришганини айтиб, дорининг паспортини тақдим қилди. Сўнг қоплардаги дорини ўзимга тегишли Қўқон шаҳридаги уйга олиб бориб, уларни 100 грамлик пластмасса идишларга солиб қадоқладим. Қўқон шаҳридаги компьютер хоналардан бирида “Барий сульфат Произведено в Китае”, деб кўк рангда ёзув чиқартириб қадоқланган идишларга ёпиштирдим. Ф.А.га қўнғироқ қилиб, қанча “Барий сульфат” кераклигини ва нархини келишиб, бошига синов тариқасида 40 дона идишда, кейинчалик яна 1.000 дона “Барий сульфат”ни олиб бориб бердим. Ҳар бирига 10.000 сўмдан – жами 10.000.000 сўм олдим. Ходимга яна қўнғироқ қилиб, 100 кг. “барий сульфат” кераклигини айтиб, 2020 йил 10 февралда 44-сонли шартномага асосан 200 кг. “барий сульфат” хомашёсини ҳар бир кг.ини 35.650 сўмдан – жами 7.130.000 сўмга олдим ҳамда олдингидек пластмасс идишларга солиб илгаригадек тайёр ҳолатга келтириб қўйдим. 2020 йил март ойининг бошида Ф.А. қўнғироқ қилиб, “истеъмолчилардан бири заҳарланди. “Барий сульфат” дорисини сертификати борми?” дея яна сўради, “бор” дедим. Орадан бир-икки кун ўтгач, бу доридан одамлар ичиб заҳарланишаётгани ҳақидаги хабарни ўқиб қолдим. Кейин Ф.А.га қўнғироқ қилиб, “барча дориларни қайтариб олиб келинг. Бошимизга бало бўлмасин”, дедим. Дориларни йиғиб олиб келди ва унга пулларини қайтариб бердим. Қайтариб олганим ва Қўқондаги уйда сақланаётган тайёр дори воситаларини “B.” МЧЖ ходимига қайтариб олиб бориб бердим. У билан заҳарланиш ҳолати ҳақида гаплашганимда, “хабарим бор, тез орада тинчиб кетади”, дея улар ҳам Хитойдан олган шахслар билан гаплашиб, дорини қайта текшириб кўришини айтишганини маълум қилди. Орадан маълум бир вақт ўтиб, ўша ходимга қўнғироқ қилсам, “дорини текширтирдик, заҳарланган одамлар “Барий сульфат”дан заҳарланишмаган, дори тоза чиққан. Хавотир олманг”, дея тинчлантирди. Пулга муҳтож бўлганим боис шу ишни қилишга мажбур бўлганман. Тиббиёт ва фармацевтикадан умуман хабарим йўқ. “Барий сульфат” моддасининг ичида бошқа заҳарли модда борлигини билмаганман. Билганида умуман бу ишга қўл урмаган бўлардим. Қилган ишимдан қаттиқ пушаймонман.

Апелляция инстанциясида судланувчи Ф.А. айбга қисман, Н.Ш. эса айбига иқрорлигини билдирди. 

“УКАМ ВАФОТ ЭТДИ...”

Апелляция инстанциясида жабрланувчининг қонуний вакили қуйидагича кўрсатма берган...

— 2020 йил 18 февраль куни кечки вақт машинамда укам билан ишдан уйга қайтаётган вақтимизда, укам “ўқишга кириш учун эртага тиббий бўлимидан кўрикдан ўтишим керак. Ошқозонимни текшириш учун дори олишим лозим”, деди. Укам билан Яккасарой туманида жойлашган дорихоналарнинг ҳар бирига тўхтаб дорини излашга киришдик. Бироқ укам қидираётган дорисини топа олмади. Укамдан нима дори излаётганини сўраганимда, “Барий сульфат” қидираяпман”, деди. Телефонидан “1069” қисқа рақамига қўнғироқ қилиб, Олмазор туманида жойлашган МВД госпиталининг рўпарасидаги дорихонада борлигини билди. Ушбу дорихонага келганимиздан кейин мен машинада ўтирдим, укамнинг ўзи дорихонага кириб дорини олиб чиқди. Сўнг укам дорини уйда тайёрлаб ичди. Орадан 30 дақиқалар ўтгандан сўнг қайт қилаётганини кўрдим. Таниш шифокорим билан маслаҳатлашиб, укамни 16-сонли шифохонанинг токсикология бўлимига олиб бордик. Лекин укам эрталабки соат 7:00 ларда вафот этди. Укамнинг ошқозони билан боғлиқ ҳеч қандай шикояти бўлмаган.  

Муса Юсупов, Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судьяси:

— Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Сирғали туман судининг 2021 йил 20 январдаги суд ҳукмининг Э.М. ва Ф.А.га оид қисми ўзгаришсиз қолдирилди. Суд ҳукмининг Н.Ш.га оид қисмини ўзгартирилиб, ЖКнинг 1863-моддаси 3-қисми “в” банди билан тайинланган 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси ЖКнинг 57-моддаси қўлланган ҳолда 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига келтирилди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1