1

​Маҳмуд Номозов: "Шоу-бизнес ҳеч қачон санъат бўлолмайди!"

ШОУ-БИЗНЕС 06.04.2017, 11:09
Теглар: Хонанда, Шоу-бизнес
​Маҳмуд Номозов: "Шоу-бизнес ҳеч қачон санъат бўлолмайди!"

Бир олам ҳаяжон, орзулар билан пойтахтга интиқ шошган ва йиллар тажрибаси ўз “сўз”ини айтиб, ҳақиқий санъаткор, деган эътирофга сазовор бўлган Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Маҳмуд Номозов “Даракчи” газетасига берган интервьюсида ўзбек эстрада санъати борасидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

— Маҳмуд ака, аслида ошхонада ҳам моҳир “ижодкор”мисиз?

— Аслида ошхонага осонликча кирмайманку-я, лекин бир йўлим тушса, мендан ўтадиган “ижодкор” топилмайди (кулади). Уйдагилар қишлоққа кетишганида, ошхонанинг “қироли”га айланаман. Энг қизиғи, бирйўла бир нечта егулик тайёрлайман. Бунинг боиси овқатнинг пишиш жараёнидаги кутиш онларини бекор ўтказмаслик.

— Наврўз байрамида Сурхон воҳаси ўзгача кўриниш касб этса кераг-а?

— Нимасини айтасиз! Беихтиёр болаликдаги Наврўз байрамлари ёдимга тушаверади. Баҳорнинг келиши билан “Дарвешона” ўтказиш одатга айланган. Яъни ҳосиллар мўл бўлсин, деган маънода ҳамма далага чиқади ва жонлиқ сўйилади. Табиийки, бу биз болалар учун ҳақиқий байрам бўларди, ўша куни мактабга бормасдик-да (кулади). Ошхонада газетхонларимиз учун баҳорий салат тайёрлаётганимда, беихтиёр байрамдаги шоҳ таомларимиздан бири бўлган ғилминди кўз олдимда гавдаланди. Сумалакдан тайёрланадиган бу егуликни жуда яхши кўраман. Мазкур таомни ҳали бирорта вилоятда учратмаганман. Хамирнинг ичига сумалак солиб, худди “чебуреки”дек тугиб, қовуриб олинади. Жуда тўйимли ва узоқ вақт айнимайдиган егулик. Болалигимдаги ва ҳозир ўтказиладиган Наврўз байрамларини солиштирсам, фақат ва фақат ривожланишни кўраман. Эрталабдан егуликлар, миллий матоларимиз, ҳунармандлик ишлари билан тўлган расталар иш бошлайди. Энг қизиғи, ўша вақтларда пойтахтдан ошпаз олиб келиб, кабоблар пиширтириларди, ўзимизда бундай ошпазлар бўлмаганда. Бугунги кунда барча соҳада ўзгаришлар катта, пойтахтдан борган санъаткорларимиз иштирокида катта-катта сайллар ўтказилади.

— Бошқа вилоятлардан алоҳида фарқли қайси урф-одати-ю, ўзига хос таомномасини эътироф этоласиз?

— Йўқ, у қадар катта фарқни кўрмайман. Лекин шуни эътироф этиш керакки, ҳар бир вилоятдаги ўзига хос урф-одатлар бир-бирига сингиб бормоқда. Яхшилик ва янгиликка интиладиган халқмиз-да. Аммо асрлардан асрларга ўтган, бироқ бугун унутилиб бораётган урф-одатларимизнинг сақланиб қолиши тарафдориман.

— “Санъатда эришолмаган нарсаларим учун оғринмаганман. Ҳамма нарсанинг вақти-соати бор”, дегандингиз. Вақти-соати келиб, нималар ўзгарди?

— Ҳар биримиз ўзимизда шукроналик ҳисси ва нафсни жиловлай олишни шакллантиришимиз шарт! Бу йиллар давомида амин бўлган хулосаларим. Масалан, 25 ёшида машҳурликнинг чўққисига чиққан, бироқ ҳозир унутилган хонандаларга назар солсак, “Ўз вақтида талабгир хонанда бўлганман”, деб ўзини эслатиб туришни канда қилмасликларига гувоҳ бўламиз. Шу маънода бирни кўриб фикр, бирни кўриб шукр қилишимиз керак. Машҳурлик, маблағ ҳаётда ҳеч қандай роль ўйнамайди, муҳими, инсонийлик! Омад пиллапояларидан шахтам кўтарилаётган ёш ижодкорларимизни кўрсам, фахрга тўламан, асло ҳасад “кўча”сига кирмайман. Чунки ўз вақтида бу “касаллик”ка қарши “эмланганман”. Бироқ минг афсуски, кўпчилик ҳамкасбларимиз юқоридаги фикрларни тўтиқушдек қайтаришдан чарчашмайди, лекин амал қилишга келганда...

— Давр тушунчасини ҳеч ким четлаб ўтмайди. Ҳеч даврингиз ўтиши ҳақида ўйлаганмисиз?

— Биласизми, ҳар бир даврнинг ўз жозибаси, гўзаллиги, гашти бор. Масалан, “юлдуз” деб эътироф этилаётганларнинг концертига юз минглаб мухлис тушиши, меникига эса икки минггина томошабин келиши мумкин. Бундан сира афсусланмайман, чунки ўз вақтида мен ҳам концерт заллар, стадионларни ўшалардан зиёда тўлдирганман. Вазиятни борича қабул қилишни ўрганиш керак. Ҳар доим “Отдан сира тушмайман”, деб юриш нотўғри! Тўғри, маълум даражага чиқиш учун қилган меҳнатларимиз, кўрган қийинчиликларимиз ўзимизгагина аён. Лекин ҳар биримиз инсонмиз ва шундай яшаб ўтишимиз керак. Озми-кўпми мухлисларим бор ва бунинг учун шукр қиламан.

— Институтда тўрт йил чанг мусиқа асбоби бўйича ўқигансиз. Нега клипларингиз ё концертингизда бу қиррангизни халққа намойиш этмайсиз?

— Ижодда қилган янгиликларим етарлича. Назаримда, айнан ўзим чанг чалиб чиқишим учун етарлича зарурият сезмаяпман. Ўз вақтида талаба йигит учун энг қиммат чанг асбобини сотиб олиб, керагича чалганман. Бугунги кунда қадрдон мусиқа асбобимни "Мақомчилар ансамбли"га совға қилганман.

— “Кўза”дан кейин “хит” қўшиқ эшитмадик. Ё галдаги таваккал иш бермасачи, деб ўйланяпсизми?

— “Кўза” қўшиғи клипига жуда катта маблағ сарфлаганман. Телевидениеда намойиш қилиш учун ҳам яхшигина пул кетган. Ижодим мобайнида бирорта қўшиққа бу қадар кўп маблағ ишлатган эмасман. Эксперимент қилишни яхши кўрадиган ижодкор бўлганим учун бу ишга қўл ургандим. Шу қўшиқдан сўнг чиққан учта альбомимдаги бирорта қўшиқнинг даражаси “Кўза”дан паст эмас. Фақат уларнинг ҳар бирини яна шунча маблағ эвазига “промо” қилгим келмаяпти.

— Фикрингизни тушундим, бироқ “промо”сиз ҳам “хит” бўлаётган қўшиқлар талайгина-ку! Лекин сизнинг мисолингизда бундай деёлмайман, балки янглишаётгандирман?

— Сиз менинг мухлисим эмассиз-да (кулади). Яқинда бир даврада “Тошканим” қўшиғини куйлаб беринг, рақс тушамиз”, деб қўйишмади. Йўқса, бу қўшиқ чиққанига уч йил бўлган. Ўрни келганда айтмоқчиман, Худога ёққан ишим бордирки, тақдир мени пойтахтга олиб келди. Қийинчилик, армоннинг аччиқ азоби-ю, бахт, муваффақиятнинг гаштини шу ерда тотиб кўрдим. Фарзандларим шу ерда дунёга келди, ўқиди, ўз йўлини топди. “Тошканим” пойтахтнинг баланд бинолари-ю, сўлим гўшалари учун эмас, балки юқоридагиларнинг бари учун миннатдорчилик сифатида куйланган қўшиқ эди.

— Ўн икки йиллик ўқитувчилик даврингизда узоқдан машинангиз кўриниши билан мактаб ҳовлисида биронта ўқувчи қолмаган экан. Мусиқа дарсларингиз худди математика дарсидек ўтганидан хабарим бор. Шу маънода бугунги шоу-бизнесдаги “ўқувчи”лар ҳам сиздан худди аввалгидек ҳайиқиб туришларига нима халал беради? "Мусиқа ўқитувчиси" назари билан қараб, кемтикларни айтиб бероласизми?

— Машҳурликка эришган ёшлар – Улуғбек Раҳматуллаев, Жаҳонгир Позилжонов, Сардор Мамадалиев каби кўпчилик хонандалар мени кўрганда, “Устоз”, деб ҳурмат қилади. Керак вақтда тажрибаларимни бўлишаман. Лекин сувни ҳам сингийдиган ерга сепиш керак. Бироқ қалтис хатоларни кўрсам, четга тортиб, тушунтираман, ўрни келса, “Ўзингни бироз босиб ол”, деб танбеҳ ҳам бераман. Шоу-бизнесдаги ёшларимиз олқишлардан сармаст бўлиб, “сакраб” юришибди, йиллар ўтса, қандай баландликкача “сакраш”ларини кўраман. Чет элларга бориб, концертлар беришсин, турли ноқулай вазиятларни енгиб ўтишни уддасидан чиқишсин. Шундагина йиллар синовидан ўтган ҳақиқий санъаткор, деб эътироф этсак арзийди.

— Шоу-бизнес қачон санъат даражасига кўтарилади?

— Ҳеч қачон! Шоу-бизнес ўз номи билан бизнес. Ўзини “Зўр санъаткорман”, дейдиганларнинг қайси йўналишда ижод қилишига эътибор қаратиш керак. Ёшлар назари билан қаралса, тарози палласини шоу-бизнес босади албатта. Бу йўналишнинг зарарлари етарлича эканлигини ҳам унутмаслик лозим. Керакли ташкилотлар санъатга ҳам керагича эътибор қаратишсагина тарози палласи тенглашади. Телевидениени гоҳида “Маънавият ўчоғи”, дейишади. Лекин уларнинг тарғиботи қайси томонга қаратилган? Бу саволга жавоб берадиган одамнинг ўзи йўқ. Лекин барибир ҳақиқий санъатга йиллар ўз таъсирини кўрсатолмайди.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА суҳбатлашди. Фотомухбир: Алишер ХОЛХЎЖАЕВ

Шарҳлар

Машҳур хонанда 61 ёшида вафот этди

10.12.2019, 20:06

 Таниқли швед гуруҳи — «Roxette» солисти Мари Фредрикссон 61 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Швеция ОАВларига асосланиб хабар берилди.Dagens Nyheter нашрининг ёзишича, хонанда узоқ йиллар давомида саратон хасталигига...
Зохиршоҳ Жўраев Ботир Қодиров унинг акаси экани ҳақидаги миш-мишларга нуқта қўйди (видео)

06.11.2019, 12:06

Зохиршоҳ Жўраев "Миллий" телеканалининг "Нишондасиз" кўрсатувида иштирок этиб, оилавий миш-мишларга нуқта қўйди...Кўрсатув давомида бошловчи Зохиршоҳдан Ботир Қодиров Шерали Жўраевнинг фарзанди экани ҳақидаги миш-мишларга ойдинлик киритишини...
​СИТОРА АЛИМЖОНОВА ШАХСИЙ ҲАЁТИНИ МУҲОКАМА ҚИЛГАНЛАРГА МИННАТДОРЧИЛИК БИЛДИРДИ

14.08.2017, 12:34

Актриса Ситора Алимжонова 8 август куни турмушга чиқди. Унинг тўйи Таиланднинг Пхукет оролида бўлиб ўтди.Ситора ўз интервьюларида турмуш ўртоғининг 27 ёшда эканлигини ва у тадбиркорлик...
ФАРРУҲ ЗОКИРОВДАН ТАНҚИД ЭШИТГАН ВА ТОҲИР СОДИҚОВ ДУЭТ КУЙЛАШДАН БОШ ТОРТГАН УМИДАХОН

11.08.2017, 16:04

"Даракчи" газетасидаги "10 қалтис савол" лойиҳасининг галдаги меҳмони профессионалмусиқий билимга эга хонанда УМИДАХОН... 1. “Умр ўтар”, “Юлдузимсан”, “Сендадур кўнглим” ва “Йўлимдан қоч”, “Сериал”, “Сафсата” қўшиқлари....
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1