1

​Она сайёрамизнинг ечими топилмаган, ақл бовар қилмайдиган 12 жумбоғи

ДУНЁ 24.06.2017, 11:06
​Она сайёрамизнинг ечими топилмаган, ақл бовар қилмайдиган 12 жумбоғи

Бизнингча, коинотни забт этиш учун сайёрамиз ҳам энига, ҳам бўйига ўрганиб чиқилган, деб хабар беради Adme.ru нашри. Аслида эса бундай эмас. Ҳар куни олимлар бирорта ихтиро қилишади ёки сайёрамизда ҳали ҳеч ким ечимини тополмаган бирор ҳодисага гувоҳ бўлишади. Қуйида сизни ҳали бош қотиришга тўғри келадиган Ерга оид 12 та факт билан таништирамиз.

Биз ҳали Ернинг ички қобиғига етганимиз йўқ


Сейсмологларнинг фикрича, сайёрамизнинг ички ядроси қаттиқ, устки қатлами эса суюқ ва қайноқдир. Ернинг ички қобиғидан юқорида устки қатлам жойлашган. Аммо шу кунга қадар ички қатламга етиб бормаганлигимиз туфайли унинг нимадан ташкил топганидан бехабармиз. У 30-2900 километр чуқурликда жойлашган бўлиб, одамлар қазган энг чуқур “ўра” — Россиядаги Коль қудуғи (скважина) 12,3 километр чуқурликни ташкил этади.

Қутблар ўзгариши мумкин


Ернинг магнит қутблари сурилиши ёки бутунлай ўз йўналишини ўзгартириши мумкин. Вулқон тошларини ўрганган олимлар сайёрамизнинг магнит қутблари кўп бора ўзгарганлигини аниқлади. Бундай воқеа 10 миллион йил илгари содир бўлиб, у келажакда ҳам рўй бериши мумкин. Аммо ҳалигача бунга нима сабаб бўлишини ҳеч ким билмайди.

Илгари Ой иккита бўлган


Астрономларнинг сўзларига қараганда, бундан 4,6 миллион йил илгари Ернинг йўлдоши иккита бўлган. Иккинчи йўлдош 1200 километр диаметрда, ўша орбитада “асосий” Ой билан тўқнашгунга қадар ҳаракатланган. Мазкур фожиа туфайли Ойнинг икки тарафи бир-биридан кескин фарқ қиладиган аҳволга келган.

Ойдаги ёриқлар


Ернинг йўлдоши бўлмиш Ой ҳақида гап кетар экан, зилзила фақат Ерда эмас, Ойда ҳам бўлиши маълум бўлди. Аммо буни ҳамма ҳам билавермайди. Ердагидан фарқли равишда Ойдаги зилзилалар кучсиз ва жуда камдан-кам ҳолларда содир бўлади. Зилзила содир бўлишига Қуёш ва Ер тўлқинларининг кўтарилиши, метеоритлар тушиши сабаб бўлади.

Ер ниҳоятда тез айланмоқда


Ер соатига 1600 километр тезликда айланмоқда. Қуёш атрофини эса янаям тез — соатига 108 минг километр тезликда айланади. Биз Ернинг ҳаракатланишини сезишимиз учун унинг тезлиги ўзгариши лозим. Айланиш тезлигининг доимийлиги ва тортишиш кучи туфайли биз буни мутлақо сезмаймиз.

Вақт “ортиб” бормоқда


620 миллион йил илгари Ерда кун 21,9 соатга тенг бўлган. Вақт ўтган сари Ернинг айланиш тезлиги секинлашиб, 100 йилда 70 миллисекундга айланган. Суткада 25 соат бўлиши учун 100 миллион йил керак бўлади.

Ғалати гравитация


Ернинг тортишиш доираси идеал даражада бўлмаганлиги туфайли, Ерда паст ва юқори тортишиш кучлари бўлган нуқталар мавжуд. Мана шундай гравитацион аномалиялардан бири — Канададаги Гудзон кўрфазидир. Олимлар бу ердаги паст гравитациянинг мавжудлигини музликларнинг тез эриши туфайли Ернинг зичлиги камайиши билан боғлади.

Ернинг энг иссиқ ва совуқ нуқтаси


Сайёрамизнинг энг иссиқ жойи Ливиядаги Эл-Азизиядир. Бу ерда ҳаво ҳарорати +58 °С гача кўтарилади. Энг совуқ жой эса — Антарктикадир. Қишда Антарктидада ҳарорат 73 °С гача тушиб кетади. Энг паст, экстремал ҳарорат 1983 йилнинг 21 июлида русларнинг “Восток” станциясида кузатилган. Ўшанда ҳаво ҳарорати —89,2 °С эканлиги қайд этилган.

Ер жуда ифлосланган


Мазкур маълумот ҳеч ким учун янгилик эмас. Аммо шуниси қизиққи, астронавтларнинг сўзларига қараганда, 1978 йилдаги Ернинг фазодан кўриниши ҳозиргисидан кескин фарқ қилар экан. Фазовий чиқинди ва ахлат миқдори кўплигидан сайёрамиз оч яшил, кўкимтир рангдан, қора-кулранг, жигарранг тусга кирган.

Ер темир, кислород ва кремнийдан ташкил топган


Агар биз Ерни таркибига кўра бўлсак, у қуйидаги кўринишга эга бўлади: 32,1 % — темир, 30,1 % — кислород, 15,1% — кремний ва 13,9 % — магнийдан иборат. Темирнинг асосий 90 % Ернинг ядросида, деб ҳисобланади. Кислород эса ернинг устки қатламида бўлиб, у 47 % ни ташкил этади.

Қачонлардир Ер бинафша рангда бўлган


Қадимий ўсимликлар қуёш нурларини қабул қилиш учун хлорофиллдан эмас, балки ретиналь пигментидан фойдаланган. Ретиналь туфайли улар яшил нурни ютиб, қизил ва нафармон ранглар аралашмасидан, бинафша ранг вужудга келган, мазкур рангни акс эттирган. Дарвоқе, ретиналь ҳозирга қадар баъзи бир бактериялар таркибида мавжуддир.

Яширин океан


Ернинг сиртидан 410-660 километр чуқурликда олимлар 2,7 миллиард йиллик улкан сув заҳираси борлигини аниқлашди. Мазкур сувнинг босими шу қадар юқорики, у Ер юзидаги барча океанларни 3 маротаба тўлдира олади. Мазкур кашфиёт туфайли Ер юзидаги барча океанлар ташқарига чиққан ер ости океанлари туфайли вужудга келган, деган назария пайдо бўлди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1