1

“Ўзбекистон” ноширлари Франкфурт халқаро китоб кўргазмасида муваффақиятли иштирок этишмоқда

ЖАМИЯТ 13.10.2018, 13:37
“Ўзбекистон” ноширлари Франкфурт халқаро китоб кўргазмасида муваффақиятли иштирок этишмоқда

2018 йилнинг 10 октябрида ўз ишини бошлаган Франкфурт “Frankfurter Buchmesse” халқаро китоб кўргазмасида Ўзбекистон делегацияси – Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги тизимидаги нашриёт-матбаа ижодий уйлари вакиллари мазкур дунёдаги энг йирик китоб кўргазмасида бир қатор келишувларга эришди.

Хусусан, “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи ўнта халқаро тоифадаги йирик нашриёт ва матбаа корхоналари билан муваффақиятли келишувларни амалга оширди.

Россия Федерациясининг “Phoenix” нашриёти рус ва ўзбек адабиёти, халқ оғзаки ижодининг энг сара намуналарини биргаликда нашрга тайёрлаш ва чоп этишни таклиф этди. Албатта, келгусида дунё китобхонлари қўлига етиб борадиган мазкур адабий-бадиий, маърифий, илмий-оммабоп китоблар Ўзбекистонда чоп этилиши ва Россия ҳамда Ўзбекистон китоб бозорларига сотувга чиқарилиши борасидаги келишувлар ўз самарасини беради.

Кўргазма мезбони Германия Федератив Республикасининг “Klett gruppe” нашриёт-матбаа компанияси раҳбари Анита Колб кўргазмада тақдим этилаётган муаллиф Йўлдош Муқимовнинг зуллисонайн тилда – немис ва рус тилларида нашр этилмиш “Хўжа Насриддин ва Барон Мюнхаузеннинг янги саргузаштлари” номли иллюстратив китобига катта қизиқиш билдирди. Бунинг самараси ўлароқ, Анита Колб “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи билан мунтазам ҳамкорликни – замонавий ва мумтоз ўзбек ҳамда немис адабиёти вакилларининг асарларини ҳамкорликда чоп этишга чорлади.

“Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи директорининг нашриёт ишлари бўйича биринчи ўринбосари Мизроб Мавлонович германиялик ношир, “Klett gruppe” нашриёт-матбаа компанияси раҳбари Анита Колб билан

“Frankfurter Buchmesse” кўргазмасидаги Ўзбекистон павильони ватандошларимизни ҳам бефарқ қолдирмади. Чунончи, Германияда таълим олаётган талабалар ушбу павильонга келиб, ўз она тилларидаги кўнгил ҳамроҳи бўлмиш китоблардан баҳраманд бўлишди.

Германияда таълим олаётган ўзбекистонлик талаба билан

Шунингдек, Латвия Ёзувчилар уюшмаси раиси Арно Юндзе ҳам Ўзбекистонда чоп этилаётган китобларга қизиқиш билдирди. Арно Юндзе билан кечган суҳбатда ўзбек адабиётининг ёрқин вакиллари асарларини латиш тилида ҳамда латиш адабиётининг машҳур асарларини ўзбек тилида нашр этиш режаси ўртага ташланди. Аввало, ушбу бадиий юксак асарлар икки давлатнинг марказий газета-журналларида эълон қилиниши, сўнгра китоб ҳолида чоп этилиши мақсадга мувофиқ эканлиги маълум қилинди.

Латвия Ёзувчилар уюшмаси раҳбари Арно Юндзе билан суҳбат

Украинанинг икки йирик нашриёти – “Samit books” ва “VERNUM bank” вакиллари ўзбек-украин маданий алоқалари узоқ тарихга эга эканлигини билдириб, икки давлат нашриётлари ўртасида мунтазам ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф этишди.

Бундан ташқари, Туркиянинг “So’zler yayinevi”, Қозоғистоннинг “Келешек”, Эроннинг “Shahrestan adab publication”, Ёқутистоннинг “Бичик”, Ҳиндистоннинг “Academic (India) publisher”, АҚШнинг “WME\IMG” нашриётлари билан ҳам ҳамкорлик борасидаги келишувларга эришилди.

Сирасини айтганда, Ўзбекистон делегацияси Франкфурт халқаро китоб кўргазмасида муваффақиятли иштирок этмоқда.

Мазкур китоб кўргазмаси 14 октябргача давом этади.

ЎзМАА “Ўзбекистон” НМИУ

Матбуот хизмати

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1