1

«Республика ёш олимларининг инновацион лойиҳалари» грант танловига старт берилди

ЖАМИЯТ 30.10.2018, 09:28
«Республика ёш олимларининг инновацион лойиҳалари» грант танловига старт берилди

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашида «Республика ёш олимлар Кенгаши» ташаббуси билан «Республика ёш олимларининг инновацион лойиҳалари» грант танлови иштирокчиларининг лойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтди. Мазкур танловда асосий эътибор Олий таълим муассасалари, Илмий тадқиқот муассасаларининг бакалавр, магистр, таянч докторант ва мустақил изланувчиларининг илмий назарий ҳамда илмий амалий тадқиқотларини натижадорлигини ошириш, ишлаб чиқаришга самарали жорий этиш, энг асосийси эса, уларнинг илм фан ютуқларига бўлган қизиқишларини қўллаб қувватлашнинг самарали тизимини жорий этишга қаратилди.

Иштирокчиларнинг лойиҳалари тақдимоти бир қатор Республика вазирлик, идора ва ташкилотлар жумладан Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси, Интеллектуал мулк агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети, Тошкент шаҳридаги «ИНҲА» университетининг ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.

Унда 200 нафардан ортиқ ёшлар иштирок этиш истагини билдириб, аниқ фанлар, ижтимоий-гуманитар фанлар, табиий фанлар йўналишлари бўйича ўзларининг иқтидорларини синаб кўришмоқда. Ҳар бир йўналишдаги 3та ўрин ғолибларига лойиҳаларини амалга ошириш учун 10 млн миқдорда грант ажратилади.

Тошкент давлат техника университети «Биотиббиёт» кафедраси ассистенти Юлдузхон Камолова ўзининг «Уй логопеди» деб номланган дастурий таъминоти лойиҳаси билан грант танловининг аниқ фанлар йўналишида иштирок этди. Ушбу лойиҳа орқали у мактаб ёшигача бўлган болаларнинг нутқида учрайдиган нуқсонларни бартараф этиш ва Республикамизнинг чекка ҳудудларида деффектолог, сурдолог ҳамда логопедларга бўлган эҳтиёжлар муаммосини қисман бўлсада ҳал қилишга қаратилган. Дунёнинг етакчи мамлакатларида мана шунга ўхшаган дастурий таъминотлар йўлга қўйилган. Ўзбекистонда эса илк маротаба бу лойиҳага қўл урилди. Бу дастур ўзбек тилида амалга оширилади.

—Бизнинг асосий мақсадимиз эса болажонларга «Эшитиш протез» лари қўйилгандан сўнг «Уй логопеди» орқали фикрлаш ва дунёқарашини кенгайтириш, нутқ фаолиятини ривожлантиришга ёрдам беришдан иборат, – дейди Юлдузхон Камолова.

Навоий вилоятидан ташриф буюрган Бегзод Одилов «Электр токини ўтказмайдиган қурилма» билан грант танловининг аниқ фанлари йўналишида иштирок этди. Ушбу қурилма қўлга тақилганда электр воситалари билан ишлаш жараёнида инсон танасига электр токини ўтказмайди. Бегзоднинг таъкидлашича у электр воситалари билан ишлайдиган ташкилот ходимлари фаолиятини кузатиб, сўнгра қурилмани яратишга бел боғлаган.

Ҳамкор ташкилотлар билан қўшма қарор асосида ишлаб чиқилган грант танловини ўтказиш тўғрисидаги «Низом» га мувофиқ Экспертлар комиссияси томонидан танловнинг биринчи босқичида аниқ фанлар йўналишида 32 га яқин лойиҳалар холислик, адолат, шаффофлик ва қонунийлик принципларига амал қилган ҳолда баҳоланди. Танлов ғолибларини аниқлашда уларнинг танловга тақдим этаётган лойиҳалари жамиятимиздаги ижтимоий ва амалий муаммоларни бартараф этишга, мақсадли йўналтирилганлигига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, иқтисодий самарадорлиги юқори бўлган, лойиҳалар Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги томонидан муаллифлик ҳуқуқини берувчи патент гувоҳномалари берилишига тавсия этилди. Аниқ фанлар йўналиши бўйича 3 (уч) нафар ғолиблар аниқланди ҳамда улар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи юзасидан хулоса баённомаси расмийлаштирилди.

—Танловда аниқ фанлар бўйича эксперт бўлиб қатнашдим. Беллашув давомида инновация, тиббиёт ва экология йўналишларида янги лойиҳаларга гувоҳ бўлдим. Бугун ёшларимиз аниқ фанлар билан экологияни ўзаро боғлаган ҳолда атроф муҳитга бўлган эътиборини намойиш этишди, — дейди ИНҲА университети «Халқаро муносабатлар» бўлими раҳбари, халқаро алоқалар координатори Ҳилола Умарова. —Бир қанча профессорлар ва академиклардан таркиб топган ҳакамлар ҳайъати билан биргаликда энг яхши лойиҳаларни илмий янгилиги, амалиётга жорий этилишининг натижадорлиги,жамият учун фойдалилиги ҳамда долзарблиги жиҳатларидан баҳоланди. Ушбу лойиҳалар қаторида имконияти чекланган ёшлар ва болалар учун яратилган мобил илова ёрдамида логопед ёрдамидан фойдаланиш, шунингдек, «Смарт ҳоусе», тиббиёт соҳасидаги «Тез ёрдам» каби лойиҳалари маъқул келди.

Шаҳноза Нуруллаева

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1