1

ДХА: Тезкор хизмат кўрсатиш учун алоҳида тарифлар нимага керак?

ЖАМИЯТ 13.03.2020, 14:24
ДХА: Тезкор хизмат кўрсатиш учун алоҳида тарифлар нимага керак?

Сўнгги кунларда давлат хизматлари марказларида тезкор хизматлар учун алоҳида тарифлар белгиланганлиги, маълумотлар давлат тилида берилмаётгани ва бошқа шу каби хабарлар турли мулоҳазалар келтириб чиқарди. Давлат хизматлари агентлиги матбуот хизмати шу масала юзасидан тушунтириш берди.

Тезкор хизмат кўрсатиш учун алоҳида тарифлар нимага керак?

Давлат хизматлари марказида навбат кутувчиларга қулайлик яратиш мақсадида қатор ишлар амалга оширилган. Хусусан, янги қурилган марказларда кенг, қулай, кондиционерли заллар, юмшоқ ҳудудлар, болалар майдончаси, кутубхона ва кафетерийлар мавжуд. Барча марказларни босқичма-босқич шундай реконструкция қилиш режалаштирилган ва амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари, айрим фуқароларга хизматларни алоҳида тарифлар орқали тезкор кўрсатиш ҳам таклиф этилади. Бунинг бир қанча сабаблари бор.

Биринчи, навбатларни тезлаштириш ёки айланиб ўтиш учун турли коррупцион туйнуклар қидиришга барҳам беради. Чунки иши тез битиши керак бўлган одам навбатга турмаслик, белгиланган муддатгача кутмаслик учун турли айланма йўлларни қидиради, шунда коррупция ва қонунбузарликлар риски ортади.

Иккинчи, тезкор хизмат кўрсатувчи ходим, унинг иш жиҳозлари ва фаолияти учун зарур бошқа воситалар ДХМлар бюджетига қўшимча юк бўлиб тушади ва улар қайсидир маблағлар ҳисобига молиялаштирилиши керак.

Учинчи, ушбу хизматлар умумий хизмат кўрсатиш жараёнига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди, яъни умумий навбатда турган мижозларнинг навбат тартиби бу билан ўзгармайди.

Тўртинчи, алоҳида тариф асосида тезкор хизмат кўрсатувчи ходим бўш қолса, умумий тартибда навбатда турган мижозларга ҳам хизмат кўрсатиши мумкин, бу эса навбатларнинг камайишига олиб келади.

Бешинчи, бу тизим жаҳонда кенг қўлланилади ва ўз самарадорлигини исботлаган. Масалан, Нидерландияда йўқолган паспортни одатдаги тартибда тиклаш 74 евро, тезкор тартибда тиклаш эса 124 еврога тушади.

Олтинчи, ушбу турдаги хизматдан келиб тушган маблағ ДХМлар фаолиятини ривожлантиришга сарфланади. Чунки мазкур тизим ахборот технологиялари ва замонавий техника янгиликларини мунтазам ва жадал равишда жорий этиш ҳамда кадрлар малакасини доимий равишда ошириб боришни тақозо қилади, бу эса катта маблағни талаб этади.

Электрон давлат хизматлари кўрсатиш қарийб 30 йиллик тарихга эга. Нидерландияда 1994, Австралияда 1997, Канадада 2005 йилларда жорий этилган ушбу тизим Ўзбекистонда эндигина икки ёшни қаршилади. Тизим бугунги кунда шаклланиш ва ривожланиш жараёнини бошидан кечирмоқда. Шунга қарамай, у замон шиддатига ҳамоҳанг тарзда тезкор ривожланяпти. Бу жараёнга Давлат хизматлари агентлиги ва бутун тизим ходимлари жиддий сафарбар этилган.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1