1

Тошкентда йирик миқдордаги аввал ишлатилган ёки стирелланганлиги номаълум тиббий ниқоблар савдосининг олди олинди

ЖАМИЯТ 18.03.2020, 19:13
Тошкентда йирик миқдордаги аввал ишлатилган  ёки стирелланганлиги номаълум тиббий ниқоблар савдосининг олди олинди

Эълон қилинган карантин вазиятини нафси ҳакалак отган айрим фуқаролар моддий манфаатдорлик имконияти деб, сифати кафолатланмаган, ҳеч қандай ҳужжатсиз тиббий воситаларнинг ноқонуний савдоси билан шуғулланмоқда. Бу каби ноқонуний ҳатти-ҳаракатларга барҳам бериш мақсадида Тошкент шаҳар давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан профилактик тадбирлар ўтказилмоқда.

Жорий йилнинг 17 март куни пойтахтимизда ўтказилган назорат тадбирлари давомида 62 минг 785 дона, умумий қиймати 123 миллион 800 минг сўмлик ҳеч қандай сифат сертификатига эга бўлмаган (аввал ишлатилган, ёки стирелланганлиги номаълум бўлган)  тиббий ниқоблар ноқонуний равишда савдога қўйилганлиги аниқланди.

Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида ўтказилган профилактик тадбирлар давомида фуқаро Азимжон Абдуллаев (исм фамилиялар ўзгартирилган) Қорасув-2 мавзеси, Дониёр берк кўчасида ҳеч қандай ҳужжатларсиз, сифати кафолатланмаган тиббий ниқобларни савдога қўйганлиги маълум бўлди. Тадбир давомида А.Абдуллаевдан жами 48 минг 960 дона, умумий қиймати 93 миллион 24 минг сўмлик бир марталик тиббий ниқоблар вақтинча олиб қўйилди.

Миробод туманида ўтказилган профилактик тадбирлар давомида ҳудуддаги Миробод деҳқон бозорига туташ вақтинча автомашиналар тўхташ жойида пойтахтимизнинг Яккасарой тумани, Сарабўстон кўчасида яшовчи фуқаро Фарход Жавохиров (исм фамилиялар ўзгартирилган) томонидан ҳеч қандай сифат сертификатига эга бўлмаган жами 7000 дона, умумий қиймати 10 миллион 500 минг сўмлик тиббий ниқоблар ноқонуний савдога қўйилгани аниқланди. Ҳолат юзасидан қонуний чора кўриш учун тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Назорат тадбирлари пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманида ҳам ўтказилди. Ҳудуддаги аҳоли гавжум жойларда ўтказилган тадбирлар давомида 3 нафар фуқаро томонидан жами 4 минг 850 дона, умумий қиймати 14 миллион 300 минг сўмлик тиббий ниқоблар ноқонуний равишда савдога қўйилгани маълум бўлди. Мазкур ҳолатлар юзасидан қонуний чора кўриш учун тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Айни кунларда Тошкент шаҳар давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан озиқ-овқат ва зарур тиббий воситалар нархларини сунъий оширилишини олдини олиш мақсадида мониторинг тадбирлари ҳам олиб борилмоқда.

Жумладан, Сергели туман давлат солиқ инспекциясининг «Ишонч телефони»га ҳудуддаги «Сергели деҳқон бозори» ёнида жойлашган дорихонада нархлар асоссиз равишда оширилгани, жумладан, тиббиётда ишлатиладиган спирт одатдагидан қиммат сотилаётганлиги тўғрисида мурожаат келиб тушди.

Мазкур ҳолатлар юзасидан туман давлат солиқ хизмати ходимлари жойига чиққан ҳолда сотувчилар билан профилактик суҳбатлар ўтказиб, бу каби ҳолатлар такроран содир этилган тақдирда қонуний чоралар кўрилиши ҳақида батафсил тушунтириш берди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1