1

Халққа жон қайғуси, ҳокимга шаън...

ЖАМИЯТ 19.03.2020, 15:33
Халққа жон қайғуси, ҳокимга шаън...

Кейинги бир неча кун халқимиз ҳаётида бироз ваҳимали, хавотирли кечди. Ўз вақтида кўрилган чоралар, тушунтириш ишлари натижа кўрсатиб, сал ўтмай одамлар ўзларини ўнглаб ҳам олди. Хавотирлар хайрли, савоб ишлар тўлқинида деярли кўринмай қолаётгани қувонарли.

Коронавирус билан боғлиқ вазиятга оид ахборотлар оқимида эса туман ҳокими ва суд раисининг бир неча дақиқалик мулоқоти акс этган аудиоёзувга оид муҳокамалар ҳам бор.

Аслида бу мулоқотни эшитсангиз, унда ортиқча гап-сўзнинг, яъни очиқча ҳақорат ёки камситишнинг ўзи йўқ. Фақат ҳоким «ҳўп бўлади, ҳоким бува», сўзларини эшитмаган, холос. (Яъни ҳоким «қабулимга келинг», деганида суд раиси «қабулингизга бормайман, кечириб қўясиз», деган).

Ўша аудиоёзув тарқалганда, кўпчилик одамларнинг қалбида қандайдир умид, ишонч пайдо бўлгани сезилди. Бу умид судьянинг мустақил ҳокимият вакили эканини кўрсатишга интилгани билан боғлиқ эди.

Чунки, сир эмас, суд тизимида неча йилдирки тинмай ислоҳот олиб борилаётганига қарамай, судьяларни ҳамон тўлиқ мустақил, дея олмаймиз.

Аммо Президентимиз Шавкат Мирзиёев қўяётган талаблардан бири – суд ҳокимиятининг, судьяларнинг том маънода мустақиллигини таъминлашдир.

Давлатимиз раҳбарининг халқимизга йўллаган Мурожаатномасида айтилган фикрларни ёдга олсак:

«Давлат идоралари мансабдорлари шуни чуқур англаб олсинлар: судлар мустақиллигини таъминлаш масаласи бундан буён ҳам шахсан Президентнинг қаттиқ назоратида бўлади».

«Судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш биз учун устувор вазифа, суд бирон-бир мансабдор шахснинг қўли етадиган идорага айланиб қолишига мутлақо йўл қўймаслик шарт, суд ишларига аралашган ёки унга қандай шаклда бўлмасин, босим ўтказгани учун жавобгарликни кучайтириш лозим».

Яна ўша аудиоёзувга қайтсак. Ғузор тумани ҳокими С.Бобоқуловнинг гапириш оҳангидан ўзини бироз каттароқ олгани, иззатталаблик қилгани сезилиб турибди. Тўғриси, муомала маданиятида сўзлашаётган икки томонда ҳам бироз қусур бор. Бироқ, бу бир қарашда оддий телефон сўзлашуви ва кўпчиликда шундай вазиятдаги суҳбат бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Энг ёмони — аудиоёзувнинг муҳокамаси давом эттирилгани.

Аудиоёзув бўйича ҳоким интервью берганининг ўзи унинг ўзини оқлашга уринганини кўрсатиб турибди. Гўёки ҳоким суд раисини халқ депутатлари туман кенгаши сессиясига чақирмоқчи бўлиб қўнғироқ қилган. Лекин у бу хабарни ёрдамчиси орқали айттириши ёки хабарнома юбориши ҳам (бунинг ўнлаб йўли бор) мумкин эдику.

Вазиятни таҳлил қилиб кўрсак: ҳоким суд раисига қўнғироқ қилган, суҳбат кўнглидагидай бўлмагач, бундан жаҳли чиқиб, суд раисининг устидан Судьялар олий кенгашига ариза ёзиб, унга бир неча шахсга қўл қўйдириб, тасдиқлатиб, уни буюртма шаклида кенгашга юборган. Бу ҳам етмагандай, вазият бўйича интервью ҳам берган.

Бунча ишни амалга ошириш учун ҳокимнинг бир-икки куни кетгани аниқ. Бундан келиб чиқадики, асосий ишлари қолиб, у мана шундай ишлар билан шуғулланган.

«Судьялар олий кенгаши шикоятимга жавоб бермади», деб иддао қилгани учун эса бу ташкилот вазият бўйича муносабат билдиришга мажбур бўлди.

«Ҳоким ва судьянинг телефондаги тортишувида ким ҳақ эди?» сарлавҳаси остида берилган муносабатда Судьялар олий кенгаши масъуллари ҳокимдан шикоят хати келмагани, вазият бўйича текширув олиб борилаётгани, натижалари маълум қилинишини айтиб ўтган.

Бор-йўғи шу.

Энг қизиғи эса, ушбу мақоланинг ижтимоий тармоқда қизғин муҳокамага сабаб бўлгани бўлди.

Фейсбукнинг “Oʻzbekiston Respublikasi Xalq fikri” ​ гуруҳида билдирилган фикрларга тўхталсак:

Юридик фанлари доктори Мавжуда Ражабова: «Судья ҳақ. Муҳокама қилишга асос йўқ. Конституция ва қонунда судья мустақил ва фақат қонунга бўйсунади, деб ёзилган. Ҳар бир давлат органи ўз ваколати доирасида ишлаши зарур».

Даврон Каримов: “Ҳақиқатдан ҳам тўғри! Судлар мустақил равишда иш юритиши керак. Лекин баъзи судьялар ҳокимият масъул идоралари билан мақсадлари бир томонга йўналганлиги ачинарли ҳолат. Судлар мустақил равишда адолат мезонларига асосланиб иш юритиши фуқароларнинг давлатга бўлган ишончини мустаҳкамлайди.

Лобар Тоҳировна: “Судьянинг ҳаракати тўғри. Яккабоғ ва Чироқчи тумани судьялари ўрнак олсин суд раиси Саттор Ақановдан”

Самариддин Миркомилов: “Судья ҳақ, у кимнингдир буйруғини бажариши асло мумкин эмас”.

Ўктам Раҳмонов: «Менимча, кенгашда суд раиси ахборот беришини айтиш учун туман ҳокимининг шахсан ўзи қўнғироқ қилмаса керак. Туман ҳокими муҳокамадан қутулиш учун шу баҳонани ўйлаб топган».

Шерзод Бар: “Табриклайман, бизда ҳам ҳақиқий судьялар бор эканку. Шунақа судьялар, одил ҳакамлар жуда зарур Ўзбекистонга”.

Умид Шукҳратович: “Охирги пайтлар судлар адолат тарафида туришини кўрсатиб қўйишди. Автомобиль ён ойнасига парда ўрнатиш масаласида ҳам судьялар халқ томонда туриб, инсонийлик жиҳатларини намоён қилди”.

Қувондик Сиддиқов: “Ҳоким ғўддаймаслиги, судлар мустақил бўлиши керак”.

Фарҳод Акбаров: “Ҳокимият судьяни мажлисга қонуний йўл — чақирув қоғози орқали таклиф этиши керак. Ҳоким эса катта холасини уйига безорини чақиргандай муомалада бўлган. Камига кейин ёлғон гапирганининг ўзи аслида мақсади бошқа бўлганлигини билдиради. Ҳоким қонунга риоя қилса, ҳоким. Аксинча бўлса, у ҳеч ким”.

Гулзода Шамсиева: «Ҳоким туман кенгашига раислик қилишининг ўзи аҳмоқлик».

Булар халқ фикри ва бу Ғузор тумани ҳокимлигига ҳам етиб борган, албатта. Бундан хулоса чиқариш, арзимаган масаланинг орқасидан қувмасдан, ҳамма ўз ишини давом эттирса ҳам бўларди. Аммо бундай бўлмади.

Ғузор тумани ҳокимлиги Судьялар олий кенгашининг муносабатига яна муносабат эълон қилди. (Ҳолбуки, Судьялар олий кенгаши муносабатида вазиятга ҳали сўнгги нуқта қўйилмагани айтилган).

Ҳокимлик муносабатида эса суд раисининг устидан ёзилган шикоят хати нусхаси, уни жўнатишга оид жараёнлар скриншотлари, яна қандайдир чекларнинг нусхалари...

Шикоят етиб бормаган бўлса, шунга ҳам «ота гўри қозихонами?» Хўп, шикоят юборилибди, лекин турли техник сабаб етиб бормаган бўлиши мумкин эмасми?

Энг ачинарли жиҳат шундаки, туман кенгаши томонидан Судьялар олий кенгаши раиси У.Мингбоев номига ёзилган шикоят хатини ҳоким билан бирга яна беш киши имзолаган. Имзо қўяётганлар оми одамлар эмас, балки халқ депутатлари туман кенгаши аъзолари. Яъни, тушунган одамлар. Улар ҳоким имзо қўй, деса, қўявермасдан, вазиятни юмшатиши, томонлар ўртасида тушунмовчилик ўтган бўлса, уларни муросага келтириб қўйиши ҳам мумкин эди, аслида.

Муносабатга муносабатни кўришдан олдин коронавирус билан боғлиқ вазиятни ўрганиб чиқаётган эдим. Ижтимоий тармоқларни кузатиб, аҳоли фикрларини таҳлил қилиш ниятим бор эди. Аммо бу муносабат юрагимга ханжар каби санчилди. Одамлар, бутун халқимиз нима ғамдаю, булар нима ғамда, деб дилим хуфтон бўлди. «Халққа жон қайғуси, ҳокимга шаън қайғусими?», деган оғриқли савол қўлимга қалам олишга мажбур қилди.

Вируснинг олдини олиш бўйича давлат миқёсида жон куйдирилаётган бир вақтда, халқнинг ичида туриб, унга далда бўлиши керак бўлган ҳокимлик вакиллари инжиқлиги билан жамоатчилик эътиборини ўзига тортаётгани қанчалик тўғри?

Бу билан суд раисини оқлаб, ҳокимни қоралаш эмас мақсадимиз. Суд раиси ҳаракатига Судьялар олий кенгаши баҳо беради. Аммо битта туман халқига бош бўлиб юрган ҳокимнинг озгина бағрикенглик қила олмагани, ўзаро суҳбатнинг очиқланишига, муҳокамасига сабаб бўлгани етмагандек, уни яна ҳадеб давом эттириши сал уят эмасми?

Норгул АБДУРАИМОВА,

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1