АсосийJamiyat

"Демак, мен воқеани бузиб талқин этганман?!" ИИБ ходимлари томонидан калтакланган журналист "текширув" қандай якунланишини тахмин қилди

'"Демак, мен воқеани бузиб талқин этганман?!" ИИБ ходимлари томонидан калтакланган журналист "текширув" қандай якунланишини тахмин қилди'ning rasmi

Бугун журналист Алишер Рўзиохунов 22 дан 23 октябрга ўтар кечаси ички ишлар органлари ходимлари томонидан калтакланганлиги хақида хабар қилинган эди. 

Шундан сўнг, Тошкент шаҳар ИИББ ҳолатга муносабат билдириб, воқеада иштирок этган барча ходимларнинг ҳамда журналист А.Рўзиохуновнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилишини маълум қилди. 

Бугун, 23 октябрь куни журналист А.Рўзиохунов Ички ишлар вазирлиги Ўз хавфсизлиги бошқармаси Тошкент шаҳар бўйича бўлими бошлиғининг таклифи билан суҳбатга борди. Бу ҳақда у ўзининг телеграм саҳифасида ёзмоқда.

"Бўлган воқеани менинг талқинимда эшитди, фикр алмашдик. Мазкур иш юзасидан хизмат текшируви ўтказилиши, бу Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи назоратида экани таъкидланди.  

Аммо Тошкент шаҳар ИИББ тарқатган расмий муносабати мени хайратлантирди. Негаки, унда «блогер ва журналистлардан, ўз мавқеини рўкач қилиб ички ишлар органлари ходимларининг ишларига халақит бермасликлари, ижтимоий тармоқларда ўзи билан содир бўлган воқеаларни бузиб талқин этиб, оммага намойиш қилмаслик» сўралган.  

Яъни Тошкент шаҳар ИИББ мен билан юз берган ҳолат бўйича барча томон ҳаракатига ҳуқуқий баҳо берилади, деб айтяпти-ю, аввалдан хулосани ҳам тақдим этяпти. Демак, мен содир бўлган воқеани бузиб талқин этганман?! Мен мазкур ҳолатда ИИБ ходимларига бирор марта журналист эканим рўкач қилмадим, ишхонам тилга олинмади ва ўзимни оддий ҳайдовчи сифатида тутдим.  Шаҳар ИИББ муносабати, текшируви қандай якунланишини башорат қилиб ўтирмайман, барча гап очиқ-ойдин ёзилган.  

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ҳолат юзасидан хавотирини билдирган. Фонд раҳбариятининг ғамхўрлиги ва огоҳлигини олқишлайман. Холислик учун айтаманки, бу ҳолат ҳайдовчи ва ходим ўртасидаги муносабат сифатида кўрилиши лозим.

Тўғри, агар журналистлигим, масалани жамоатчилик эътиборига ҳавола этишим мумкинлигини ходимлар англамаганда, вазият жиддий тус оларди, деб ҳисоблайман.

Пс. Соғлиғим жойида, бундан хавотирланишга ўрин йўқ, - дея қўшимча қилиб қолдирган журналист. 

Мавзуга доир:

Қонун барча учун баробар бўлиши керак — Саида Мирзиёева журналистнинг калтаклангани ҳақида

    Бошқа янгиликлар