АОКАда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги матбуот котиби Саодат Боймирзаева иштирокида ўтказилган брифингда ушбу саволга қуйидагича жавоб берилди:
" -- Вазирлар Маҳкамасининг «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 4 январдаги қарорига асосан, ҳимоя ордери — ўттиз кун муддатгача берилади ва ушбу ордер расмийлаштирилган вақтдан эътиборан кучга киради.
Оиладаги жабрланган аёлнинг хавфсизлигини таъминлаш зарурати вужудга келган, ҳимоя ордери амал қилиши даврида хавф бартараф этилмаган бўлса, ҳимоя ордерининг амал қилиш муддати жабрланувчининг аризасига кўра кўпи билан ўттиз кунгача узайтирилиши мумкин.
️ Бунинг учун ҳудуд профилактика инспектори беш иш куни мобайнида жабрланувчининг аризасига кўра мавжуд хавф бартараф этилган ёки этилмаганини ўрганади.
Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими бошлиғи икки иш куни мобайнида тегишли ҳужжатларга асосан ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтиради ёки узайтиришни рад этиш тўғрисида асосланган қарор қабул қилади.
️Ҳимоя ордерининг амал қилиш муддати узайтирилган даврда зўравонлик содир этган шахсларга қонун доирасида қўшимча чеклов ёки профилактик чора-тадбирлар белгиланиши мумкин," - деди Саодат Боймирзаева.