Аввал хабар берганимиздек, 12 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида хотинини аёвсиз калтаклаб, уни памперс ейишга мажбур қилган эркакка нисбатан қўзғатилган жиноят иши очиқ суд жараёнида кўриб чиқилиши бошланган эди. Дастлабки суд ишида ҳолат юзасидан жабрдийда аёл М.Ваҳобова ва уни доимий таҳқирлаб келган эри Ш.К.нинг даъволари эшитилган. Иккинчи суд ишида эса, эр хотинидан кечирим сўраб, ярашишни илимос қилган, аммо жабрдийда аёл эрига қонуний чора кўришларини сўраган эди.
Маълум бўлишича, жиноят ишини кўриб чиқиш жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг ягона аёл судьясига топширилган.
Кеча, 1 декабрь куни 20 кун олдин бошланган суди иши якунланди, дея хабар бермоқда "Даракчи"нинг Самарқанд вилоятидаги махсус мухбири Озод Нурмуҳамедов.
Айбланувчига Жиноят кодексининг 103-моддаси 2-қисми (ўзини ўлдириш даражасига етказиш), 105-моддаси 2-қисми «г» банди (ўта шафқатсизлик билан баданга қасддан жароҳат етказиш) билан айблов эълон қилинди.
Судланувчи Каримов ўзининг хикоҳида бўлган турмуш ўртоғи Вахобовани бир-неча маротаба уриб, дўппослаб, уни қийноққа солиб келганлиги туфайли турмуш ўртоғи ўз жонига суиқасд қилган. Бундан ташқари судланувчи Каримов ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттиририб, турмуш ўртоғи ўртасидаги навбатдаги жанжалда уни фарзандлари кўз ўнгида ўта шавқатсизлик билан уриб, ўртача оғирликдаги тан жароҳати етказган.
Судланувчи суддан узр сўради. Уч ой ичида кўзи очилганини айтиб, ўзига қўйилаётган айбловлардан рафиқасини ўз жонига қасд қилишга олиб бориш қисмини тан олмаслигини билдирди. Калтаклаганини эса тан олди.
"Мен тўрт ойдан бери ўз хатоларимни билиб олдим, урганимдан пушаймонман. Мени кечиришларингизни сўрайман, қамок билан жазо беришингизни хоҳламайман, икки нафар фарзандим бор, ота-онамга қарашим керак. Шунинг учун кечиришларнигизни сўрайман, бошқа такрорланмайди", дейди айбланувчи.
Судда қатнашган жабрланувчи Мустаҳкам Ваҳобова судга бўлиб ўтган ҳолатлар бўйича барча асослари борлигини айди. Турмуш ўртоғи томонидан узоқ йиллар давомида турли тазйиқларга учраб келганлиги ҳақида кўрсатма берди. Судга ишонишини, айбланувчига қонуний жазо берилишини сўради.
"Турмуш ўртоғим икки боламни отаси, менга осонмас, бу одамни бу жойларда кўриш. Ақллари кириб колгандур, аммо Аллоҳ ҳаммасини инсофини берсин — турмуш ўртоғимга, оила азоларига, ҳаммасига. Мен халқимга, ҳукуматимга, судга ишонаман, нима қарор чиқарсангиз ҳам розиман", дейди жабрдийда.
Самарқанд шаҳри прокурори ўринбосари Умид Ҳакимов судда давлат айбловчиси вазифасида қатнашди у суддан судланувчига 8,5 йил қамоқ жазоси сўради.
Судя Зарифа Аҳмедова аёлини таҳқирлаган эр иши бўйича ҳукмни эълон қилди.
Айбланувчига Жиноят кодексининг 103-моддаси 2-қисми (ўзини ўлдириш даражасига етказиш), 105-моддаси 2-қисми «г» банди (ўта шафқатсизлик билан баданга қасддан жароҳат етказиш) билан айблов эълон қилинди.
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди Ш.К. ни 6 йилга озодликдан маҳрум қилиш бўйича ҳукм чиқарди. Жазони ўташ 2020 йил 24 августдан бошлаб ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, интернетда Самарқанд шаҳрида яшовчи Мустаҳкам исмли аёлнинг доимий равишда турмуш ўртоғи томонидан калтакланиб келиши ҳақида видеолавҳалар тарқалди. Ушбу ҳолат жамоатчилик томонидан кескин муҳокама қилинмоқда. Сал аввал ушбу ҳолат ўрганилиб, зўравон эр Тошкентда қўлга олингани хабар қилинган эди.
Айни пайтда Самарқанд шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати ҳам вазият бўйича изоҳ берди.
Мавзуга доир:
Самарқандда эри мажбурлаб памперс едирган ва доимий хўрлаб келинган аёлни ҳокимлик яраштирмоқчи