my5
Sevimli

Дунёда ягона 8 қаватдан иборат ер ости шаҳри қаерда? У ерга боришга ундовчи 5 сабаб (фото)

ЖАМИЯТ 28.01.2021, 01:43
Теглар: Фото, Туркия, Каппадокия
Дунёда ягона 8 қаватдан иборат ер ости шаҳри қаерда? У ерга боришга ундовчи 5 сабаб (фото)

Аввал хабар қилганимиздек, Туркия маданият ва туризм вазирлиги томонидан ўзбекистонлик журналист ва блогерлар учун Истанбул, Анталия ва Каппадокия шаҳарларига навбатдаги саёҳат уюштирилди. Саёҳатимизнинг учинчи куни эртакнамо ва тарихий Каппадокияда бўлди. 

Бу ерга ташриф буюриш учун Истанбулдан бир соатлик парвоз амалга оширилади. Шунингдек, Кайсери аэропортидан эртаклар маскани Каппадокиягача транспортда яна бир соатлик йўл босиб ўтилади ва сиз тошдан бунёд бўлган оламшумул дунёга тушиб қоласиз. Бу ер энди алоҳида Туркия.

Каппадокия вулқон отилиши натижасида пайдо бўлган, бир-бирини такрорламас, пирамида шаклидаги тепаликлар ва жуда қизиқарли ландшафт кўринишига эга бўлган дунёдаги ягона маскан. Жойнинг номланиши билан боғлиқ бир нечта маълумотлар ва афсоналар мавжуд. Шулардан бири: қадимий форсча Ҳаспадуя номидан келиб чиққан бўлиб, баъзи тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, Эроннинг Хув-аспа-даҳю —  "чиройли отлар мамлакати" деган маъносидан олинган. Бошқа маълумотларда минтақанинг номи "Лувиан Кат-патука"дан олингани айтилади, яъни "пастки мамлакат" деган маънони англатади.

Нега айнан Каппадокия? 

5 та шаҳарчадан ташкил топган Каппадокия ўтган асрларни ўзида тўлиқ сақлаб қолганки, бутун дунёда бундай ноёб табиий ландшафтларни, табиатнинг ўзи яратган ажойиб расмларни учратмайсиз! Бу ер жуда қадимий, тарихи ноёб ва бой, у кўплаб афсоналарни ўзида сақлайди. Ҳар қандай инсонни Каппадокияга келишга ундовчи беш сабаб бор!

  1. Дунёда ягона 8 қаватдан иборат ерости шаҳри

Каппадокия 2 та — ер усти ва ер остидан иборат шаҳар бўлиб, унда 100 дан ортиқ ерости шаҳарлари мавжуд. Уларнинг энг каттаси "Қаймоқли" номи билан аталади. Мазкур ер ости шаҳри 8 қаватдан иборат бўлиб, 20 метр чуқурликда жойлашган. 1964 йилдан бошлаб сайёҳлар ташрифи учун очилган ер ости шаҳрининг ҳозирда юқори 4 қаватини айланиб чиқишга рухсат берилган. Маълумотларга кўра, ер ости шаҳри, ер устида ҳужумлар бўлганда, қочқинларнинг душмандан ҳимояланиши вазифасини ўтовчи ҳудуд ва яшаш жойи ҳисобланган. Ажобтовур хоначалар, тор йўлак ва махсус омборлар душмандан ҳимояланган фуқаролар учун егуликларни яхши сақлаш ва узоқ муддатгача яшаш имконини берган. Алоҳида жиҳати шундаки, ер ости шаҳрига тушиш йўлаклари жуда тор бўлиб, унда фақатгина бир кишигина ҳаракатлана олади. Бу эса агар душман пастки шаҳарга ҳужум қилмоқчи бўлса, жамоавий бўлиб ҳаракатланишига йўл қўймаслигини таъминлайди. Қайд этилишича, 5 минг йиллик тарихга эга "Қаймақли" 9 км узунликдаги туннель орқали бошқа ер ости шаҳри Каппадокия - Деринкую билан боғланган.

2. Учҳисор тепалигидан Каппадокияни кашф этасиз

Ушбу қўрғон Каппадокия тимсолларидан бири. Қўрғон барча атроф манзараларининг устида қад кўтариб туради. Учҳисор тепалигидан Мовий водий ва "Гёреме" ажойиб манзара бўлиб кўринади.

3. Каппадокияга келган меҳмон қоядаги меҳмонхонада яшаши шарт! 

Каппадокияга саёҳатнинг ўзига хослигидан бири — қоядаги меҳмонхоналарда яшашдир. Маълумотларга кўра, энг машҳур меҳмонхоналар Учҳисор ва Гёреме шаҳарчаларида жойлашган. Меҳмонхоналар бир неча асрлик тарихий ноёбликни сақлаган ҳолда тепаликларнинг бағрида ва ғорларнинг ичида жойлашган. Бундай бетакрор муҳитли меҳмонхонани бошқа жойдан топиш мушкул. 

4. Туркиянинг энг мазали таомлари қаерда?

Ўзига хос, такрорланмас ошхонасига эга бўлган Туркиянинг энг мазали таомлари ҳам, шубҳасиз, Каппадокияда. Айнан шу жойда гўштли таомларнинг ўзгача усулда пиширилганининг гувоҳи бўласиз. Бундай мазали таомларни сиз навбат билан баландлаб борувчи тепаликларнинг ажойиб манзарасини томоша қилган ҳолда юқори кайфиятда тановул қиласиз.

5.  Ҳаво шари — Каппадокия саёҳатининг ажралмас қисми

Бугун дунё аҳолисини Каппадокияга оҳанрабодек тортувчи нарса – бу ҳаво шарлари! Яъни, айнан шу сабаб бу ерга ташриф буюрувчилар кўп бўлади. Ҳаво шарларида бемалол учиш учун энг қулай фурсат куз ва баҳор ойлари. Қиш ойларида эса об-ҳаводаги ўзгаришлар сабаб баъзан бунинг имкони бўлмай қолиши мумкин. Шунга кўра, ҳаво шарларида учиш ҳамиша бир кун аввал ташкиллаштирилади, бироқ, об-ҳаво ноқулайлиги юзага келса, учиш яна бошқа кунга қолдирилиши мумкин. 

Хуллас, бир сўз билан айтганда, Каппадокия ҳар бир инсон кўриши лозим бўлган дунёдаги саноқли масканлардан бири. Биз эса афсонавий Каппадокиянинг яна бошқа қирраларини кашф этишда давом этамиз.

Мавзуга доир:

У шунчаки шаҳар эмас... Ёхуд дунёни ўзига ром этган Истанбулнинг сири нимада? (фоторепортаж)

Истанбулни кашф этиш қаердан бошланади? (фотосаёҳат)

Фарида Эгамбердиева, Туркия-Каппадокия

 

Шарҳлар

Туркия нашри кўҳна ва замонавий Ўзбекистон ҳақида мақола чоп этди

04.10.2021, 21:55

Туркияда нашр этиладиган «Yazar» газетаси саҳифасида “Ҳар бир инсон кўриши керак бўлган мамлакат: Беруний, Нақшбандий, Бухорий ва Термизийнинг диёри – ЎЗБЕКИСТОН” сарлавҳали мақола босилиб чиқди....
Истанбул Европадаги энг яхши шаҳар деб тан олинди

13.09.2021, 10:20

Нью Йоркдаги саёҳат журнали "Travel + Leisure"нинг бу йилги "Дунёнинг энг яхшилари мукофоти" танловида  минглаб одамлар Истанбулни энг яхши шаҳар сифатида танлади. Бу Туркиянинг Маданият...
Шавкат Мирзиёев Туркия шимолида кечаётган вазият учун Таййип Эрдоғанга ҳамдардлик билдирди

16.08.2021, 16:18

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркиянинг шимолий вилоятларида юз берган сув тошқинлари оқибатида кўплаб инсонлар қурбон бўлгани, бинолар ва инфратузилма объектларига катта зиён етгани муносабати билан...
Туркия президенти мамлакатдаги ўрмон ёнғинларида гумонланиб бир киши қўлга олинганини эълон қилди

01.08.2021, 17:17

Туркия ҳукумати мамлакат жанубида содир бўлган ёнғинларда айбланувчи бир кишини ҳибсга олди. Бу ҳақда Президент Ражаб Тоййиб Эрдўған Мармарисдаги матбуот анжуманида айтиб ўтди, деб хабар...
Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
Валюта курси