my5
Sevimli

Нотариус томонидан таъминланган далилларни суд қабул қилиши мумкинми?

САВОЛ-ЖАВОБ 06.05.2021, 18:47
Нотариус томонидан таъминланган далилларни суд қабул қилиши мумкинми?

"Даракчи" таҳририятига қуйидагича мурожаат келиб тушди:

Нотариусларни далилларни таъминлашга ваколатлари борми ва нотариус томонидан таъминланган далилларни суд қабул қилиши мумкинми?

Мурожаатига жавоб олиш мақсадида Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро суди судьяси Нозима Захидова билан боғландик...

— Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Йўриқномага 2020 йил 2 майда киритилган ўзгартиришларга кўра, нотариусларга далилларни таъминлашга оид ваколатлар берилган. Фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда манфаатдор шахсларнинг илтимосига биноан нотариус судда ёки маъмурий органда иш юзага келган тақдирда, агар тақдим этиш кейинчалик мумкин бўлмай қолади ёки қийин бўлади деб тахмин қилиш учун асослар мавжуд бўлса, далилларни таъминлайди. Нотариус далилларни нусха олиш, ёзиб олиш, тўплаш ва ўзида сақлаш орқали таъминлайди. Нотариус томонидан далилларни таъминлаш суддан олдин ҳам, суд жараёни мобайнида ҳам амалга оширилиши мумкин. Бунда ариза берувчи нотариусга далилларни таъминлаши учун бу ҳақида ариза билан мурожаат қилади. Ариза умумий тартибда, далилларни таъминлаш сабаблари кўрсатилган ҳолда ёзилади. Мазкур ариза нотариусга далиллардан нусха олиш, уларни ёзиб олиш, тўплаш ва сақлаш учун асос бўлади. Нотариус далилларни таъминлаш ҳақида аризани қабул қилганидан сўнг, мазкур масалага алоқадор барча тарафларни далилларни таъминлаш жойи ва вақти тўғрисида хабардор қилиши шарт.далилларни таъминлаш нотариус томонидан баённома тузиш орқали расмийлаштирилади. Баённомада қайси ҳолат бўйича далил таъминланаётганлиги, исботлаш предмети ва унинг мазмуни, аризачининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари кўрсатилиши лозим. Далилларни таъминлаш учун нотариус гувоҳларнинг кўрсатувларини ёзиб олади, ёзма ва ашёвий далилларни кўздан кечиради ва гувоҳлантиради, экспертиза тайинлайди, интернетдаги фактларни тасдиқлайди. Далилларни таъминлаш мақсадида амалга ошириладиган ҳар бир ҳаракат баённомада акс эттирилиши ва уларда камида иккита холис иштирок этиши лозим.

Жумладан, гувоҳларни сўров қилиш ва уларнинг кўрсатувларини ёзиб олиш, агар бу гувоҳлар келгусида ўтказиладиган суд жараёнида қатнаша олмаса, улар саломатлигининг аҳволи оғир бўлса ва ўз ихтиёрига кўра нотариус томонидан сўроқ қилинишига рози бўлса амалга оширилади. Гувоҳларнинг кўрсатувлари уларни сўроқ қилиш баённомасида қайд этилади. Ушбу баённома гувоҳ, гувоҳни сўроқ қилишда иштирок этган шахслар ва нотариус томонидан имзоланиши шарт. 

Нотариуслар томонидан таъминланган далиллар судда қабул қилинади ва далиллар мажмуида баҳоланади.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
Валюта курси